Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ансор ва муҳожирларни биродарлаштиришлари (даовми...)
Имомларимиз Абу Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон билан Абу Дардони биродар қилиб қўйдилар. Бас, Салмон Абу Дардони зиёрат қилди ва Умму Дардони бир аҳволда кўрди ва:
«Сенга нима бўлди?» деди.
«Биродаринг Абу Дардонинг дунёга ҳожати йўқ», деди.
Абу Дардо келиб, унинг олдига таом қўйди ва егин, мен рўзаман, деди.
«Сен емагунингча мен ҳам емайман!» деди.
Шунда у ҳам еди. Кечаси бўлганда Абу Дардо туриб, намоз ўқий бошлади. Бас, Салмон, ухла, деди. У ухлади. Сўнгра яна туриб, намоз ўқий бошлади. У, ухла, деди. Ухлади. Кеча охирлаб қолганда Салмон, энди тур, деди. Икковлари намоз ўқидилар. Кейин Салмон унга:
«Албатта, Роббингнинг сенда ҳаққи бордир, нафсингнинг сенда ҳаққи бордир ва аҳлингнинг сенда ҳаққи бордир. Ҳар бир ҳақдорнинг ҳаққини бергин!» деди.
У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳалиги гапни зикр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон тўғри айтибди, дедилар».
Саҳобаи киромларнинг биродарликлари ана шундоқ биродарлик бўлган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ билан Абу Толҳани биродар қилдилар».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш билан ансорийларни ўзларининг Мадинадаги ҳовлиларида иттифоқдош қилдилар».
Жубай ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Исломда тарафкашлик йўқ. Жоҳилиятда қандоқ тарафкашлик бўлса, Ислом унинг шиддатини зиёда қилди», дедилар».
Ушбу учовини Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг бош маъноси ўзининг яқинига нотўғри нарсаларда ҳам тарафкашлик қилмаслик ҳақидадир. Чунки жоҳилият пайтида тарафкашлик юзасидан зулм қилган золимга ҳам ёрдам берилаверар эди.
Ислом эса, ҳаммани фақат яхшиликда тарафкашлик қилишга чақирди. Ким бўлишидан қатъи назар ёмонлик қилганга қарши туришни таълим берди. Ислом таълимоти бўйича золимга ёрдам бериш уни зулмдан қайтариш билан бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳожир ва ансорларни биродар қилиб қўйишлари Ислом жамиятини қуришда ва уни бутун дунёга эзгулик нурини тарқатишида муҳим омиллардан бўлди.
Абдураҳимов Баҳромжон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси