Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари (1-қисм)
1. Туғилишлари ва насаблари.
Имом Абу Ҳанифа аксарият тарихчиларнинг фикрларига кўра, ҳижратнинг саксонинчи йили Кўфа шаҳрида таваллуд топдилар. Оталари Собит ибн Завтий ал-Фарисий бўлиб, у киши ҳақларида ишончли кишилар машҳур, деб айтишган. Боболари Кобил аҳлидан бўлиб, мусулмон араблар бу шаҳарларни фатҳ қилишганида асир тушган. Бани Тайм ибн Саълаба қавмидан бир киши уни қул қилиб олиб, кейин озод этган. Унинг бу қабила билан дўстлиги бор эди, у бу дўстлик билан Таймий қабиласига мансуб бўлган эди. Бу ривоятни Абу Ҳанифанинг неваралари Умар ибн Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа айтганлар. Лекин Умарнинг акалари Исмоил: «Абу Ҳанифа - у Нўъмон ибн Собит ибн Нўъмон ибн Мирзабон Аллоҳга қасамки, бизнинг наслимизда ҳеч ҳам қуллик бўлмаган», деб айтди.
Абу Ҳанифанинг боболари қулми ёки қул эмасми - бунинг аҳамияти йўқ. Асосийси - у зотнинг оталари ҳур (озод) бўлган ҳолларида Абу Ҳанифа туғилганлар. Абу Ҳанифанинг қадрлари, илмлари ва шарафларига боболари ёки оталарининг ё насабларида бирор кишининг қул бўлгани зарар қилмайди. У зотнинг иқтидорлари, ақллари ва тақволари обрўларини намоён (зиёда) қилаверади. Мана шу нарса шарафли эканларига далолат қилади.
Аллоҳ таоло: «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорингиздир»[1], деб айтган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу ҳақларида: «Салмон бизнинг аҳли байтимиз, яъни оила аъзомиздир», деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръонда Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари ҳақида у зотга шундай дейди: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у(нинг қилган амали куфр йўлини тутган) ёмон амалдир»[2].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол Ҳабаший розийаллоҳу анҳуни ўзларига яқин тутганлар, амакилари Абу Лаҳабни эса ўзларидан йироқ қилганлар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ насабларининг Форсга бориб тақалиши у зотнинг қадр-қийматларини пасайтирмайди ва бу нисбат у кишининг камолотга эришишларига монеъ бўлмаган. У зот қул бўлмай, асли ҳур кишилардан эдилар.
Абу Ҳанифа яшаган асрда илмнинг аксарияти қуллар қўлида бўлган. У зот ва аждодлари улуғ насабга йўқотишгани (эга бўлмагани) билан ҳам Аллоҳ таоло уларга илм билан фахрланишни ато қилди ва бу покроқ ва улуғроқ, замонларда узоқ қоладиган ва хотираларда сақланадиганроқдур.
Абу Ҳанифанинг мавлолардан бўлишининг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Улар Ислом давлатларида марказий илмни эгаллашган. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм тезда форс авлодларида бўлиши ҳақидаги хабарларини рост айтганлар. Бу ҳадисни Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар илм сурайё (юлдузи)да муаллақ туриб қолса (ҳам), уни форс ўғлонлари олишади», деб айтдилар.
[1] Қуръони Карим маъноларининг таржимаси. Абдулазиз Мансур. Тошкент, 2001.Ҳужурот сураси, 13-оят
[2] Қуръони Карим маъноларининг таржимаси. Абдулазиз Мансур. Тошкент, 2001. Ҳуд сураси, 46-оят
Абдуллаев Азимхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юти ўқитувчиси