Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари (2-қисм)
2. Абу Ҳанифанинг улғайишлари.
У зот Кўфа шаҳрида улғайиб вояга етдилар. Унда аксар ҳаётларини таълим олиш, музокара, мунозара ва илм ўргатиш билан ўтказдилар. У киши давлатманд одам бўлиб, тижоратчи эдилар. Оталари Собит у кишини болалик чоғларида Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу билан учраштирганлар. Боболари у кишига мева шарбати қўшиб тайёрланадиган қиём совға қилиб келтирган.
Оилалари бой-бадавлат, фаровон яшашган. Бойликлари шу даражада бўлганидан халифага ҳадя келтиришга имкониятлари бўлган. Ривоят қилинишича, Али розийаллоҳу анҳу Собит ва зурриётларига барака берилишини сўраб дуо қилганлар. Бу нарса Абу Ҳанифанинг оталари мусулмон бўлганига далолат қилади. Демак, Абу Ҳанифа соф исломий хонадонда вояга етганлар. Бу нарсага ғаразгўйлардан бошқа барча муқаррар деб билинади.
У киши Қуръони каримни ёдлашни илк болалик вақтларидан бошлаган эдилар. Еттита машҳур қорилардан бири Имом Осимдан қироатни ўргандилар. Кўфа шаҳри ўша вақтларда буюк Ироқнинг шаҳарларидан бири эди. Балки ўша вақтда икки буюк шаҳарнинг бири эди.
Ироқда ҳар хил миллатли, турли эътиқодли ва турфа фикрли кишилар бор эди. Абу Ҳанифа ёш, навқирон пайтлариданоқ баъзи фикрли кишилар билан тортишиб, улар билан беллашардилар. Бундай бўлишларидан туғма талантлари хабар бериб турар эди. Лекин у зот тижорат билан ҳам шуғулланиб, бозорларда кўп аралашиб, уламолар билан озроқ қўшилиб юрган чоғларида олимларнинг баъзилари Абу Ҳанифадаги заковат ва илмий ақлларига эътибор қаратиб, қадрлашди ва барча вақтларини тижорат учун ишлатишларини хоҳламай, у кишига бозорларда юрганлари каби уламолар орасида ҳам аралашиб юришни тавсия қилишди. Ибн Ҳажар ал-Маккий айтишларича, Абу Ҳанифа дедилар: «Мен бир куни Шаъбийнинг олдиларидан ўтаётсам, у киши: «Қаерга кетяпсан?» дедилар. Мен: «Бозорга», дедим. У киши: «Нима учун бозорга тез-тез бориб турасан-у, уламоларнинг олдига шундай тез бормайсан?» дедилар. Мен у кишига: «Тўғри, уларнинг олдига кам бораман», дедим. У киши: «Ундай қилмагин, илм ўрганиш ва уламоларнинг мажлисларида қатнашиш сенга лозимдир. Чунки мен сенда ғайрат ва ҳаракатни кўряпман», дедилар. У кишининг гаплари менинг қалбимда қолди. Ва бозорга тез-тез боришни тўхтатиб, илм олишни ўзимга лозим тутдим. Аллоҳ у кишининг гаплари билан менга фойда берди».
Абу Ҳанифа илмлардан қай бирини танлашни ўйлаб, фиқҳга мувофиқ келдилар ва тамоман ўша фанга киришдилар. Усулул ақоиднинг жадал бўлимидан кўп наф олдилар, ҳатто илми каломда бармоқлар билан ишора қилиб кўрсатиладиган даражага етдилар. Кейин фикҳ илмига мойил бўлдилар. У киши ўз даврларининг улуғ машойихларининг фатволарини ўрганишга киришдилар. Кўфа у даврда Ироқ фуқаҳоларининг ватани бўлган. Бу ҳақда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли билан бирга ўтирдим, фуқаҳоларидан бир фақиҳни ўзимга лозим тутдим», деб айтдилар. Ўша киши Ҳаммод ибн Абу Сулаймон эдилар. Абу Ҳанифа бу зотдан фиқҳни ўрганиб, то вафот этгунларига қадар бирга юрганлар. У зотнинг устозлари хизматида ўн саккиз йил бўлганлари айтилган.
Имом Зуфар Абу Ҳанифанинг шайхлари Ҳаммод билан бирга бўлганлари ҳақида қуйидагича ривоят қиладилар: «Абу Ҳанифа: «Мен Ҳаммод билан ўн йил бирга турдим. Кейин нафсим мустақил бўлиш талабида мени у кишидан узоқлаштирди. У кишидан ажраб, ўзим бир халқада ўтиришни хоҳладим. Бир куни кеч оқшомда ташқарига чиқдим ва ўйлаган нарсамни қилишга азму-қарор қилгандим. Масжидга кирганимда Ҳаммодни кўриб нафсим у зотдан ажралишимни яхши кўрмай қолди. Мен бориб у киши билан бирга ўтирдим. Бу кеча у кишининг Басрадаги бир қариндошлари вафот этгани ва у кишидан бошқа меросхўри йўқлиги ҳамда у зотга мол-дунё қолдириб кетгани ҳақида хабар келди. Ҳаммод ўзларининг ўринларига менинг ўтиришимни буюрдилар. Мен ижобат қилдим. Кейин Ҳаммод қайтиб келдилар. Мен у зотга олтмишта масалани кўрсатган эдим, қирқтасида мен чиқарган ҳукмга мувофиқ бўлиб, йигирматасида мухолиф бўлдилар. Мен ўз-ўзимга у зотдан вафот этгунларига қадар айрилмайман, деб қасамёд қилдим ва устозим боқий дунёга кетгунларича ҳечам ажрамадим», деб айтдилар»[3].
Абу Ҳанифа қирқ ёшга кирганларида Ҳаммод вафот этдилар. У зотдан кейин халқаларини (яъни, дарс ўргатишни) Абу Ҳанифа бошқардилар.
Абу Ҳанифа устозлари Ҳаммоддан фиқҳни ўрганаётган вақтларида бу билан чекланиб қолмадилар, балки кўп марта Байтуллоҳга ҳажга бориб, Макка ва Мадинада уламолар билан учрашдилар. Улардан кўпи тобеъин эди. Ўша уламолар билан илмий учрашувлар ўтказиб, ҳадислар ривоят қилиб, фиқҳни ўргандилар. У киши билан бирга дарс ўқиганлардан Зайд ибн Али ибн Ҳусайн, Жаъфар ас-Содиқ, Абдуллоҳ ибн Ҳасан, Абу Муҳаммад ан-Нафсуз Закийяларни тилга олиш мумкин. У киши тобеъинлар қаерда бўлсалар ҳам, топиб борардилар. Абу Ҳанифа: «Мен Умар фиқҳини, Али фиқҳини, Абдуллоҳ ибн Масъуд фиқҳини ва Ибн Аббос фиқҳини уларнинг асҳобларидан ўргандим», деганлар.
Ҳаммод вафотидан кейин дарс қилиш камайиб кетганида ўқувчиларига келган фатволардан, уларга етиб келган ҳукмлардан дарс бера бошладилар. Бир нарсани ўзининг ўхшашига ёки бир нарсани унинг ўхшашига кучли, тўғри ақл ва балоғатли мантиқ билан қиёс қилардилар. Ҳатто шу алфозда бир фиқҳий мазҳабга асос солдилар. Шу билан бир қаторда у киши тижоратни ҳам ташламадилар. У кишининг ишончли, бозорларда айланишларига эҳтиёж қолдирмайдиган тижоратдаги шериклари бўлган. Мана шу илм билан тижоратни жамлаган уламоларнинг ишидир.
[3] Имоми Аъзам асарлар. Абдурашид Қори Баҳромов. Мовароуннаҳр. Тошкент, 2003.
Абдуллаев Азимхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юти ўқитувчиси