Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари (3-қисм)
3. Абу Ҳанифа - тижоратчи.
Абу Ҳанифа тижоратчи одамни тўрт ҳолат билан сифатлаб, тўғри (ҳалол) тижоратчини худди уламолар орасида баланд даражадаги одамга мисол қилдилар.
Биринчиси - унинг нафси тўқ бўлмоғи, нафсларни фақир, оч қилиб қўядиган таъмани қилмаслиги керак.
Иккинчиси - ўта омонатли бўлиши керак.
Учинчиси - сахий бўлмоқлиги, Аллоҳ унинг нафсини бахилликдан сақлаган бўлиши керак.
Тўртинчиси - ўта диёнатли, қаттиқ тақводор, кундузлари рўзадор, кечалари (намозда) қоим бўлмоғи керак.
Кўпчилик у кишининг тижоратларини Абу Бакр Сиддиққа ўхшатишарди. Уларнинг (бирор нарсани) сотиб олишлари (бирор нарсани) сотишлари каби эди. Улар доимо омонатга риоя қилардилар.
Бир аёл ипак кийимини Абу Ҳанифага сотгани олиб келди. У киши: «Неча пул?» деб сўрадилар. Аёл: «Юз», деди. У киши: «Бу кўйлак бундан қимматроқ туради, қанча дейсиз?!» дедилар. У аёл юз-юз, деб нархини тўрт юзга етказди. У киши: «У бундан қимматроқ туради», дедилар. Аёл: «Мени масхаралаяпсизми?» деди. Абу Ҳанифа: «Бир кишини олиб келинг, у нархини қўйиб берсин», дедилар. Аёл бир киши билан келди. Абу Ҳанифа уни беш юзга сотиб олдилар. У киши ўз нафсларини ўйлашдан олдин сотувчи ҳақида қайғурардилар. У киши сотувчи ғафлатда қолган фурсатдан фойдаланиш ҳақида ўйламасдилар. Аксинча, сотувчини тўғри йўлга солардилар (яъни, бозордаги нарх-наво ва бошқаларни айтиб тушунтирардилар)[4].
Абу Ҳанифа нарса сотганларида харидор фақир ёки дўстлари бўлса, фойдасидан кечиб (арзонга, ўзининг нархига) сотардилар, баъзан эса фойдасининг ҳисобига текинга берардилар.
Абу Ҳанифа олдиларига бир аёл келиб: «Мен бечораҳол, заифаман. Бу кийимни менга ўз нархига сотинг», деди. Абу Ҳанифа: «Уни тўрт дирҳамга ола қолинг», дедилар. Аёл: «Мендай кампирни масхараламанг», деди. Абу Ҳанифа: «Мен иккита кийим сотиб олдим, улардан бирини сотиб олган пулимдан тўрт дирҳам камига сотдим. Бу иккинчи кийим эса менга тўрт дирҳамга қолди (яъни, шуни сизга тўрт дирҳамга сотсам, қилган харажатим ўз ўрнига келади)», дедилар.
У кишининг олдиларига бир дўстлари келиб, ипак сифатли ва фалон рангли кийимни сўради. Абу Ҳанифа: «Сен сабр қилиб тур, мен у кийим келса, иншааллоҳ, олиб қўяман», дедилар. Бир жума ўтмасдан шу хилдаги кийим келди. У кишининг ёнларидан ўша дўстлари ўтиб кетаётганида унга: «Ҳожатингдаги (сен айтган кийим)ни олиб қўйдим», деб ҳалиги кийимни чиқариб бердилар. Дўстлари: «Ундай бўлса, бу қанча бўлди?» деди. У киши: «Бир дирҳам», дедилар. Дўстлари: «Сен менинг устимдан куляпсан, деб гумон қиляпман», деди. Абу Ҳанифа: «Кулаётганим йўқ, мен иккита кийимни йигирма динор-у бир дирҳамга сотиб олдим. Ва улардан бирини йигирма динорга сотдим. Бу эса менга бир дирҳамга қолди», дедилар[5].
Дарҳақиқат, у киши ҳар бир шубҳа аралашиб қолган нарсада қаттиқ безовта бўлардилар. Агар уни ҳаром деб ўйласалар, фақир-муҳтожларга садақа қилиб юборардилар. Ривоят қилишларича, у киши шерикларига мол жўнатиб, моллардан бирининг айби борлигини, сотаётган вақтда бу айбини айтиб сотишни тайинладилар. Шериклари у молнинг айбини айтишни унутиб сотиб юборди ва ким сотиб олганини ҳам билолмай қолди. Абу Ҳанифа буни билганларидан кейин бу молларнинг ҳамма пулини садақа қилдилар. Шунақа ҳолатлар бўлишига қарамасдан тижоратлари кўп фойда билан чиқар эди. Уларни ўзларига, шайхларининг, муҳаддисларнинг ҳожатларига ишлатардилар, қолган фойдаларни уларга берардилар ва: «Буларни ўз ҳожатларингизга ишлатинглар, фақат Аллоҳнигина мақтаб ҳамду сано айтинглар. Мен сизларга ўз молимдан эмас, балки Аллоҳнинг фазлу-марҳаматидан бераман», дердилар. Кийган кийимларига кўп эътибор бериб, яхши кийинардилар, у кишини танийдиган одам кийимларига ва бошқа зоҳир бўлган жойларига эътибор беришларини сезардилар.
Абу Ҳанифа умавийлар халифалиги даврида эллик икки йил яшадилар. Аббосийлар халифалиги даврида эса ўн саккиз йил яшадилар. Бир юз ўттизинчи ҳижрий йилда Маккага қочиб бордилар ва унда аббосийлар давлат тепасига келгунича турдилар. Кўфа шаҳрига Абу Жаъфар ал-Мансур подшоҳлиги даврида қайтиб келдилар.
[4] Имоми Аъзам асарлар. Абдурашид Қори Баҳромов. Мовароуннаҳр. Тошкент, 2003
[5] Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. Абдулҳаким Жўзжоний. Тошкент ислом университети, 2000.
Абдуллаев Азимхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юти ўқитувчиси