Яратилиш санаси 19.01.2024

Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари (4-қисм)

4. Қози бўлишга даъват этилганлари.

Абу Жаъфар ал-Мансур Абу Ҳанифани бош қозилик лавозимига чақирди, аммо у зот кўнмадилар. У Абу Ҳанифадан қозиларга мушкул бўлган ҳукмларни ечиб беришни талаб қилди, у киши рад этдилар. Абу Жаъфар ал-Мансур у кишини уриш ва ҳибс қилиш билан ёки фақат ҳибс қилиш билан азоблади. Муваффақ Маккийнинг «Маноқиб»ларида келишича, Абу Ҳанифа Боғдодга юборилганларида (ташқарига) юзлари ярақлаган ҳолда чиқиб: «Албатта у мени қозиликка чақирибди, мен бу ишга салоҳиятли эмаслигимни унга айтдим ва биламанки, даъво қилувчиларга далил, инкор қилган кишига қасам лозим», дедилар.

Уша пайтда Абу Ҳанифа: «Қозиликка сенга (айбларингни билдириб), болаларингга ва раҳбарлар(лиг)ингга тўғри ҳукм чиқара оладиган кишигина ярайди (салоҳиятли). Менда эса бундай нарса йўқ. Албатта сен мени ўзингдан йироқлаштирадиган нарсага чақирдинг», дедилар. Абу Жаъфар: «Нима учун мен юборган нарсани олмадинг?» деди. Абу Ҳанифа: «Амирал мўмининнинг ўзидан нарса келдимиканки, мен уни рад қилсам! Агар у ўзининг молидан юборганида қабул қилардим. Албатта амирал мўминин менга фақатгина мусулмонларнинг байтул молидаги нарсадан юборди. Уларнинг байтул молида менинг ҳаққим йўқ. Мен уларнинг ортларида жанг қилувчи эмасманки, жангчи олган нарсани олсам, мен уларнинг болаларидан ҳам эмасманки, болалари олган нарсани олсам, мен уларнинг камбағалларидан ҳам эмасманки, фақирлар оладиган нарсани олсам», дедилар. У: «Шу ерда тургин, қозилар сенга муҳтож бўлган вақтларида олдингга келиб туришади», деди.

Абу Ҳанифа қозиликни рад қилдилар, чунки уни хатарли иш деб билганлар. Балки буни ўз устиларига юклашда куч топа олмай қолишларидан шундай қилгандирлар. Муфтийликни ҳам рад қилганлар, чунки қозиларнинг ҳукм қилган масалаларига мухолиф бўлиб қолинади. У зот ҳукм (қилишлик)нинг барча кўринишини рад қилардилар. Абу Ҳанифанинг рад қилишлари шунчаки бўлмас эди. У киши қозиликни, муфтийликни, атоларни (халифа юборган молни) натижасини ўйламай рад қилдилар. Абу Ҳанифани Мансур ҳибс қилдирди ва уришга буюрди. У кишини бир юз ўн қамчи уришди. У кишига: «Қозиликни қабул қил», деб айтишарди. Абу Ҳанифа: «Мен бу ишга салоҳиятли эмасман», деб айтардилар. У кишига кетма-кет зарба урилавергач, пичирлаб дедилар: «Эй Аллоҳим, Ўз қудратинг билан мендан уларнинг ёмонлигини йироқ қил». Мансурга у киши ҳақида гапиришганида у Абу Ҳанифани зиндондан чиқариб юборди. Ва фатво беришни, одамлар билан бирга ўтиришни, уйларидан чиқишни ман қилди. У киши ҳижрий бир юз эллигинчи йилда вафот этдилар. Вафот этгунларича шу ҳолда бўлдилар. Абу Ҳанифа ўзларини покиза, тоза, тортиб олинмаган ерга кўмишларини ва амир тортиб олган, деб сифатланган ерга дафн қилмасликларини васият қилдилар. Абу Жаъфар буни билгач, «Ким менинг (номимдан) Абу Ҳанифадан тирик ёки ўлик ҳолида узр сўраб беради?!» деб айтгани ривоят қилинган[6].        

Боғдод аҳолисининг ҳаммаси Ироқнинг фақиҳи Имоми Аъзам жанозаларига йиғилишди. Жанозаларида эллик минг одам қатнашди. У киши Боғдодга дафн этилдилар.

[6] Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. Абдулҳаким Жўзжоний. Тошкент ислом университети, 2000.

Абдуллаев Азимхон 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юти ўқитувчиси