Абуҳафс Кабийр ал-Бухорий
Абуҳафс Кабийр Аҳмад ибн Ҳафс ал-Бухорий Бағдодга бориб, у ерда имом Муҳаммад билан учрашади ва ундан дарс ола бошлайди. Ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўзлаштириб, бошқа диний илмларда камол даражасига етгандан кейин она шахри Бухорога қайтиб келади. Бу ерда у бир неча масжид ва мадрасалар қуриб, толиби илмларга дарс ўтиб, одамларда пайдо бўлган турли саволлар ва масалаларнинг жавобларини айтиб беради.
Абуҳафс, ҳанафий мазҳаби таълимотларини биринчи бўлиб Мовароуннаҳрга олиб келди. Унинг қўлида кўпгина фақиҳлар ва олимлар етишиб чиқди. Ҳатто тарихчиларнинг таъкидлашларича, Бухорода илмнинг тарқалишига, имом ва уламоларнинг ҳурмат топишига сабабчи бўлган киши Абуҳафс Кабийр бўлган. Самъонийнинг айтишича, Абуҳафс кўпгина фақиҳларни тарбиялаб камолга етиштирган. Улар Харожир деган қишлоқда бўлишган экан.
Абуҳафс Кабийр ҳанафий мазҳаби фиқҳининг Мовароуннаҳрда тарқалишида жонбозлик кўрсатган бўлса, унинг оиласи, хусусан, ўғли Абдуллонинг бу борада хизмати буюк бўлган. Шунинг учун ҳам уни Абуҳафс Сағийр, яъни кичик Абуҳафс деб аташган.
Абуҳафс Кабийрнинг шуҳрати бутун Бухорога, қолаверса, бутун ислом оламига тарқалади. Ҳатто, араб диёри олимлари бирор масаланинг жавобини топишда қийналиб қолишса, Бухорога Абуҳафс Кабийрнинг олдига бир кишини юбориб, ўша масаланинг ечимини билиб олишар экан.
Наршахийнинг айтишича, ҳожилар карвони келаётганида, карвондан бир киши Абуҳафснинг ёнига келиб, ундан масала сўраган экан. Абуҳафс ҳайратланиб: "Ўзинг-ку Ироқдан келяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?" — деб сўраса, у киши эса: "Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, лекин улар жавоб бера олмадилар ва менга Бухорога бориб, бу масалани Абуҳафсдан ёки унинг фарзандидан сўрагин, улар сенга бу масаланинг жавобини айтишади дейишди", — деб жавоб беради.
Олимлар унинг илму фазлини баҳолаб, уни "муаллими ислом", яъни ислом динининг муаллими, унинг шарофати билан Бухорони "Қуббатул ислом", яъни ислом дини гумбази ва у киши яшайдиган маҳалла дарвозасини "Ҳақроҳ", яъни ҳақ йўл деб аташган экан.
Абуҳафс Кабийр 150/768 йили туғилиб, 216/832 йил вафот этган.
Абдуллаев Азимхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юти ўқитувчиси