Яратилиш санаси 06.07.2024

НАМОЗДА ҚЎЛ БОҒЛАШ КЎРИНИШИ

Масжидларда  айрим намозҳонларни  намозда  тик турганда қўларини  ҳар ҳил ҳолатда турганларини кўрамиз. Базилар кўкрагида ушлаб туради, бошқалар пастроқда тутади. Айримлар эса билакларини тутиб туради. Қиёмда қўл тутишнинг одоби тўғрисида эслаб ўтсак:

Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда турган киши қўлларини бир-бирига боғлаб, киндик остига қўяди.

Бу ҳақда фиқҳий китобларимиздан “Мухтасар ул-Виқоя” китобида шундай дейилган:

يضع يمينه على شماله تحت سرّته

яъни: “(Намоз ўқувчи) ўнг қўлини чап қўлининг устига қилиб, киндик остига қўяди”.

Намозда қўлни киндик остида тутишнинг баъзи афзалликлари ҳақида “Музмарот” китобидан бундай дейилган:

لانه اقرب الى التواضع وابلغ الى الخشوع والى ستر العورة واحفظ للازار عن السقوط

“Қўлни киндик остида тутиш – камтарликка яқинроқдир, хушуъ ва аврат аъзоларини ёпилишига олиб борувчироқдир, изорни тушиб кетишдан сақлагувчироқдир”.

Намозда қўлни киндик остига қўйиш ҳақида бир қанча ривоятлар мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.

عن وائل بن حجر رضى الله عنه قال "رأيت النبى صلى الله عليه وسلم  وضع يمينه على شماله فى الصلاة تحت السرة" اخرجه الإمام ابن ابى شيبة.  رجاله ثقات.

Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудандан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Мен Расулуллоҳни саллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим”, (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).

عن ابى وائل رضى الله عنه قال: قال ابو هريرة رضى الله عنه: "اخذ الاكف على الاكف فى الصلاة تحت السرة" (رواه الإمام ابو داود(

Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади” (Имом Абу Довуд ривояти).

  Аллома Зафар Аҳмад Усмоний мана шу ривоятни келтириб, шундай деганлар: “Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганларида, у зотдан “Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламданми?” деб сўрашган. Шунда Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдандир”,- деб жавоб берганлар. Демак, бундан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси марфуъ (Расулуллоҳдан келган) эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига қўйиш суннат эканлиги собит бўлган”.

عن ابى جحيفة ان عليا رضى الله عنه قال: "السنة وضع الكف على الكف فى الصلاة تحت السرة".

(رواه الإمام ابو داود(

Абу Жуҳайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Али разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига тушириш - суннатдир” (Имом Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадис Имом Аҳмаднинг "Муснад"ида ҳам келтирилган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг "Тажриду завоиди муснад ал-Баззор" асарида: “Агар ҳадис "Муснади Аҳмад"да келса, бошқа Муснадларга ҳожат йўқ”, деган. Шундай қилиб, ушбу ҳадис ҳасан даражасидан тушмайди. (“Эълоус сунан” китоби).

Демак, намозда қўлни қаерда тутиш ҳолати ҳақидаги ҳадисларни мувофиқлаштириш керак бўлади. Уни эса фақат ижтиҳод қилишга қодир уламоларимиз аниқлаб берадилар. Ҳанафий мазҳабимиз мужтаҳидлари юқоридаги ҳадисларга асосланиб, эркаклар қўлларини киндик остида тутадилар дейишган. Қолаверса ушбу ҳолат эркакларда таъзим ва хушуъга яқинроқдир.

Муҳаммадхон Абдураҳманов

Билим юрти мударриси