Яратилиш санаси 10.07.2024

НАМОЗДА “РАФЪУЛ ЯДАЙН”...

Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда қўллар фақатгина уч ўринда, яъни намозга киришиш такбирида, Қунут дуосини ўқиш олдидан ва Ийд намозларида кўтарилади. “Баҳрур-роиқ” китобида бу ҳақда шундай дейилади:

فَلَا يَرْفَعُ يَدَيْهِ عِنْدَ الرُّكُوعِ وَلَا عِنْدَ الرَّفْعِ مِنْهُ وَلَا تَكْبِيرَاتِ الْجَنَائِز

яъни: “(Намоз ўқигувчи) Руку қилганида ва рукудан қайтганида, жаноза намозининг такбирларида қўлларини кўтармайди”.

Барро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

"رَأَيْت رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَرْفَعُ يَدَيْهِ حِينَ افْتَتَحَ الصَّلَاةَ ، ثُمَّ لَمْ يَرْفَعْهُمَا حَتَّى انْصَرَفَ"

(رواه الامام  أَبِو دَاوُد عَنْ الْبَرَاءِ رضي الله عنه)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришганларида қўлларини кўтарганларини ва то намоздан бўшагунларича бошқа кўтармаганларини кўрардим”, – дейилади (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бошқа бир ривоятда эса:

خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ مَا لِي أَرَاكُمْ رَافِعِي أَيْدِيكُمْ كَأَنَّهَا أَذْنَابُ خَيْلٍ شُمْسٍ اُسْكُنُوا فِي الصَّلَاةِ (رواه مُسْلِمٍ عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни олдимизга чиқдилар ва “Менга нима бўлдики, ҳудди асов от думини кўтарганидек намозларингизда қўлларингизни кўтарганингизни кўраяпман. Намозда жим туринглар”, дедилар”, дейилади (Имом Муслим ривоятлари).

Мазҳабимиз уламолари юқоридаги ва шу мавзудаги бошқа ҳадисларни чуқур ўрганиб, намозда уч ўриндан (яъни намозга киришиш, қунут дуосини ўқишдан аввал, ийд намозларида) бошқа ўринларда қўллар кўтарилмаслигига иттифоқ қилишган.

Абдураҳманов Муҳаммадхон

”Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси