Яратилиш санаси 18.09.2024

ПОК НАСАБ СОҲИБИ

Биз сийрат китоблари орқали Пайғабар алайҳиссаломнинг насабларини ўрганра эканмиз, у зотнинг нақадар пок ва тоза насаб соҳиб эканликларига гувоҳ бўламиз.

Агар сиз ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг насабларини синчиклаб ўрганиб, у зотнинг нақадар пок наслдан дунёга келганларини билишга киришсангиз, охир-оқибат улуғ ва олийжаноб сулолага мансуб эканларига ишонч ҳосил қиласиз. 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг насаблари тўғрисида бир қанча ҳадислар ҳам келган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: 

“Набий алайҳиссалом: “Менинг зоту насабимга жоҳилият бузуқликлари аралашмаган. Ота-боболаримнинг ҳаммалари айнан Исломдаги никоҳ қоидаларига мувофиқҳолда дунёга келишимга сабабчи бўлишган”, деганлар”. 

Хишом ибн Муҳаммад Калбий отасидан шундай ривоят қилади: 

“Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг оналарига қадар яна жуда кўп момоларининг ҳаётини ўрганиб чиқишга муваффақ бўлдим. Уларнинг орасида бирор зинокорни ҳам, жоҳилиятнинг ёмон одатлари билан машғул бўлган бирор кимсани ҳам учратмадим”. 

Али каррамаллоҳу важҳаҳудан келтирилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: “Мен никоҳдан дунёга келганман, зинодан эмас. Одам алайҳиссаломдан бошлаб, то ота-онамдан туғилгунимга қадар жоҳилият бузуқликлари менга етмаган”, деганлар. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Ота-онам ҳеч қачон зинога яқинлашмаганлар. Аллоҳ таоло мени пок сулбдан (яъни ота-боболаримнинг пушти камаридан) покиза рахмларига (яъни она-момоларимнинг вужудига) кўчирган. Улар икки шохобчага бўлинган, мен уларнинг энг яхшисидаман”.

 “Саҳиҳул Бухорий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл этилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: “Мен Одам алайҳиссалом зурриётларининг энг яхши наслидан пайғамбар қилиб юборилдим. Бу ҳолат то энг яқин ота-боболаримга қадар наслма-насл давом этиб келган”, деганлар. 

“Саҳиҳи Муслим”да Восила ибн Аскоъ розияллоҳу анҳу накл қилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло Исмоил зурриётидан Кинонани танлади. Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Бану Хошимни, Бану Хошимдан эса мени танлаб олди”, дедилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қискача таъриф берадиган бўлсак, у зот арабларнинг энг яхшиларидан танланган бўлиб, уларнинг ичида энг тоза наслу насаб эгаси, аслзодаликда энг шарафлисидир.

ШАВКАТЖОН МАДАМИНОВ

 “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим 
муассасаси ўқитувчиси