Яратилиш санаси 23.09.2024

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ (1-қисм)

Юртимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган аср инсоният тарихида Шарқ уйғониш даври деб аталган. Ўша асрдан бошлаб диёоримиздан бутун дунёга мударрис бўлган, бутун Ислом оламида еьтироф қилинган буюк алломалар йитишиб чиқа бошлаган. Хусусан, Ислом умматига Қурьони Каримни тафсир қилиш, ҳамда  саҳиҳ ҳадиси шарифларни йетқазиш ва шарҳлаш борасида буюук ватандошларимизнинг хизмати беьқиёс бўлган. Ана шундай зотлардан бири Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳдир.

Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок ас-Суламий ал-Буғий ат-Термизий. Кунялари Абу Исо, нисбатлари Термизий ва Буғийдир. Катта бобоси аз-Заҳҳок ўрнига Шаддод деган номни кўрсатганлар ҳам бор[1].

Узотни Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра ас-Сакандеб зикрқилганлар ҳамбўлган[2]. Термиз шаҳри Ўзбекистоннинг жанубида, Амударё бўйида жойлашганбўлиб, ушбу шаҳардан кўплаб алломалар етишиб чиққанлиги боис уни "Мадинат ар-рижол" (Мардлар шаҳри) дебаташган. Термиз исмини бир неча хил қилиб ўқиганлар бор: Турмуз, Тармиз, Тармаз, Тирмиз ва Термиз. Булардан охиргиси машҳур. Буғ эса Термиздан бир неча чақирим узоқликда жойлашган. Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ бу нисба билан унчалик машҳур бўлмаганлар, баъзилар буни эшитмаган ҳам. У ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига тўғри келади. 

"Ас-Суламий" нисбаси ҳақида эса учта фикр билдириш мумкин. Биринчиси бу нисба билан танилганлар Бани Сулайм қабиласига мансуб бўлганини билдиради. Абдулкарим ас-Самъоний роҳимаҳуллоҳнинг "ал-Ансоб" асарида айтилишига қараганда, у арабларнинг қадимги қабилаларидан бирининг номи бўлган. 

Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг ота-боболари ва ёшлик йиллари тўғрисида маълумотлар кам, фақат манбаларда ота-боболари асли Марвдан бўлиб, Термизга кўчиб ўтишган деб қайд қилинади. Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг ўзлари: "Менинг бобом марвлик бўлиб, Лайс ибн Сайёр даврида Термизга кўчиб ўтганлар", – деганлар[3].

Имом ат-Термизий раҳимаҳулллоҳ 209 ҳижрий санада таваллуд топганлар. Бу милодий 824 йилга тўғри келади. Баъзи ривоятларда 200/815 йил ҳам дейилган. Вафотлари еса 279 ҳижрий сана 13 ражабда бўлган. Бу милодий 892 йил 9 октябрга тўғри келади. 

Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ 220/835 йилгача, яъни 11 ёшларигача ўша даврдаги анъанавий илмий дастурлардаги китобларни ўқиб тугатганлар. Чунки унинг ҳадис фанидаги устози Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жаъфар ас-Симноний ал-Қумисий роҳимаҳуллоҳ ана шу йилда дунёдан ўтган эдилар. Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ хкал-Жомеъ ас-сунанада ушбу шайхидан бир неча ҳадисларни ривоят қилганлар. 

Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг ўз юртидан илм истаб сафарга чиққан вақти 240/854 йилларда бўлгани қайд қилинган[4].

Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг бошқа муҳаддислар сингари ҳадис ўрганган шайхлари ҳам жуда кўпдир. Буларнинг орасида Имом ал-Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг ҳам устозлари бор. Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Мухтор роҳимаҳуллоҳ Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг жами устозлари исмлари рўйхатини 221 (икки юз йигирма бир) нафарга етказганлар. Шулардан тўққиз нафар шайхдан "Сиҳоҳи ситта"нинг ҳаммасида ривоят қилинганини кўриш мумкин. Ўн тўққиз нафар шайхдан эса Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ билан бирга Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ҳам ривоят олганлар. Йигирма етти нафар шайхдан эса Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ билан бирга Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қабул қилганлар. Қирқ бир нафар шайхдан эса Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ билан бирга Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ривоят олганлар[5].

Умуман олганда, Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг Устозларидан тўрт нафари жуда машҳурдир. Улар Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ, Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ, Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ва Имом ад-Доримий роҳимаҳуллоҳдирлар. 

Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ машҳур муҳаддис Имом Муслим роҳимаҳуллоҳдан фақат биттагина ҳадис ривоят қилганлар[6].

Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳни ҳамма устозлари иззат-икром қилишар экан. Зеро, одоб, зеҳн бобида беназир эканлар. Ҳатто Имом ал-Бухорий роҳимаҳуллоҳ шогирдлари бўлмиш Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳга қарата: "Мендан фойдаланганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойдаландим", – деган эканлар. Одатда, шогирд зеҳнли ва иқтидорли бўлса, устоз уни ўқитишга кўпроқ меҳнат қилади. Яъни кўпроқ китоб кўриб, дарсга жиддий тайёрланади. Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ бир жиҳатдан Имом ал-Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг устоз-шайхлари сирасига ҳам кириб қолганлари у зотга фахр туйғусини берган. Чунки Имом ал-Бухорий роҳимаҳуллоҳ бир неча ҳадисни Имом Термизий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилганлар. Бу ҳол Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳга ҳам шогирд, ҳам устоз мақомида бўлганининг белгисидир. Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ иккита ҳадисни ривоят қилиб, Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳга айтиб берган эканлар.

Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг китобларида, барча муҳаддисларнинг ҳадис тўпламларида бўлгани каби, тафсир бўлими ҳам бор. "Ҳашр" сурасининг тафсирида бир ҳадис ривоят қилинган. Унда: "Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ уни мендан эшитди", – деганлар[7].

Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг ривоят қилган ҳадислари орасида "сулосийёт" деб аталган биттагина ҳадиси шариф бор. Иснодда фақатгина уч нафар ровийнинг номи қатнашган ҳадислар "Сулосийёт" деб аталади.

 Имом ал-Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг бу хилдаги "Сулосийёт"и анча шуҳрат қозонган бўлиб, уларнинг сони 22 та. Имом ад-Доримий роҳимаҳуллоҳнинг "Сулосийёт"ида эса ўн бешта ҳадис мавжуд. 

Уч нафар ровийдан иборат ҳадисларнинг санадларида жуда кам ровийлар қатнашганлиги, уларнинг ўта даражада ишончли зотлар бўлгани сабабли "Сулосийёт" ҳадислари энг тўғри, энгишончли, энг қабул қиларли бўлиб қолаверади. Бинобарин, уларни билиб-ўрганиш ва ҳадис матнидаги ҳукмларга амал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Машҳур олтита саҳиҳ ҳадислар тўплами – "ас-Сиҳоҳ ас-ситта"даги Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ, Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ва Имом ан-Насоий роҳимаҳуллоҳ кабиларнинг асарларида уч ровийлар силсиласидан ташкил топган бирорта ҳадиси шариф учрамайди. Шу маънода, "Сунан ат-Термизий"даги уч нафар ровий қатнашган биргина ҳадис ривоят қилинишининг ўзиёқ Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг ҳадис фанидаги шахсияти нақадар улуғ эканлигини англатади. 

[1] Абдулкарим ас-Самъоний. ал-Ансоб. 3-жилд.-Қоҳира,1980.-Б.45

[2] Шамсуддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 13-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1992. – Б.270.

[3] Aли ал-Қори. Жамъ ал-васоил. 1-жилд. – Миср: Шарқия, 1900. – Б.7.

[4] Акрам Зиё ал-Умарий. Турос ат-Термизий ал-илмий. – Мадина: Мактабат ад-Дор, 1991.-Б.9.

[5] Ҳавола бундан: Акрам Зиё ал-Умарий. Турос ат-Термизий ал-илмий. – Мадина: Мактаёт ад-Дор, 1991. – 5.12.

[6] Термизий, 1/687.

[7] Термизий, 43303.

Мамадалиев Маҳмудхон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси ўқитувчиси