Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ (2-қисм)
Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳдан ҳадис ўрганган шогирдлар ҳам жуда кўпдир. Шулардан 30 (ўттиз) нафари муҳаддислар орасида машҳур.
Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг зеҳнлари одатдан ташқари ва фавқулодда кучли бўлгани борасида ҳам китобларда бир қатор ривоятлар учрайди. Жумладан, тадқиқотларда бир воқеа ривоят қилинган[8].
Ҳадис ривоят қилишнинг бир неча усуллари бўлиб, мушофаҳатан (оғизма-оғиз) эшитиш китобатан (ёзма ҳолатда) ҳадис ривоят қилгандан кўра кўра кучлироқ ҳисобланади. "Мен сизга бир ҳадисни ёзиб бериб, мендан ривоят қилишингизга ижозат 6epaман", – дейишлик "ижоза би-ррисола" дейилади.
Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳга бир устоз томонидан китобатан икки жузда ҳадис етди. Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ бир сафарларида мазкур дафтарни ёзиб юборган шайхни учратиб қолдилар ва ундаги ҳадисларни оғизма-оғиз ўтказиб олмоқчи бўлдилар. Зеро, юқорида айтганимиздек, оғизма-оғиз эшитиш китобатан ҳадис ривоят қилгандан кўра кучлироқ ҳисобланади. Шайхнинг ҳузурига бориб, қироатан ижоза олишни ирода қилганларида мазкур шайх рози бўлиб: "Ўша юборилган саҳифаларни келтириб, ўқиб бера қол", – деди. Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ юкларининг орасидан ҳалиги дафтарни излаб тополмасдан, бир оқ қоғозни олиб келиб, унга қараб ёддан ўқий бошладилар, гўёки ўқиб бераётгандек. Бироз ўтиб шайх буни сезиб қолди ва: "Уялмайсанми, мени масхара қиляпсанми? – деб ранжиди. Шунда Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ бўлган воқеани айтиб, "Менга ёзиб юборган ҳадисларингизни ҳаммасини ёд олганман, уларни ҳеч камчиликсиз айтиб бера оламан" – дедилар. Шайх бу гапга кўниб, "Қани, айтиб кўр-чи", – деб рухсат берди. Имом атТермизий роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисларни ва яна худди шу мажлисда эшитган бошқа ҳадисларни ҳам ёддан санади билан айтиб бердилар. Шайх: "Сен буларни олдинроқ ёдлаб олган бўлсанг керак, – деб ажабланганида Имом атТермизий роҳимаҳуллоҳ: "Ундай бўлса, яна янги ҳадислар айтсангиз, уларни ҳам эшитиб, қайта айтиб берардим", – дедилар. Шайх рози бўлиб, ўз захираларидан Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ олдин эшитмаган қатор ҳадисларни айтганида уларни ҳам санадлари билан ҳеч бир сўзини қолдирмасдан айтиб бердилар. Шунда шайх: "Сенга ўхшаганини кўрмагандим"– деб у зотнинг зеҳнига тасанно ўқиган.
Хуллас, Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ туғма, одатдан ташқари бир ғаройиб зеҳн соҳиби бўлганлар. Аслида, бу Аллоҳ таолонинг марҳамати бўлиб, ўз динини сақлаш учун мана шундай зотларни чиқариб қўйгандир.
Қуйида Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг ёзган асарлари борасида маълумот бериб ўтамиз. У зотнинг бизгача етиб келган ва топилиб нашр қилинган олтита асари борлиги маълум:
1) "Жомеъ ас-сунан". Мазкур ҳадис тўплами Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг энг муҳим асари ҳисобланади. Асарда 3956 (уч минг тўққиз юз эллик олти) та ҳадис мавжуд. Асарнинг 1-жилди "Сунан ат-Термизий" номи билан икки марта ўзбек тилига таржима қилинган. Ундан танланган ҳадислар асосида бир неча марта сайланмалар чоп қилинган.
2) "Аш-Шамоилан-Набавия". Бу китоб "Шамоили Муҳаммадия" номи билан Саййид Маҳмуд Тарозий роҳимаҳуллоҳнинг таржима-шарҳи сифатида ўзбек тилида ҳам нашр этилган. Унда 408 та ривоят мавжуд.
3) "Китаб ал-илал". Ҳадис илми ва ровийлар тўғрисидаги мазкур китобнинг катта ва кичик намуналари бўлган. Улар "Китоб ал-илал ал-кабир" ва "Китоб ал-илал ас-сағир" деб аталган. Айрим тадқиқотчилар "Китоб ал-илал ал-кабиро"ни мустақил асар десалар, "Китоб ал-илал ас-сағирон"ни муаллифнинг" ал-Жомеъ ас Саҳиҳ" асарининг хотима қисми дейдилар.
4) "Тасмияту асҳоби Расулиллаҳ" (бошқа номи "Acмo ас-саҳоба") номли асар Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳга нисбат берилади. Уни Ибн Ҳажар ал-Асқалоний роҳимаҳуллоҳ "Таҳзиб ат-таҳзиб" китобида айтиб ўтганлар. Асарнинг бир қўлёзма нусхаси Истанбулда "Сулаймония" кутубхонасида сақланади[9]. Ушбу қўлёзма нусхаси асосида асар матни нашр қилинган. Унинг ўзбекча таржимаси ҳам зарур изоҳлар ва кўрсаткичлар билан бирга чоп этилган.
5) "Ар-Рубоъийёт фи-л-ҳадис". Санадда фақатгина тўрт нафар ровийнинг номи қатнашган ҳадислар "Рубоъийёт" деб аталади. Мазкур асарнинг бир қўлёзма нусхаси "Сулаймония" кутубхонасининг "Жоруллоҳ" жамғармасида 282 тартиб рақами билан сақланади. Асар ўзбек тилида нашр қилинган. Унда 177 та ҳадис мавжуд.
6) "Ас-Сулосийёт фи-л-ҳадис". Санадда фақатгина уч нафар ровийнинг номи қатнашган ҳадислар "Сулосийёт деб аталади. Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг "Жомеъ ас-сунан" тўпламида фақат биттагина ҳадис "сулосийёт" ҳисобланади. У асарда 2260 тартиб рақами билан келтирилади.
Ибн ан-Надим роҳимаҳуллоҳ "Феҳрист" асарида Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳнинг "Таърих номли асари бўлганлигини зикр қилганлар. Умуман, тадқиқотчилар "Китоб ат-тафсир", "Китоб аз-зуҳд", "Китоб ал-асмо ва-лкунар", "Рисола фи-лхилоф ва-лжадал", "Китоб ал-Журҳ ва-ттаъдил" номли асарларни ҳам Имом ат-Термизий роҳимаҳуллоҳга нисбат берадилар.
[8] Шамсуддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 13-жилд. — Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1992. — Б.273; Абдулазиз ад-Дехлавий. Бўстон ал-муҳаддисийн. — Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. — Б.84.
[9] Термизлик алломалар асарларининг қўлёзмалари каталоги. – Тошкент, 2015. — Б.157.
Мамадалиев Маҳмудхон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқитувчиси