Яратилиш санаси 27.09.2024

Мазҳаблар – гўёки бир дарёдан оқиб келаётган тўрт анҳорга ўхшайди (2-қисм)

Ҳанафий мазҳаби олимлари, намозда қўлни киндик остида бўлиши тўғрисида ўз асарларида, “Ал-ҳидоя”, “Канзу-дақоиқ”, “Табйинул-ҳақоиқ”, “Ал-баҳрур-роиқ”, “Фатҳул-қадир”, “Мабсут” китобларида ишончли далилларни келтирганлар. Ҳаттоки, кўзга кўринган тобеъинлардан Суфён Саврий, ибн Роҳавайҳ, шофеъийлардан Абу Исҳоқ Марвазий каби олимлар, буни қувватлашган.

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ўзининг «Мазҳабсизлик: ислом шариатига тахдид солаётган улкан  бидъат» китобида келтирилган фикрлар эътиборга моликдир.   Олим ҳукм чиқариш илмини тиббиёт илмига қиёслаб   «Мабодо бировнинг фарзанди огир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тибби ётга оид китобларни титмасдан малакали шифокорнинг олдига боради. Динда ҳам худди шундай. Манбаларни ахтаришга ҳаракат қилиш ва мужтаҳидликни даъво қилиш ўрнига бутун умрини исломни ўрганишга бағишлаган уламоларни ва улар томонидан ишлаб чиқилган мазҳаб қоидаларини тан олишимиз зарур»

Айни пайтда, астрономиядан олинган яна бир ташбеҳни келтириш мумкин. Қуръон суралари ва ҳадисларни юлдузларга ўхшатиш мумкин. Телескоп ёрдамисиз уларнинг аксариятини яҳшироқ кўриб бўлмайди. Бунда янги телескоп ихтиро қилмасдан буюк олимлар кашф қилиб ясаб кетган ҳамда кейинги авлодлар такомиллаштирган телескопдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қаралганда, мазҳаблар бизга исломни аниқ-тиниқ кўриш ва англаш имконини берадиган Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофсъий ҳамда Имом Ҳанбаллар ясаб кетган аниқлик асбоби  «телескоп» дан бошқа нарса эмас, дейиш мумкин.

Шунинг учун ким мазҳабга эргашса, хато қилмаган ҳолда Қуръон ва Суннатга эргашган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўз йўлидан адаштирмасин!

Абдураҳманов Муҳаммадхон

таълим муассасаси ўқитувчиси