Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ (2 қисм)
А.И.М.ат-Т. зеҳнининг ўткирлиги, хотираси ҳамда ёдлаш қобилиятининг ғоятда кучлилиги хусусида тарихий манбаларда кўплаб мисоллар, ривоятлар келтирилган. Жумладан Шамсуддин аз-Заҳабийнинг «Тазкира ал-ҳуффāз» асарида қуйидаги ҳикоя келтирилади: «Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий Маккага ҳажга бораётганида йўлда кўп машҳур муҳаддислар б-н учрашиб, мулоқотда бўлиб, ўша олимлардан бирига ҳадислардан сабоқ беришини илтимос қилган. У олим: «Бўлмаса қоғоз-қалам ол», – деган. Аксига олиб шу пайт ат-Термизий қалам топа олмаган ва олим рўпарасига ўтириб, эшитган ҳадисларини ёзиб олаётгандек қоғоз устида қўлини ҳаракат қилдирган.
Олим эса турли мавзудаги ҳадисларни олтмишга яқинини ҳикоя қилган. Шу орада олим қоғозга қараб уни ҳеч қандай ёзувсиз тоза ҳолда кўрган ва ат-Термизийнинг бу ишидан жаҳли чиқиб: «Нима, сен менинг вақтимни бекорга йўқотмоқчимисан?» дейди. Ат-Термизий бўлса бамайлихотир: «Сиз айтган ҳадисларингизни ёддан айтиб берайми?» – деган ва у олимдан эшитган ҳадисларнинг ҳаммасини бирин-кетин, айнан айтиб берган. Ат-Термизийнинг хотираси кучлилигидан бу олим ҳайратга тушиб, қойил қолганлигини билдирган». Бу хусусда яна бир ҳикоя А.И.М.ат-Т. нинг сўзига асосланиб келтирилади: «Маккага кетаётганимда – у пайтда бир шайх тўплаган ҳадислардан икки қисмини ёзиб олган эдим – тасодифан ўша шайх билан яна шахсан учрашишга тўғри келиб қолди. У ҳақда сўраб-суриштирганимда, уни фалончи жойда деб тушунтирдилар. Кейин мен қидириб унинг ҳузурига йўл олдим. Турли ровийлар воситасида унинг ҳадисларидан ўзим аввал ёзиб олган икки қисми ёнимда деб ўйлаган эдим – аслида менинг ёнимдаги ҳадислар уларга ўхшаш, лекин бошқа ҳадислар экан. Мен унинг ёнига бориб салом-аликдан кейин ҳадисларни айнан унинг оғзидан эшитишни илтимос қилдим. У бунга рози бўлиб, ёддан ҳадисларни ҳикоя қила бошлади. Кейин менга қараб қўлимдаги оқ қоғозни тоза, яъни ҳеч нарса ёзилмаган ҳолда кўргач: «Бу қилиғинг учун мендан уялмайсанми?» – деди. Мен маъзурона ҳолда бор ҳақиқатни айтиб: «Сиз ҳикоят қилган ҳадисларингизнинг ҳаммасини ёддан биламан», дедим ва уларни бирин-кетин сўзма-сўз айтиб бердим. Шайх эса сўзларимга ишонмасдан: «Нима, менинг ҳузуримга келишдан олдин уларни махсус ёдлаган эдингми?», – деди. «Йўқ», деб жавоб қилиб: «Агар сўзларимга ишонмасангиз, бошқа ҳадислардан айтинг», дедим. Шунда шайх ҳадислардан қирқтасини ҳикоя қилди. Мен унга уларни ҳам бошдан охир бирма-бир айтиб бердим. Шунда у: «Сенга ўхшаганини ҳеч қачон кўрмаган эдим», – деди».
А.И.М.ат-Т.нинг хорижий мамлакатларга қилган сафари узоқ йилларга чўзилиб, ўз юртига 853 й.дан олдин қайтади ва ўз юртидан чиққан олимлар б-н илмий мунозараларда қатнашади, кўплаб шогирдларга устозлик қилади. Айниқса, машҳур муҳаддис олим Имом ал-Бухорий б-н кўплаб илмий баҳслар қиладики, бу ҳақда у ўзининг «Ал-Илал» китобида ҳам ёзади. А.И.М.ат-Т.нинг аксарият асарлари, жумладан, унинг машҳур «Ал-Жāмиъ ас-саҳӣҳ» асари ҳам ўз ватанига қайтганидан кейин ёзилган. Ўз ижодий фаолияти даврида А.И.М.ат-Т. ўндан ортиқ асарлар яратди. Унинг илмий-маънавий меросида, шубҳасиз, «Ал-Жāмиъ» асари катта аҳамиятга эгадир. Бу асар «Ал-Жāмиъ ас-саҳӣҳ», «Ал-Жāмиъ ал-кабӣр», «Саҳӣҳ ат-Термизӣ», «Сунан ат-Термизӣ» номлари б-н ҳам юритилади.
Ахунжанов Қобилхон
таълим муассасаси ўқитувчиси