Мулойимлик-Аллоҳдан келадиган буюк атоларга сабабдир!
Бу борада ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади.
قال رسول اللّه ﷺ إن الرفق لا يكون في شيء إلا زانه، ولا ينزع من شيء إلا شانه
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мулойимлик бирор нарсага аралашса, ўша нарсани зийнатлайди. Аммо уни ажратиб олинса, у айбли бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Биз «мулойимлик» деб таржима қилган сўз арабчалар «рифқ» деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади. Ва яна мулойимлик сўзда ва хатти-харакатда бўлади.
Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга оширишни билдиради. Қўполлик ҳам қилмайди, ўта заифлик ҳолига тушиб ҳам қолмайди.
Яна бир ҳадисда.
عن عبد الله بن مُغَفَّل رضي الله عنه، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: إنَّ الله رفيقٌ يحبُّ الرِّفْقَ، ويُعْطِي على الرِّفْقِ ما لا يُعْطِي على العُنْفِ، وما لا يُعْطِي على ما سِواه. رواه مسلم
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг Ўзи мулойимдир, шунинг учун мулойимликни яхши кўради ва мулойимлик эвазига қўполлик учун бермаганини, мулойимликдан бошқа учун бермаганини беради», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Мулойимлик набавий ахлоқлардан, мўминнинг хислатларидандир. Мулойим бўлиш осон иш эмас. Айниқса бошга иш тушганда, бировдан ноҳақ гап эшитганда, зулм етганда ва шу каби кўнгилсизликлар юз берганда – хуллас, танглик чоғида инсон мулойим бўлишга янада қийналади ҳамда қўполлик, қўрслик қилиш орқали юрагини бўшатиб олишга шошилади. Бироқ Ислом мусулмонларнинг йўлини тўғрилар экан, ҳар қандай вазиятда ҳам мулойим бўлишга ўргатади.
Алишер Муҳиддинов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим
муассасаси ўқитувчиси