Яратилиш санаси 01.10.2024

УСТОЗЛАРНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ

Устозлар ҳақида сўз юритилар экан доимо Искандар Зулқарнайн тўғрисидаги ҳикоя ёдимга тушади. У ишғол қилган юртининг тахтига биринчи бўлиб устозини ўтказар экан. Бир куни ундан: “Нима учун бундай қиласиз?” деб сўрашганда: “Ота-онам туғилишимга, устозим эса юксалишимга сабабчи бўлганлар”, деган экан.

Пошшахўжа ҳам устозларнинг меҳнатисиз ҳеч ким юксала олмаслигини айтиб, Искандарнинг ўз устозига бўлган ҳурматини келтириб ўтган:

Ҳеч ким устозсиз топмас жаҳонда иззу жоҳ,

Нечаким ҳашмат била Искандари даврон эрур.

Дарҳақиқат, биз эришган ҳар бир ютуқда устозларимизнинг ҳиссалари мавжуд. Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит رضي الله عنه нинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса – жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақлиУстозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Ҳақиқатан ҳам, “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни  отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам мени ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб, кўкка етишимга сабаб бўлди”, – деган экан.

Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса, арзийди.

Мадмусаев Содиқжон

таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари