Яратилиш санаси 01.10.2024

УСТОЗЛАРГА ҲУРМАТ ВА ЭХТИРОМ!

Кимлардир ўқитди биз илмли бўлдик. Кимларнингдир ҳаёт йўлига қараб одамийлик хислатларини ўргандик. Кимларнидир кузатиб, тирикчилик йўлларини, рўзғор тутишни ўргандик. Умуман, ҳаётда ўзимиз учун асқотадиган яшаш илмини дунёдан олдик. Ва бу ўрганганларимизни ҳаёт қонуниятларига мос равишда бошқаларга ўргатиб борамиз. 

Биз ўзимиз билмай ўргатаётганимизни, биздан ўрганаётганларини англамаймиз. Ҳазрат Жомий айтганларидек “Инсон ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим”. 

Устозликни орзу қилиб, шу йўлда юриш, жилд-жилд китоб ўқиб, йиққан илмини ваъзга айлантириб, кўргазмали қуроллар тўплаб, турфа услублар қўллаб, ўқитяпман, уқдиряпман дейиш ҳали мураббийлик эмас. Мураббийликни хоҳлаган, шу касбга ўқиган билан мураббий бўлиш, мураббийликни уддалаш қийин. Устозликнинг ўзига хос парҳезлари, босиб ўтилмайдиган чегара чизиқлари бор. 

Устозликка қадам қўйганнинг дилида устоз-тарбиячиликнинг ёзилгану ёзилмаган қонун-қоидаларига бўйсунаман деган аҳди бўлиши керак. Одамларни яхшиликка ўргатаман, орқамда эзгуликдан яратилган боғлар қолади, деган чиройли нияти бўлсин устозликка ҳавас қўйганнинг. Токи шогирдларин унинг шарофати билан фақат савоб ва хайрли амалларга дахлдор бўлсинлар. 

Ҳақиқий мураббий бўламан деган, бировга бир нарса ўргатишни астойдил хоҳламоғи ва ўзидан илм олувчига муҳаббат қўймоғи шарт. Орамизда шундай инсонлар, шундай устозлар борлиги бизнинг бахтимиз. Бундай меҳридарё мураббийлар ҳақида гап кетганда ҳар қандай инсоннинг юраги қарздорлик залворидан бир қалқиб тушади. 

Балки бу қарздорлик ҳиссидир? Балки то бугунгача озми-кўпми эришган ютуқларимда устозимизнинг ҳам ҳақлари борлигини ҳис қилишдир. Нима бўлганда йилдан йилга улғайиб, дунёқараш ўзгаргани сайин элнинг “Устоз отадек улуғ” деган нақли замиридаги ҳикматни англаяпман. Дарвоқеъ, мағзида шу ҳикматни мужассам этган ривоятга ҳам кўзим тушганди. Буюклардан бири устози ҳақида гапира туриб “отам мени ерга тушишимга сабаб бўлган бўлса, устозим илм-таҳсил бериб, мени кўкка чиқишимга боис бўлди” деган экан. 

Давлатимиз томонидан устоз ва мураббийларга аталган кун. Аслида ҳаётнинг ҳар бир чиғириғи, турмушнинг ҳар бир муштига йўлиққанимизда устоз ва мурабибйларимизни эсга оламиз. Мураббийлар кимлар — улар ота-онамиз, ака-опамиз, биздан катта, биздан бир кўйлакни олдинроқ йиртган ён-веримиздаги катталар ва албатта қўлимизга қалам тутқазиб исмимиз, “Она”, “Ота”, “Ватан” каби қалбларимизни севинчга тўлдирадиган сўзларни ёзиш-ўқишга ўргатган, иккинчи она бўлиб ютуғимиздан суюнган, йиқилганимизда куйинган устозларимиз мураббийларимиздир. 

Устозлар, мураббийларимиз бор бўлсин! Нафақат ўқитувчилик касбидаги устозлар, балки, ҳаёт йўлида бизга ниманидир ўргатишга муваффақ бўлган мураббийларимизнинг умрлари зиёда бўлсин. Байрам баҳона азиз устозларимизни зиёрат қилиб, дуоларини олишни унутмайлик, азизлар. Уларнинг заҳматли меҳнатлари сабаб шу даражага етганимиз чин. Зеро Ҳазрат Навоийнинг ҳаммага ёд бўлиб кетган сатрларида айтилганидек: 

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганч ила.

Оламда кўп эрур, муборак онлар,

Табаррук зотлар ҳам гарчанг кўп эрур,

Сизгадур илк раҳмат, Азиз устозлар,

Мунис муаллимлар, Сизга ташаккур.

 

ОЛИМХОН ИСАҚОВ

Таълим муассасаси ўқитувчиси