Оламларга раҳмат пайғамбар!
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ
(Эй, Муҳaммaд,) биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз. (Анбиё: 107).
Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни оламларга раҳмат қилиб юборди, Ким бу раҳматни қабул қилса ва унга шукр қилса, дунё ва охиратда баҳтли бўлади, ким уни рад қилса ва уни инкор этса дунё ва охиратда зиён кўрибди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллох! Мушрикларни дуойибат қилинг,- дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен лаънатловчи қилиб эмас, раҳмат килиб юборилганман”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Лайс ас-Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобларида “Оламларга раҳмат” жумласининг тафсирида: жин ва инсга, умуман жамики ҳалоиққа раҳматдир. Мўминларга ҳидоят қилиш билан раҳмат, мунофиқларга ўлимдан омонлик бериш билан раҳмат, кофирларга азобни охиратга қолдириш билан раҳматдир, деганлар ва қуйидаги ривоятни келтирганлар:
Ҳикоя килинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга: “Сизга ҳам ушбу раҳматдан бирор насиба етганми?”- деб сўрадилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: Ҳа, мен оқибатим қандай бўлишидан қўрқувда эдим. Аммо, Аллоҳ азза ва жалла мен ҳақимда: “(Жаброил) қувватли, Аршнинг соҳиби (Аллоҳ) наздида мартабали, у жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли зотдир”, деб тасанно айтганидан кейин хотиржам бўлдим, дедилар.
Ишанов Исмоилхон
таълим муассасаси ўқитувчиси