ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ
Маълумки, Ҳанафий мазҳаби Куфада Имом Абу Ҳанифанинг ютларида пайдо бўлди. Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, Куфа шаҳри катта илмий марказ эди. Бу шаҳарда жуда кўп саҳобалар истиқомат қилишган. Улар орасида Куфа шаҳрини илм ўчоғи бўлишида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг таъсирлари катта эди. У зот Куфада кўп йиллик таълим ва тадрисларидан кейин Алқама, Хорис, Масруқ, Абу Майсара, Убайда ва Асвад каби етук фақиҳлар етишиб чиқди. Бу улуғ саҳобийнинг мазкур шогирдлари ичида Алқама ибн Қайсга етадигани йўқ эди. У ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ўзлари: "Мен нимани билсам, Алқама ҳам уни билади" деган эканлар. Алқаманинг илмини Иброҳим Нахаъий олган эдилар. Имом Абу Ҳанифанинг фиқҳида кўпроқ Иброҳим Нахаъийни мактабларининг таъсирини кўриш мумкин. Аллома Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий ўзларининг ўз услубида ягона бўлган "Ҳужжатуллоҳил-болиға" номли асарларида: "Ҳанафий фиқҳининг келиб чиқиши Иброҳим Нахаъийнинг қавлларидир"-деганлар. Иброҳим Нахаъийнинг илмларига эса, Имом Абу Ҳанифа 18 йил таълим олган фақиҳ Ҳаммод ибн Аби Сулаймон ворис бўлдилар. Шу тариқа Ҳанафий мазҳабидаги аксар ҳукмлар ва фатволар илмнинг маъдани бўлмиш, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан нақл қилинди.
Ўз навбатида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳни тартибли ҳолга келтириб, барча дунёвий масалаларни фойда ва зарар кўринишларидаги ҳолатларини юзага чиқариб, соғлом ақийда асосида ўз таълимотларини шакллантирдилар ва илмий омонат сифатида ўз шогирдларига тарқатдилар.
Ҳанафий мазҳаби, ўзидаги хусусиятлар омил ўлароқ, тез ва соз ўсди, тезликда турли ўлкаларда кенг тарқалди. Унинг ўсиши ва тарқалишининг бош омиллари учта:
1. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари кўплиги ва уларнинг ўз устозлари ижтиходи самараларини тарқатишга катта аҳамият беришлари. Улар ҳанафий фиқҳининг асосларини баён қилдилар ва устозларига оз нарсада хилоф қилиб, кўп нарсада мувофиқ бўлдилар.
2. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларининг шогирдлари ҳам хукмларнинг далил ва сабабларини ҳаммага баён қилиб бердилар.
3. Ҳанафий мазҳаби беш юз йилдан ортиқ даврда Аббосийлар давлатининг расмий мазҳаби бўлиб тургани. Ҳалифа Хорун ар-Рашид имом Абу Юсуфни қози этиб тайинлаган. Ўз навбатида, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ бошқа қозиларни тайинлар эдилар.
Исмаилов Акрамхон
таълим муассасаси ўқитувчиси