Уламолар эҳтироми вожибдир
Муқаддас динимиз, Ислом таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар Аллоҳ таоло ҳузурида энг шаънлари улуғ, қадрлари юксак зотлар ҳисобланади. Кўплаб ҳадис ва асарларда уларнинг қадамлари остига фаришталар қанот ёзишлари, еру осмондаги барча мавжудотлар ҳатто сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтишлари айтиб ўтилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Зумар сураси 9-оятида айтади
قُلۡ هَلۡ یَسۡتَوِی ٱلَّذِینَ یَعۡلَمُونَ وَٱلَّذِینَ لَا یَعۡلَمُونَۗ إِنَّمَا یَتَذَكَّرُ أُو۟لُوا۟ ٱلۡأَلۡبَٰبِ
«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» [Зумар сураси: 9]
Шундай экан уламоларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир. анбиёлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Мужодала” сурасида:
یَرۡفَعِ ٱللَّهُ ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ مِنكُمۡ وَٱلَّذِینَ أُوتُوا۟ ٱلۡعِلۡمَ دَرَجَت
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” деб мараҳамат қилган. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло “Ким менга яқин бўлган бир бандамга нисбатан душманлик қилса унга қарши уруш эълон қилурман” деди” деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисни изоҳлаб имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий (р.а.) “агар уламолар Аллоҳга яқин бўлишмаса ким ҳам у зотга яқин бўларди?!” дейишган.
Бугунги кунда уламоларимиздан оммавий ижтимоий тармоқлар орқали бемалол билмаган нарсаларимизни сўраб олишимиз мумкин. Бунинг бизга улуғ неъмат эканлигни эътироф қиламиз. Аммо кузатишлар натижасида шу тармоқлар орқали олимларга нисбатан беҳурматлик қилаётганларни ҳам кўриб турибмиз. Олимлар Пайғамбарларимизнинг меросхўрлари эканлигини, улар билан бўладиган муносабатда одоб доирасидан чиқмаслик лозимлгини эслатиб қўймоқчимиз. Шу сабабли барчамиз уламоларимизни ҳурмат қилайлик. Уларнинг ҳақларини адо этайлик. Агар уларга манфаат етказиш қўлимиздан келмаса, зарар беришдан ўзимизни сақлайлик. Уларнинг халқ учун зарур бўлган қимматли вақтларини олмайлик. Аллоҳ таоло олимларимизнинг умрларини узоқ қилсин. Уларнинг қилаётган хизматларига Ўз фазли ила барокотлар, манфаатлар ва мукофотлар ато қилсин!
Муҳаммадсолиҳ Муҳаммадиев
таълим муассасаси ўқитувчиси