Яратилиш санаси 15.10.2024

Имом Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси

Хоразм воҳасида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Айниқса, ўрта асрларда бу диёр илм-фаннинг турли соҳалари бўйича самарали ижод қилган Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон ал-Беруний, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Ибн Мискавайҳ, Абу Наср ал-Ироқ, Абу Сайҳл Масиҳий, АбулХайр ибн ал-Ҳаммор кабиларнинг донғи бутун Мағрибу Машриққа тарқалган. Хоразм заминида таваллудтопган буюк алломалардан бири Абул Қосим Маҳмуд Замахшарийдир. Унинг  тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад (баъзи манбаларда Аҳмад) бўлиб, у ҳижрий 467-сана ражаб ойининг йигирма еттинчисида – чоршанба куни (милодий ҳисобда 1075 йилнинг 19 мартида) Хоразмнинг катта қишлоқларидан  бири Замахшарда таваллуд топган. Шу боисдан ҳам Замахшарий тахаллусини олган[1]. У Маккада яшаган пайтда искандариялик бир шогирди, “Ал-Ақд ас-самийн фи тарих ал-балад ал-амийн” номли тарихий асарнинг муаллифи Шиҳобуддин Аҳмад ибн ал-Ҳусний ал-Моликийга йўллаган мактубида ўзи ҳақида “Мен Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Хоразмийман, кейин Замахшарийман. Хоразмнинг бир қишлоғига (Замахшарга) мансубман. Замахшар туғилган юртимдир”, ­ деб ёзган. Тарихий манбаларда кўрсатилишича, Маҳмуд Замахшарий аввал ўз юрти Хоразмда, ундан кейин Бухорода таҳсил кўрган. Кўпгина хорижий элларга, жумладан, Марв, Нишопур, Дамашқ, Бағдод, Макка ва Ҳижозга сафар қилган. У тилшунослик, луғатшунослик, адабиёт, жўғрофия, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларида элликдан ортиқ йирик асарлар яратган бўлиб, уларнинг аксар қисми бизгача етиб келган. Олим Хуросон, Исфаҳон, Бағдод шаҳарларида бўлади. У ерларда олимлар билан учрашиб мунозаларда қатнашиш билан бирга ҳукмдорларнинг хайрли ишларига бағишлаб мадҳиялар ёзади. Олимнинг ҳукмдорларга атаб мадҳия ёзишидан мақсади бирор лавозимга эга бўлиш эди. Лекин олим ўз мақсадига эриша олмайди. Гарчи манбаларда бунинг сабаблари баён қилинмаган бўлсада, олимнинг  ақидавий масалаларда  муътазила эътиқодига мансуб бўлганлиги сабаб дейиш мумкин. Яна бир ҳикмати борки Аллоҳ уни “Жоруллоҳ” лақабига сазовор қилиш учун Макка амирининг назарига тушишни насиб қилган эди, дейиш мумкин. Олим сафарини давом эттириб, Маккага етиб боради. Макка амири Абул-Ҳасан  Али ибн Ҳамза ал-Ваҳҳос Замахшарийни яхши кутиб олади, уни ғоят улуғлаб, қадр-қимматини муносиб баҳолайди.

“Хоразмга қайтиб келгач, бир неча йилдан сўнг 538 йилнинг арафа кечаси (1143 милодий йил ) Журжонияда (Ҳозирги Кўҳна Урганч) вафот этади”[2].

Замахшарий ҳақидаги маълумотлар асосан ўрта аср араб манбаларида, қисман маълумотлар эса олимнинг асарларида келтирилган. Унинг ҳаёти, фаолиятини ёритишда Ибн Холликон (“Вафоёт ал-аъён”), Ибн ал-Анбарий (“Нузҳат ал-алиббо фи табоқот ил-удабо”), Ёқут ал-Ҳамавий (“Муъжам ал-удабо”), Ал-Ёфиъий (“Миръот ал-жинон”), Ибн ал-Жавзий (“Ал-Мунтазам”), Жалодуддин ас-Суютий (“ Буғёт ал-вуот”), Ибн ал-Қифтий(“ Инбаҳ ар-рувот”) ва бошқа араб муаллифларнинг асарлари асосий манбалар жумласидандир. Шу муаллифлар келтирган далилдий маълумотларни умумлаштирган ҳолда Замахшарийнинг оиласи, унинг ёшлик йиллари ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиш мумкин. Буюк мутафаккир Замахшарий биз авлодларга бой ва улкан мерос қолдирган. У тилшунослик, луғатшунослик , адабиёт, аруз, жўғрофия, тафсир, фиқҳ ва илм-ал қироатга оид олтмишга яқин асар яратган бўлиб, бахтимизга уларнинг аксарияти бизгача етиб келган.Дарҳақиқат, ўз билим  тафаккурининг чуқурлиги ва ноёб истеъдодининг кенг қамровлиги туфайли Замахшарий ўз даврида “устоз ул-араб ва-л-ажам” (“араблар ва ғайри араблар устози”), “Фахрул-Хваразм”(“Хоразм фахри”), Маккада узоқ вақт яшаганлиги учун Жоруллоҳ (“Аллоҳнинг қўшниси”) каби шарафли номларга сазовор бўлган эди. Ҳинд Хусайн Тоҳо таъкидлаганидек, у ўз юрти Хоразмда бўлса ҳам ёки ўзи зиёрат қилган Шарқнинг кўплаб шаҳарларида ҳам доимо машҳур олимлар шоир ва адиблар даврасида бўлар, улар билан қизғин илмий баҳслар, мунозараларда иштирок қиларди, илм аҳллари унинг фикрига қулоқ солар эдилар. Мана шу улкан обрў-эътибор ва буюк даҳо эҳтимол унга ўз асарларидан бирида “ва инний фи Хоразм каъбат ул-адаб” “ростдан ҳам мен Хоразмда адиблар учун (бир) Каъбаман”, деб ёзишга асос бўлган бўлса керак. Тарихий сатрларда айтилишича, Замахшарий илмий асарлар яратиш ва етук шогирдлар етиштиришни ҳамма нарсадан, ҳатто фарзанд кўришдан ҳам юқори қўйган. Илм-фан йўлида ўзини фидо қилишликни Замахшарий ҳар қандай ҳирсиятдан юқори қўяди. Шу боисдан ҳам у “Навобиғ ул-калим” (“Нозик иборалар”) номли бошқа бир асарида “Котиб хати билан қоғозни қоралаш яъни ёзиш соҳибжамолни яноғини (бўса билан) қизартиришдан кўра ҳам ёқимли, деб илм-фанга бўлган ўз муносабатини алоҳида таъкидлайди. 

“Ал-Кашшоф”  Замахшарий ижодининг гултожи ҳисобланиб, тўлиқ исми “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ат-танзийл фи вужуҳ ат-таъвил.”

(“Қуръондаги берк ҳақиқатларни ва уни шарҳлаш орқали ривоятлар кўзини очгич”) дир.

“Ал-Кашшоф”  Замахшарийнинг ўзига ҳам ғоят манзур бўлган. Ҳатто у ўз асари ҳақида шундай ёзган эди: “Чиндан ҳам дунёда тафсирлар беҳад кўпдир. Ўлай агар улар орасида “Кашшоф” кабиси бўлса. Агар ҳидоят изласанг “Ал-кашшоф”ни ўқи. Нодонлик бир касал бўлса, “ал-Кашшоф” унинг шифосидир”[3]

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Аллоҳ томонидан нозил қилинган Қуръони карим Ер юзидаги барча инсонлар учун ҳидоят манбаидир. Шунинг билан бирга Қуръони карим илоҳий китобларнинг охиргиси ва мукаммалидир. Аллоҳ бирон бир  қавмга пайғамбар юборар экан, ўша замондаги инсонларнинг энг мукаммал даражага етган мутахассисларини ожиз қолдирадиган сифат билан сифатлантирган (мўжиза билан зийнатлаган), шу йўл билан Ўз пайғамбарининг ҳақ пайғамбарлигини исботлаган.  Мисол учун сеҳргарлик жуда ҳам авж олган қавмга Мусо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди ва Мусо алайҳиссаломга берилган мўъжиза билан сеҳргарларнинг сеҳрини ботил қилди .

Табобат ривожланган, табиблар ўлимдан бошқа барча касалликларга шифо топадиган бир даврда у қавмга Исо алайҳиссаломни жўнатди. 

Исо алайҳиссаломга ўликларни тирилтиришдек мўжиза ато қилди ва шунинг билан энг моҳир табибларни ҳам лол қолдирди.

Қуръон нозил бўлишидан илгари араблар орасида нотиқлик юқори даражага кўтарилган эди. Фасоҳат ва балоғатда тенги йўқ араб шоирлари тез-тез мушоира уюштириб туришарди. Ғолиб бўлган шоирларнинг шеърларини Макка деворига осиб қўйишарди. Қуръони карим нозил бўла бошлагач, араб шоирлари орасидаги энг машҳур шоирлар ҳам бу қадар фасоҳат ва балоғатли калом олдида ожиз қолдилар. Аллоҳ ўзининг охирги муқаддас каломи билан уларни лол қолдирган эди. Бу ҳақда Замахшарий ўзининг “ал-Кашшоф” тафсирининг муқаддимасида шундай ёзади: “(Аллоҳ) Қуръони каримни нозил қилиш билан бирга сўзамолликда энг кучли арабларни у ( Қуръони карим ) билан тортишишдан ожиз қилиб, мулзам қилди. Уларнинг энг хатиблари ҳам Қуръон олишувга чақирганда соқов бўлиб қолди. Улар Қуръони каримнинг энг кичик сурасига  тенг келадиган бирон сўз келтиришга қодир бўлмадилар. Ҳолбуки, улар кўлдаги тошлардан, саҳродаги қумлардан ҳам кўп эдилар. Тажвузкорликда энг машҳурларининг ҳам, Қуръони каримга қарши туриш учун асаб томирлари ҳам урмади. 

Денгиз тўлқинланиб тошди ва (сув юзидаги ) юлдузлар акси қочди .

Қуёш чиқди ва юлдузлар нури сўнди”[4].

[1] Уватов.У. Маҳмуд аз-Замахшарий . – Т:. Абдулла Қодирий . 1995.  – Б. 9.

[2] Уватов.У. Маҳмуд аз-Замахшарий. – Т.: Абдулла Қодирий.  1995.  – Б.10.

[3] Уватов.У.  Маҳмуд аз-Замахшарий.  – Т.:Абдулла Қодирий. 1995. – Б.15.

[4] Маҳмуд аз-Замахшарий. “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ат таъвил ва уюнил ақовил фи вужуҳ ат таъвил. Байрут. Дор ал-китоб ал-илмия. 2006. – Б. 8.

Ахунжанов Қобилхон

таълим муассасаси ўқитувчиси