Поклик иймоннинг ярмидир!
Исломда мусулмонларнинг покиза, тоза бўлишларига, ҳамишаҳар жойда пок юриш-туришларига катта эътибор билан қаралади. Чунки Аллоҳ таолонинг амри шундай!
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло покликни ва пок кишиларни мақтаб, “Тавба” сурасининг 108-оятида хабар берадики:
فِيهِ رِجَالٞ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْۚ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُطَّهِّرِينَ (١٠٨)
Яъни: “Унда покланишни яхши кўрадиган кишилар бордир. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради”, деб марҳамат қилади.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ пок кишиларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса, Аллоҳ таоло томонидан покликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Бу ояти кариманинг ўзи барча инсонлар поклик учун интилиб, бутун дунё покланиш сари юз тўтиши учун етарли! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг насиҳатлари ҳам шундай! Сабаби Ислом дини покизалик, гўзаллик устига қурилган. Шариатимиз покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, дуоси ижобат бўлади, деб ҳисоблайди. Поклик - мўминнинг кўзгуси.
عن ابي مالك الاشعري رضى الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال:الطهور شطرالايمان والحمد لله تملأ الميزان وسبحان الله والحمد لله تملان او تملأ ما بين السماوات والأرض والصلاة نور والصدقة برهان والصبر ضياء والقرآن حجة لك اوعليك. كل الناس يغدو فبائع نفسه فمعتقها او موبقها. رواه مسلم والنسائي والترمذي
“Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир. “Алҳамдулиллаҳи” тарозини тўлдирур. “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллахи”осмонлару ернинг орасини тўлдирурлар ёки тўлдирур. Намоз нурдир. Садақа бурҳондир.Сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Барча одамлар ҳаракат қилиб ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардур”, дедилар”. Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу муборак ҳадисларида бир неча савобли амалларнинг бошида покликни юқори баҳолаб зикр қилганлари учун ҳам ушбу ҳадис “Покликнинг фазилатлари” бобида келтирилмоқда.
“Поклик иймоннинг ярмидур”.
Бу жумладаги покликдан мақсад риё, кибр,ҳасад каби маънавий ҳамда барча моддий нопокликлардан пок бўлишдир.Таҳорат,яъни, поклик иймоннинг ярми дейилиши-усиз ибодат қабул қилинмаслиги ва савоби беҳуда кетишидан, иймон бўлмаса, ибодат умуман қабул қилинмаслиги эътиборидан келиб чиқиб айтилмоқда ва поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилмоқда.
Исломда иймоннинг қадр- қиймати қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берганини билиб олсак бўлаверади.
Бу ўз навбатида биз мусулмонлар динимиз талабига яраша бўлишимиз кераклигини ҳам билдиради.
Абдуллаев Азимхон
таълим муассасаси ўқитувчиси