Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн ал-Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад ад-Доримий
Исми шарифлари: Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн ал-Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад ат-Тамимий ас-Самарқандий ад-Доримий. “Абу Муҳаммад” Муҳаммаднинг отаси, “Абдуллоҳ” муҳаддиснинг ўз исми, “Абдурроҳмон” отасининг исми, у киши ал-Фазлнинг ўғли, у киши Баҳромнинг ўғли, у киши Абдусамаднинг ўғли, “ат-Тамимий ас-Самарқандий ад-Доримий” муҳаддиснинг тахаллуси.
У зот ким эдилар? Буюк муҳаддис, имом, муфассир, фақеҳ, археолог, мутафаккир аллома бўлган.
Қачон ва қаерда туғилганлар? Юртимиздан чиққан буюк муҳаддислардан бири. Имом ад-Доримий ҳақидаги маълумотларни асосан ўрта асрларда яшаган машҳур араб муаллифларининг асарларида учратамиз. Мана шу асарлар жумласидан ал-Хатийб ал-Бағдодийнинг “Тарихи Бағдод” (“Бағдод тарихи”), Шамсуддин аз-Заҳабийнинг “ Сийар аълом ан-Нубало (Олийжаноб алломалар сийратлари)”, “Тазкират ал-ҳуффоз” (“Ҳофизлар ҳақида тазкира”), Ибн ал-Имод ал-Ҳанбалийнинг “Шазарат аз-заҳаб фи ахбори ман заҳаб” (“Дунёда ўтиб кетганлар ҳақида олтин парчалар)”, Нажмиддин Умар ан-Насафийнинг “Китоб ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” (Самарқанд олимлари ҳақида қанддек китоб) кабиларни кўрсатиш мумкин. Мана шу асарлардаги маълумотлардан маълум бўладики ад-Доримий ҳижрий 181 (милодий 789) йилда Самарқанднинг қадимий мавзеларидан бири Доримда таваллуд топган.
Ёшлиги ва таълим олиши. Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримий ёшлик чоғларидан бошлаб фавқулодда ақл-заковати, ўткир зеҳни, айниқса қувваи ҳофизасининг ўта кучлилиги билан барчани ҳайратга солган. Унинг ўз тенгқурларига нисбатан ғайритабиий иқтидори ва алоҳида салоҳияти шу қадар зўр бўлган эканки, ҳатто бу хусусда халқ орасида бир қанча ривоятлар юрганлиги ҳақида ҳам манбаларда қайд қилинади.
У диний ва дунёвий фанлар, айниқса, ҳадис илми буйича дастлабки билимини ўз юрти Самарқандда олиб сўнгра ўша даврда илм-фан ва маданият тараққий қилган марказлар Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина шунингдек, Хуросоннинг турли шаҳарларидаги таниқли олимлардан олади. Бир неча йил давом этган илмий сафарлари давомида Имом ад-Доримий Язид ибн Хорун ал-Воситий, Убайдуллоҳ ибн Мусо Абулмуғийра ал-Фирёбий, Абдусамад ибн Абдулвори, Яҳё ибн ҳасан, ал-Асвад ибн Омир, Бишр ибн Умар аз-Захроний ва бошқа кўпдан-кўп ўз даврининг етук муҳаддисларидан ҳадислар ўрганади. Илм йўлида узоқ йиллар тинимсиз кўрсатган саъйи-ҳаракатлари ва изланишлари натижасида ад-Доримий ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларининг алломаси даражасига кўтарилади. Имом ад-Доримий ҳазратлари айниқса йирик ҳадисшунос олим сифатида катта шуҳрат қозонган. У ҳақда ёзган муаллифларнинг аксарияти Имом ад-Доримийнинг Самарқандда ҳадис ва археология (ал-Осор) илмларининг равнақ топишида улкан ҳиссаси бор”, деб якдиллик билан алоҳида таъкидлаганлар.
Абдураҳмонов Муҳаммадхон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим
муассасаси мударриси