Ҳадисларни ёзилиш тарихи
Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурьони каримнинг ҳар бир оятини ёздириб бориш баробарида, аввалда саҳобаларни ҳадисларни ёзишдан қайтаргандилар. Бунда асосан Қуръонга бошқа гаплар аралашиб кетишининг олдини олиш, мусулмонларнинг Қурьондан чалғишларига йўл қўймаслик каби сабаблар назарда тутилган эди.
Қолаверса, ёзиш учун керакли воситалар бўлмас, агар улар топилса ҳам, ёзишни биладиган саҳобалар анча камёб эди. Агар бор имконият Қурьонга қаратилмаса, айрим муаммолар келиб чиқиши мумкин эди. Шу билан бирга, Қурьони карим оятма-оят, маьлум миқдорда нозил бўлса, ҳадислар хар қадамда содир бўларди. Энг асосийси, саҳобалар бошқа араблар қатори маълумотларни асосан ёдда сақлашга уриганган эдилар, улар учун ёзувнинг аҳамияти унча катта эмас эди. Аммо бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хадислар умуман ёзилмаган, дегани эмас.
Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинрок, мазкур муаммоларнинг бир қисми бартараф бўлгач, баъзи саҳобаларга ҳадисларни ёзишга изн берганлар ва ўзлари ҳам ҳисоб-китобга оид айрим ҳадисларни ёздирганлар. Мисол учун, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳадисларни ёзиб борардилар ва у кишининг саҳифалар тупламини «Содиқа» - «Ростгўй» деб аташарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят килинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини мендан кўра яхшироқ биладиган бирорта хам киши йуқ, Абдуллох ибн Амр мустасно. Чунки у ёзар эди, мен эса ёзмас эдим» (Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган).
Шунингдек, Алий розияллоҳу анҳуда дияга доир ҳукмлар ва бошқа нарсалар ёзилган саҳифа бўлгани «Саҳиҳул Бухорий»да келган. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи саҳобаларига айрим закот масалаларини ёздирганлари ишончли хабарларда келган. Аммо буларнинг ҳеч бири расмий равишда ҳадисларни хатга тушириш, жамлаш мазмунида бўлмаган, фақатгина шахсий равишда ёндафтарларга қайдлаш маъносида бўлган.
Абдуссомад Усманов
таълим муассаси ўқитувчиси