ҚАБР ЗИЁРАТИ ОДОБЛАРИ
Қабрларни зиёрат қилиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, уларни зиёрат қилаверинглар, у сизларга ўлимни эсалатади”, деб марҳамат қилдилар. Бошқа бир ривоятда: “Охиратни эслатади”, дейилган (Имом Муслим ва Абу Бурайда ривояти). Ибн Абу Шайба ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар йилнинг бошида Уҳуд шаҳидлари қабрларига бориб: “Сизларга сабр қилганингиз учун салом бўлсин! Охират диёри қандай ҳам яхши”, дер эдилар.
Аёллар қабрни зиёрат қилганида қайғуси янгиланадиган бўлса, қабрларни зиёрат қилиш жоиз эмас. Агар йиғламасдан ибрат олиш мақсадида бўлса, зиёрат қилишларининг зарари йўқ.
Қабрларни зиёрат қилувчи киши, аввало, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўргатганларидек қабр аҳлига салом беради: Ассалому алайкум “Мўмин қавмнинг диёри аҳли! Аллоҳ хоҳласа биз ҳам сизга қўшиламиз. Ўзимизга ҳам, сизга ҳам Аллоҳ таолодан офият сўрайман”.
Таҳоратли ҳолда зиёрат қилиш ва қабр олдида тик турган ҳолда дуо қилиш суннат. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Бақиъ” қабристонига зиёратга борганларида ана шундай қилган эдилар.
Қабрларни зиёрат қилганда “Ёсин” сурасини ўқиши мандубдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Вафот этган кишиларингизга “Ёсин” сурасини ўқинглар”, деганлар (Имом Аҳмад ва Абу Довуд Маъқал ибн Ясордан ривоят қилган). Агар киши “Ёсин” сурасини ёдламаган бўлса, Қуръондан билган оятларни ўқиш мумкин. Масалан, “Фотиҳа” сураси, “Бақара” сурасининг аввалидан беш оятни, охиридан икки оятни, “Оятал курси”ни, “Мулк”, “Такосур”, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нос” сураларини ўқиб қабр эгалари руҳониятларига бағишлаш мумкин.
Қабристонда таом истеъмол қилиш, ичимлик ичиш, кулиш ва кўп гапириш макруҳ ҳисобланади. Шунингдек, баланд овоз билан Қуръон қироат қилиш ҳам макруҳдир.
Қабр устига бино қуриш, ўтириш, ухлаш, уларни босиш ва улар олдида ҳожатини чиқариш, қабртошига ҳар хил нақшларни солиб ёзиш, қабрга қараб ёки қабрлар орасида намоз ўқиш макруҳдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабр устига бино қуришдан, ўтиришдан, ёзишдан ва қабрни босишдан қайтарганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизлардан бирингизни чўғ устига ўтириши, сўнг чўғ унинг кийимини куйдириб, баданигача етиб бориши қабр устига ўтиришидан кўра енгилдир”, деганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларни масжид қилиб олишдан қайтарганлар.
Фиқҳий китобларимизда қабристондаги дарахтлар мевасини ейиш, ҳатто қабристон ўтларини еган сигирнинг сутини ичиш макруҳ дейилган. Қабр устидаги ҳар қандай ўсиб турган ўсимлик тасбеҳ айтади ва уни маййитга манфаати бор. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) икки қабрнинг ёнидан ўтиб кетаётиб: “Албатта, бу иккови азобланмоқда. Азобланишлари катта нарсадан эмас. Улардан бири сийдикдан ўзини асрамас эди. Бошқаси эса, чақимчилик қилиб юрар эди”, дедилар. Бир ҳурмонинг хўл шохини олиб келиб, иккига бўлиб, икки қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Соҳиблар:“Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?”, дедилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шоядки, булар қуригунча икковларидан азоб енгиллатилса”,дедилар(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Қабрлар оддий ва табиий ҳолда, охиратни (ўлимни) эслатадиган бўлиб туриши керак. Агар қабристоннинг ичи қасрларга ўхшатиб қиммат тошлар билан безатилса ёки ҳаддан ташқари боғу бўстонларга айлантирилиб, қабристонлиги билинмай қолса ундан ибрат олинмай қолади.
Муҳиддинов Музаффар
таълим муассасаси ўқитувчиси