Дуо қилишнинг одоби
Банда Ҳақ субҳанаҳу ва таолога дуо қилаётган вақтда ёки ундан аввал ижобатга аниқ ишонган ҳолда дуо қилиши лозим
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي، وَأَنَا مَعَهُ إِذَا دَعَانِي».
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Бандам Мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандоқман. У Менга дуо қилса, Мен у билан биргаман», деди», дедилар».
Шарҳ: Биз «гумон» деб таржима қилган сўз арабчада «зонн» дейилади ва бўлиши мумкин икки ишдан бирини устин қилувчи сабаб ила устин қўйишни англатади.
Агар ўша зонн ғолиб қилувчи сабабдан холи бўлса, зонн бўлмайди. Балки эътиборсизлик ва имкони йўқ нарсани орзу қилиш бўлади.
«Бандам Мен ҳақимда нима гумон қилса, Мен унга ўшандай муомала қиламан. Бу кўзлаганини юзага чиқаришми ёки мақсадларини пучга чиқаришми, ёхуд беморлигига шифо беришми, ёки бермасликми – барибир».
Банда Аллоҳ таоло ҳақида қандай гумон қилса, Аллоҳ таоло унга ана шу гумонга мос муомала қилади. Шунинг учун мўмин банда доимо Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиши керак.
Аллоҳ таолога истиғфор айтаётган одам У Зотнинг мағфират қилишини яхши гумон қилса, мағфират қилинади.
Аллоҳ таолога дуо қилаётган одам У Зотнинг қабул қилишини яхши гумон қилса, дуоси қабул бўлади.
Аллоҳ таолога ибодат қилаётган одам У Зотнинг ўша ибодатни қабул қилишини яхши гумон қилса, ибодати қабул бўлади.
Аллоҳ таолони зикр қилаётган одам У Зотнинг қурбат қилишини яхши гумон қилса, унда Аллоҳ таолога муқарраблик ҳосил бўлади.
Банда нимани гумон қилса, Аллоҳ таоло унга ўшани беради. Ҳамма нарса ниятга қараб бўлади. Шунинг учун банда ўз зиммасига юкланган вазифани
Аллоҳ таоло қабул қилишига қаттиқ ишонган ҳолда бажариши лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ижобатга аниқ ишонган ҳолингизда дуо қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ ғофил ва лоқайд қалбдан дуони қабул қилмас», дедилар». Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шунинг учун доимо Аллоҳ таоло билан бирга бўлиш, дуони фақат Аллоҳ таолога қилиш керак экан. Демак, дуо қилдингизми, Аллоҳ таоло мен билан, ёнимда эшитиб туради, ҳозир дуоларимни қабул қилади, дуоларим ижобат бўлади, деган ишонч билан туришингиз керак экан.
Ушбу ҳадисдан банда хавфдан кўра ражо – умидни устин қўйиши лозимлиги тушунилади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз Аллоҳ азза ва жалла ҳақида яхши гумонда бўлмай туриб ўлмасин!» дедилар».
Абул Аббос Қуртубий айтади:«Дуо пайтида ижобатни гумон қилсин. Тавба пайтида қабулни гумон қилсин. Истиғфор пайтида мағфиратни гумон қилсин. Ибодатни шартлари билан адо этаётиб, мукофотни гумон қилсин».
Аммо, шу билан бирга, хавфни унутмаслик керак. Банда хавф билан ражонинг орасида туриши матлубдир. Хавф умидсизликка, ражо бепарволикка олиб бормасин. Яъни ҳар бир банда ўртача ҳолда бўлиши керак. Ушбу ўртачаликнинг аломати кишининг доимий равишда яхшиликларни қилиб, ёмонликлардан четланишидир.
Маҳмудов Калимуллоҳ
таълим муассасаси ўқитувчиси