Намозда сутра масаласи
Намозда сутра масаласига оид матнларни ўрганамиз. Кичик масжидда намозхоннинг олдидан ўтиш ила гуноҳкор бўлинади. Бу ҳукмга қуйидаги ҳадиси шариф далилдир:
عَنْ أَبِي جُهَيْمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ يَعْلَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يَدَيِ الْمُصَلِّي مَاذَا عَلَيْهِ لَكَانَ أَنْ يَقِفَ أَرْبَعِينَ خَيْرًا لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ. قَالَ أَبُو النَّضْرِ: لَا أَدْرِي قَالَ أَرْبَعِينَ يَوْمًا أَوْ شَهْرًا أَوْ سَنَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намозхоннинг олдидан ўтувчи киши ўзига нима (гуноҳ) бўлишини билганида эди, (намозхоннинг) олдидан ўтишдан кўра қирқ (йил, ой, кун) тўхтаб туриш унинг учун яхшироқ бўлар эди», дедилар». Абу Назр (ҳадисни Бусрдан ривоят қилган ровий:) «Қирқ кун» дедими, ёки «ой», ё «йил»ми, билолмадим», деган». Бешовлари ривоят қилишган. Аммо ундан бошқа жойда саждагоҳига назар солиб ўқиётган намозхоннинг кўзи етадиган жойдан ўтган гуноҳкор бўлади. Бу ҳолатда кўзи етадиган жой сажда қиладиган жой бўлади. Буни кўпчилик уламолар таъкидлаганлар. Агар намозхон дўкон устида ўқиётган бўлса ва олдидан ўтаётган одамнинг аъзоси аъзоларига тенглашса, ўтувчи гуноҳкор бўлади. Бундаги «дўкон»дан мурод, қадимда савдогарлар растада ўзлари ўтириб, атрофига савдо молини ёйиб қўядиган сўри – каравотлардир. Уларнинг баландлиги ҳар хил бўлган. Агар дўкон соҳиби каравотнинг устида намоз ўқиётган бўлса-ю, унинг олдидан ўтувчининг бўйи дўкондан паст бўлса, ўтувчи гуноҳкор бўлмайди, акс ҳолда гуноҳкор бўлади. Буларнинг ҳаммаси намозхоннинг икки қошидан бирининг тўғрисига санчиб қўйилган бир аршин узунлигидаги ва бармоқ йўғонлигидаги сутраси бўлмаган ҳолатдадир. «Сутра» деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади. «Сутра»ни ҳанафий ва моликий мазҳаблари мандуб, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари мустаҳаб, деганлар. Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Ҳеч нарса топилмаса, битта чизиқ чизиб қўйилса ҳам бўлади. Мақсад, намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб, кўнглини бузмасин, хусусан, шайтон васваса қилмасин.
عَنْ طَلْحَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا وَضَعَ أَحَدُكُمْ بَيْنَ يَدَيْهِ مِثْلَ مُؤْخِرَةِ الرَّحْلِ فَلْيُصَلِّ، وَلَا يُبَالِ مَنْ مَرَّ وَرَاءَ ذَلِكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ
Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки бирингиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермасдан намозни ўқийверсин», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
عَنِ الْمِقْدَادِ بْنِ الْأَسْوَدِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي إِلَى عُودٍ وَلَا عَمُودٍ وَلَا شَجَرَةٍ إِلَّا جَعَلَهُ عَلَى حَاجِبِهِ الْأَيْمَنِ أَوِ الْأَيْسَرِ وَلَا يَصْمُدُ لَهُ صَمْدًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ
Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир шохга ёки устунга, ёхуд дарахтга қараб намоз ўқиётганларини кўрсам, албатта, ўша нарсани ўнг ёки чап қошларининг тўғрисига олиб ўқиётганларини кўрдим. У нарсага тўппа-тўғри турмас эдилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган. Имомнинг сутраси кифоя қилади.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُرْكَزُ لَهُ الْحَرْبَةُ فَيُصَلِّي إِلَيْهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إلَّا التِّرْمِذِيَّ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга калта найза санчиб бериларди ва у зот ўшанга қараб намоз ўқир эдилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Саҳобалардан бири «ҳарба» ёки «аназа» деб аталадиган калта найзани кўтариб юрар эди. Очиқ жойларда намоз ўқиладиган бўлса, уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига санчиб қўйиларди. Ўша найза тўсиқ вазифасини ўтар эди. Имомнинг тўсиғи қавмга ҳам тўсиқ ҳисобланарди. Ўтиш эҳтимоли ва йўл бўлмаганда уни тарк этиш жоиздир.
Намозхоннинг олдидан бирор нарсанинг ўтиш эҳтимоли бўлмаса, намоз ўқилаётган жой йўл бўлмаса, сутра қўймай намоз ўқиса ҳам бўлади.
عَنِ الْفَضْلِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَتَانَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَنَحْنُ فِي بَادِيَةٍ لَنَا وَمَعَهُ عَبَّاسٌ، فَصَلَّى فِي صَحْرَاءَ لَيْسَ بَيْنَ يَدَيْهِ سُتْرَةٌ، وَحِمَارَةٌ لَنَا وَكَلْبَةٌ تَعْبَثَانِ فَمَا بَالَى ذَلِكَ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Сайҳонликда турганимизда ҳузуримизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Аббос у зот билан бирга эди. Бас, у зот саҳрода намоз ўқидилар. Олдиларида сутра йўқ эди. Бизнинг урғочи эшагимиз ва бир ит олдиларида ўралашиб юрарди. У зот эътибор қилмадилар». Имом Абу Довуд ривоят қилган. Агар сутра бўлмаса ёки ўтувчи намозхон билан сутрасининг орасидан ўтса, (намозхон уни) тасбеҳ ёки ишора билан қайтаради.
وَلِأَبِي دَاوُدَ وَمَالِكٍ وَالدَّرَقُطْنِيِّ: لَا يَقْطَعُ الصَّلَاةَ شَيْءٌ، وَادْرَأُوا مَا اسْتَطَعْتُمْ، فَإِنَّمَا هُوَ شَيْطَانٌ
Абу Довуд, Молик ва Дора Қутнийнинг ривоятида: «Намозни ҳеч нарса кесмайди. Қудратингиз етгунча қайтаринг. Бас, у шайтондан бошқа нарса эмасдир», дейилган. Яъни бу «Намоз ўқиётганингизда олдингиздан ўтувчини қудратингиз етганича қайтаринг, у шайтондан бошқа нарса эмасдир», деганларидир. Бу қайтариш намозхоннинг «Субҳаналлоҳ!» деб тасбеҳ айтиши ёки ишора қилиши билан бўлади. Аёл кишилар эса ўнг қўлини чап қўлига уриб, овоз чиқариш ила қайтарадилар.
Иброҳимов Абдумалик
таълим муассасаси 53-гуруҳ талабаси