Фатво ҳақида тушунча
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида жавоб беришга нисбатан ишлатилади. Яъни, фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди.
Фатво бериш шариатда фарзи кифоя амал ҳисобланади. У якка тартибда, жамоавий ёки йўналтирилган идоралар томонидан берилади. Ҳозирда у, кўпгина мусулмон мамлакатларда расмий фатво берувчи диний идора, халқаро марказлар ёки кўзга кўринган ва тан олинган уламолар томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Шуни таъкидлаш ўринлики, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Чунончи, Қуръони каримнинг ўзига хос мўъжизакорлиги, ундаги балоғат ва фасоҳатнинг ниҳоят даражада юқорилиги, жумлаларнинг тузилиши ва бошқа жиҳатлари шу вақтгача одамзодни ажаблантириб келган.
Имом Доримий Убайдуллоҳ ибн Жаъфардан мурсал ҳолда ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”, деб айтганлар.
Баъзи саҳобалар бирон-бир масала ҳақида савол сўралса жавоб беришга шошилишмас, балки уни бошқа одамдан сўрашни илтимос қилар экан. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен қачонки, Аллоҳнинг китобидан бирон - бир ҳарфи ҳақида Аллоҳ ирода қилмаган нарсани айтсам қайси осмон менга соя бўлади, қайси ер кўтариб туради ва қаерга бораман ва нима қиламан?” – деб айтганлар. Шундай экан, исломнинг ҳар икки манбаси (яъни, Қуръон ва Сунна)га асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга. деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Бугунги кунда баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги фатволар инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, фатво мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллаган. Фатво бериш эса, ўта масъулиятли иш бўлиб, муфтий Аллоҳ ва Унинг расули номидан гапиради. Ва ниҳоят, илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашишга олиб боради.
Маҳмуджонов Жавоҳир
таълим муассасаси ўқитувчиси