Яратилиш санаси 07.11.2024

Никоҳ ва унинг фазилатлари

Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Энг қизиғи, ана шу барча жуфтликлар  ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир. Мусбат ва манфий зарралар бирлашсагина электр қувватини ҳосил қилганидай, икки акс нарса жуфтлашиб, яхлит бир комил нарсани пайдо қилади. Бирисиз иккинчисининг қадри, аҳамияти тушиб кетади.

Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, жамики мавжудотларнинг энг олийи бўлмиш одамзод жуфтлигини ҳам бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, ҳатто туриш-турмушда, феъл-атворда, қилиқларда, воқеликка муносабатда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда фарқланадиган қилиб яратган. Ана шундай мутлақо бир-бирига ўхшамаган, бири иккинчисининг ғирт акси саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, ҳаёт давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг санъатига ва ҳикматига далолатдир.

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси шаръий никоҳга боғлиқ масалалардир.

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. 

 «Никоҳ» луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади. 

Никоҳ шариатга мувофиқ бўлишининг учта асосий шарти бор:  

1. "Ийжоб ва қабул", яъни эрнинг оғзаки таклифи ва хотин томоннинг бу таклифни қабул қилиши. Ийжоб ва қабул очиқ сўзлар билан изҳор қилиниши керак.  

2. Никоҳ чоғида икки эркак гувоҳнинг ҳозир бўлиши, гувоҳларсиз қилинган никоҳ ҳисобга ўтмайди. 

3. Маҳр белгиланиши, баъзилар ўйлаганидай, маҳрнинг урфдаги "қалин пули", "сут пули" кабиларга алоқаси бўлмай, бу келиннинг ҳурмати, ота хонадонидан куёв хонадонига келиб, ўзини эрига бағишлагани, дилини куёвга мойил қилиш учун куёв томонидан чин кўнгилдан бериладиган муайян маблағ, тақинчоқ ёки кийим-кечакдан иборат ҳадядир. У келиннинг шахсий мулки саналади, унга ҳеч ким эгалик қилолмайди. Айрим жойларда бўлганидай, "Маҳрига бир уй-даҳлиз сигири билан" деган гапларнинг маҳрга алоқаси йўқ, чунки булар келиннинг мулки сифатида расмий хатлаб берилмайди. Шариат талабига кўра, маҳрнинг кўпига чегара йўқ, аммо бунда ҳаддан ошмаган маъқул. "Маҳри оз келиннинг баракоти кўп бўлади", деган ҳадиси шариф бор. Агар келин хоҳласа, ўз ихтиёри билан эри фойдасига ундан воз кечиши ҳам мумкин. Агар маҳр никоҳ пайтида айтилмаса ҳам кейинчалик барибир келинга берилиши шарт.

Исломда оила диний моҳиятга ҳам эга. Оила қуриш ҳаж каби ҳам молиявий, ҳам баданий ибодатдир. Баъзи олимлар оила қуриш нафл намозларидан фазилатлироқ деганлар.

Аллоҳ таоло айтади: "Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди...[1]" (Наҳл сураси, 72-оят). Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: "Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас (яъни умматимдан эмас)", деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, "қўли калталиги"ни рўкач қилиб, буни пайсалга солмаслиги, оиласини шаръий никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

Никоҳ орқали дунёга келган фарзанд гўзал хулқ-атворли бўлади .Одобли, билимдон, ақлли ва  иймон-эътиқодли фарзанд ҳар бир ота-онанинг орзуси.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оила  аталмиш ажиб масканда улғайдилар, униб-ўсдилар ва шу ошиённинг доимий вакили эдилар. Зеро, оила қўйнида яшаш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатларидир.  Аллоҳ таоло: 

«Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз... »[2], деган (Раъд, 38).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлигини баён этмоқда. 

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи  Шайх Абдулазиз Мансур. Т.: "Тошкент Ислом университети" нашриёт – матбаа бирлашмаси.  2004.

[2]Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. Т.: "Тошкент Ислом университети" нашриёт – матбаа бирлашмаси.  2004 

Ахунжанов Қобилхон 

таълим муассасаси ўқитувчиси