Яратилиш санаси 08.11.2024

Уламоларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари

Мусъаб ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Молик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилса ранги ўзгарар ва эгилиб кетар эди. Ҳатто бу бирга ўтирганларига қийинчилик туғдирар эди. Бир куни бунинг сабабини сўрашди. Шунда: “Агар сизлар мен кўрган нарсани кўрганингизда, кўриб турган нарсангизда мени инкор қилмаган бўлар эдингиз. Мен Муҳаммад ибн Мункадирни кўрганман, у қорилар саййиди эди. Ундан доим бир ҳадис сўраб улгурмасимиздан йиғлар, ҳатто унга раҳимимиз келар эди. Мен Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқни кўрганман. У ҳазилкаш ва кўп табассумли эди. Агар унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, сарғайиб кетар эди. Мен унинг фақат таҳорат билангина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтганини кўрганман. Мен у билан кўп вақт аралашиб (бирга) юрдим. (Шу вақт мобайнида) уни учта хислат устида кўрдим: ё намоз ўқир ё сукут қилар ёки Қуръон ўқир эди. Ўзига алоқаси бўлмаган нарсани гапирмас, Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган уламо ва обидлардан эди.

Абдурраҳмон ибн Қосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилаётганида унинг рангига қаради, гўё ундан қон оқиб чиқаётганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатларидан тили оғзида қуриб қолар эди. Мен Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг олдига борардим. Унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, кўзи ёш қолмагунча йиғлар эди. Имом Зуҳрийни ҳам кўрганман, у инсонларнинг энг кўп меҳмонга таом берадиган ва уларга яқин эди. Ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, гўё у сизни танимас ва сиз ҳам уни танимай қолар эдингиз. Мен Сафвон ибн Сулаймнинг олдига борар эдим. У ибодатгўй ва мужтаҳидлардан эди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, йиғлар, одамлар туриб, унинг ўзини қолдириб кетгунча йиғлашдан тўхтамас эди””[1]

[1] Тартиб ал-мадорик. 2/51-52. Аш-Шифо. 2/597-598.

 Ахунжанов Қобилжон

таълим муассасаси ўқитувчиси