Яратилиш санаси 11.11.2024

Қуръони карим тафсирлари

Қуръони каримни араб тилидан бошқа араб бўлмаган халқлар тилига таржима қилинишини Қуръонни бошқа тилдаги тафсири дейилади. 

Инсонни уринишига, ақл-заковати ва билимига қараб Қуръон маъноларини тушуниш ҳам турлича бўлади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз “Инсоннинг Каломуллоҳнинг тушуниш учун қўлидан келганича қилинадиган ҳаракати тафсирдир” деганлар. 

Тафсир сўзи луғатда баён қилиш, очиб бериш, равшан қилиш маъноларини англатади. Аммо истилоҳий маъноси уламолар томонидан қуйидгича таърифланади: “Тафсир – инсон қудрати етгунча Қуръони каримдаги Аллоҳнинг муродини ўрганадиган илмдир”. 

Бу улуғ илм Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг даврларида юзага келган. У киши одамларга Қуръони каримнинг маъноларини ўз суннатлари ила баён қилар, саҳобаларнинг Қуръолн оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар. Саҳобаларга тафсир илми Пайғамбаримиз (с.а.в)дан мерос қолган. Саҳобалардан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар. Тобеъинлар эса тафсирни саҳобалардан ўргандилар ва улардан кўплари бу илмда шуҳрат қозондилар. 

Бу икки асрда яъни саҳобалар ва тобеъинлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, таълиф қилиб ёзилмаган эди.

Фазилатли шайх Муҳаммад Фозил ибн Ашур ўзларининг “Тафсир ва рижалуҳу” номли китобларида таъкидлашларича тафсирдан биринчи китоб ёзган шахс Абдумалик Ибн Журайждирлар. Мазкур китоб таълиф этилгандан бошлаб тафсир илми янги даврга қадам қўйди.

Бу даврнинг аввалида Мухаммад ибн Жарир Табарий, Яхё ибн Салам, Абу Бакр Нисобурий ва бошқа муфассирлар шухрат топдилар.

Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлинади.

Биринчи қисм - “Тафсир бил маъсур”. Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қуръон оятларини ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади. Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар: Имом Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг “Жомеъ ул-Баён”, Абу Муҳаммад Бағовийнинг “Тафсир ул-Қуръон ул-аъзим” ва бошқалар. 

Иккинчи қисм – “Ат-тафсиру бир-раъй”. Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва у иккига жоиз ва ғайри жоизга бўлинади. Жоиз бўлган раъй билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдарларга суянган ҳолда жаҳолат ва залолатдан узоқда бўлиб тафсир қилади. Жоиз бўлмаган қисмда эса муфассир жаҳолат ва залолат билан тафсир қилади. Шунинг учун ҳам барча алломалар бу навдаги тафсирни манъ қилганлар. Жоиз бўлган раъй билан қилинган тафсирлардан машҳурлари: Имом Абу Абдуллоҳ Фаҳриддин ар-Розийнинг “Мафотухул ғайб”, Имом Насриддин Байзавийнинг “Анвар ут- танзил ва Асрор ут-Таъвил”, имом Абул Барокот Насафийнинг “Мадорук ут-Танзил ва Хақоиқ ут-Таъвил” китоблари.

Учинчи қисм – Тафсири ишорий. Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, унинг маҳфий ишоралари билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир. Ушбу қисмга доир тафсирларнинг машҳурлари: имом Низомиддин Хасан Найсобурийнинг “Ғароиб ул-Қуръон ва Ғароиб ул-Фурқон”, имом Шерозийнинг “Ароис ул-Баён фий хақоиқ ул-Қуръон” китоблари.

Тафсир учун  бошқа ақлий илм соҳаларида бўлганидек чекланган қоида йўқ. Шу сабабли “Тафсир нима” деган саволларга “Тафсир бу Аллоҳнинг каломини тушунтириб беришдир, ёки тафсир қуръон лафзларини ёки уларнинг маъноларини очиб берувчи илмдир” деб жавоб берилади. 

Тафсир жузъий масалаларини ҳам умумий қоидаларни ҳам ва қоидаларнинг йиғиндисидан ҳосил бўлувчи малакани ҳам ўз ичига оладиган илмдир. Шунга кўра тафсирга таъриф беришда Қуръон оятлари мазмунлари осон тушуниш учун зарур бўлган илмлар, масалан: луғат, сарф, наҳв, балоғат, мантиқ, қироат илмларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик зарур.

Умуман ўзида жуда чуқур ва кенг қамровли маъно мазмунни мужассам этган Қуръон тафсирлари жуда ҳам кўпдир ва уларга кўплаб таърифу тавсифлар келтирилган.

Қаюмов Софватуллоҳ

таълим муассасаси ўқитувчиси