Ёш авлод тарбияси ва уни комил инсон даражасига олиб чиқишида Қуръони Карим қўллаган услублар (1-қисм)
Ушбу мақолада жамият аъзолари, айниқса ёшлар қатламида эътиқод, фидойилик, ижтимоий, ахлоқий ва бошқа қадриятларни шакллантириш ва ривожлантиришда Қуръони карим қўллаган муҳим тарбиявий услублар хатга туширилган.
Мавзу яна шуниси билан ҳам аҳамиятликки, оммавий маданият, руҳий изтироб ва мафкуравий фитналар кучайган, юксак жамиятига хос бўлган гўзал одоб-ахлоқ, миллий қадрият ва умуминсони тамойиллар қадрсизланиб бораётган бугинги глобаллашув замонида мавжуд тарбиявий ҳамда ахлоқий муаммоларни илоҳий таълимот асосида бартараф этиш имкониятлари аниқ мисоллар ёрдамида кўрсатилган.
Ислом дини мақсадлардан бири кишилик жамиятини ахлоқий комиллик даражасига етказиш бўлиб, унга эришиш учун бир-биридан фарқ қилувчи бир неча тарбиявий усулларини амалиётда қўллаган. Бу исломий тарбия усуллари тарбияланувчилар ҳолатига қараб, руҳиятларининг хилма-хиллиги, уларнинг ҳар хил хусусиятлари ва табиатини ҳисобга олган ҳолда фарқланади. Бу услублар баъзан кишининг кўз ўнгида буюк бир етакчини гавдалантириш билан бўлса, баъзан жамят аъзоларидан бирини комил сифатларини ўрнак қилиш орқали тарбиялайди. Айримлари панду-насиҳат қилиш орқали тарбияланувчи шахснинг ички туйғуларига таъсир этса, яна бири инсоннинг ақл ва ҳиссиёт иштирок этадиган хаёлий дунёсига таъсирли ҳикоя кўринишида бўлади. Яна бири мисол келтириш орқали вазиятни тушинтирса, бошқаси яхши натижа кўрсатганларга мукофотни ваъда қилиш ёки акси, ёмон иш учун жазо муқаррарлиги билан огоҳлантиради.
Қуръон карим қўллаган услублар ҳақида фикр юритар эканмиз, таълим усули ва методларини қўллаш ва улардан ўринли фойдаланишдаги замонавий ёндашувлар мазмун-моҳияти Қуръони каримда ўз ифодасини топганлигини кўришимиз бўламиз. Зеро, Қуръони карим илоҳий китоб ўлароқ, унда жамият аъзолари ўзаро бир-бирлари ўртасидаги муносабатларни ўрнатиш учун зарур бўлган барча нарсалар, ахлоқни поклайдиган ва тўғри хулқ-атворни шакллантирувчи тарбиявий кўрсатмаларни тақдим қилар экан, бу масадни амалга оширишда Қуръон карим турли усул ва методлардан фойдаланиш табиий ҳолатдир.
Биз қуйида Қуръон карим қўллаган ана шундай тарбиявий услублардан айримларини кўриб чиқамиз.
Панду насиҳат орқали тарбия қилиш усули: Панду насиҳат сўзига кўплаб таърифлар берилган. Ибн Саййида айтдилар: “ Панду насиҳат – ажр ва жазони эслатиш орқали унинг қалбини юмшатишдир»[1] деб таърифласа, Айримлар уни «бир ишнинг оқибатлари ҳақида эслатма бериш, маслаҳат кўрсатиш» деб изоҳлашади.
Панду насиҳат қилиши усули кенг тарқалган тарбия усулларидан бири бўлиб, жамият аъзолари томонидан энг кўп қўлланиладиган тарбия усулларидан биридир. Ҳар вақт ва ҳар жамиятда ҳам ваъз-насиҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатиш услубидан фойдаланиб келингани барчага маълум.
Қуръони Карим маъноларига тафаккур билан қараган киши, албатта, уни бошдан-охиригача панду-насиҳат, илоҳий кўрсатмалар мажмуаси эканлигига гувоҳ бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида Қуръони Каримнинг панд-насиҳат эканлигини аниқ баён қилган. Аллоҳ таоло айтади: “ Бу (Қуръон) одамлар учун Тўғри Йўлни баён қилгувчи ва тақво эгалари учун ҳидоят ва панд-насиҳатдир”[2].
Ваъз-насиҳат услуби ўз мевасини берадиган таълим усулларидан бири бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарини шу услубда даъват қилишга, одамларни яхши йўлга чорлашга ундаган: «(Эй Муҳаммад!), Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг!»[3]. Бу каби оятларни Қуръони каримдан кўп топиш мумкин.
[1] . Ибн Манзур, 1410, 466-бет.
[2] . Оли Имрон сураси, 138-оят.
[3] . Наҳл сураси, 125-оят
Турсунов Абдулбоқий
таълим муассасаси ўқув
услубий бўлим бошлиғи