Макка тафсир мактабининг улуғларидан…
Товус ибн Кайсоннинг тўлиқ исми Абу Абдурроҳман Товус ибн Кайсон Ал-Яманий Ал-Ҳумайрий Ал-Жандий мавло Нажир ибн Райсондир. Товус Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилган. Унинг ўз сўзига қараганда саҳобийларнинг элликтасидан илм ўрганган. Товус эътиқодли олим, Аллоҳнинг каломи маъноларини яхши билувчи, саҳобийларнинг мажлис ва суҳбатларига тўймайдиган ҳарис эди.
Саҳобийлардан билмаганини ўрганар, билганини уларга ривоят қилиб берар эди. Аммо аксар суҳбати Ибн Аббос (р.а.) билан бўлар, Ибн Аббос (р.а.)дан бошқалардан ўрганганига қараганда кўпроқ тафсир илмини ўрганар эди. Шунинг учун ҳам Товусни Ибн Аббос (р.а.)нинг шогирдларидан ҳисоблаб, Макка тафсир мактабининг улуғлари қаторида номи тилга олинди. Товус тақвода бемисл бўлгани учун устози Ибн Аббос (р.а.) ҳам шоҳидлик бериб деганларки: "Мен Товусни жаннат аҳлидан деб ўйлайман".
Товус қирқ марта ҳаж қилган, мустажобуд-даъват киши эди. Аз-Заҳабийнинг айтишича: "Товус Яман аҳлининг улуғи эди, ҳажни кўп қилган эди. Ҳижрий сананинг бир юз олтинчи йилида Маккада вафот этди (Таҳзиб ат-таҳзиб).
Абдураҳманов Муҳаммадхон
таълим муассасаси ўқитувчиси