Яратилиш санаси 18.11.2024

«Мен Қуръонга тажовуз қиламанми?...»

Мужоҳид ибн Жабрнинг  тўлиқ исми Абул Ҳажжож Мужоҳид ибн Жабр Ал-Маккий Ал-Муқриъ Ал-Муфассир Ал-Махзумий мавло Ас-Соиб ибн Абис Соиб бўлиб, ҳижрий сананинг йигирма биринчи йилида, Хазрат Умар ибн Хаттобнинг халифалик даврларида дунёга келди. У Маккада бир юз тўртинчи йилда саксон уч ёшида сажда қилиб турган ҳолида вафот этди. Мужоҳид Ибн Аббоснинг шогирдлари орасида устозидан энг кам тафсир ривоят қилган олим ҳисобланади, лекин энг ишончлироғидир.

Имом Шофеъий ва имом Бухорий Мужоҳиддан жуда кўп тафсир ривоят қилганлар. Имом Бухорийнинг "Жомеъус-саҳиҳ" китобида Мужоҳиддан кўп ривоят қилинганлиги, бу ровийнинг нақадар ишончга молик эканлигини кўрсатади.

Ал-Фазл ибн Маймун Мужоҳиддан: "Мен Қуръонни Ибн Аббосдан ўттиз марта ўтказдим"— деганини эшитган. (Мезон-ул-эътидол)

Ибн Ҳаббон айтади: "Мужоҳид фақиҳ, тақволи, обид ва ихлосли эди".

Абу Бакр Ал-Ҳанафий айтади: "Мен Суфён Ас-Саврийдан эшитган эдим: "Агар сенга Мужоҳиддан тафсир келса, бошқасининг зарурати йўқ". (Тафсири Ибн Жарир)

Имом Аз-Заҳабий "Мезон" да айтишича: "Ҳамма уламолар Мужоҳиднинг имомлигига ва унинг ривояти ҳужжат бўлишига иттифоқ қилганлар".

Лекин Мужоҳиднинг илм даражаси шунчалик юқори бўлишига қарамай, баъзи олимлар унинг тафсирини тан олмаганлар. Имом Аз-Заҳабий "Мезон"да келтиришича, Абу Бакр ибн Иёш АлАъмашдан: "Нима учун муфассирлар Мужоҳиднинг тафсиридан қочадилар?"— деб сўради. Ал-Аъмаш унга: "Мужоҳид аҳли китоблардан ҳам сўраганлиги учун", — деб жавоб берди. Шунга қарамасдан Мужоҳиднинг ишончли ва адолатли эканлигига ҳеч ким таъна етказмаган. У аҳли китоблардан маълумот сўраган бўлса ҳам, зарурини олган, нозарурини тарк этган. Чунки, у умматнинг фахри ва илмнинг денгизи бўлган Ибн Аббос (р.а.) нинг шогирдидир. Ибн Аббос (р.а.) эса аҳли китобларнинг хабарларини синчковлик билан текширадиган, мункарини қаттиқ рад этадиган,  Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг аҳли китоблар ҳақида айтган сўзларини тасдиқ этадиган зотдирлар. Мужоҳид ибн Жабр Қуръон оятларининг маъноларини тушунишда ақлга жуда катта эрк бериб юборган эди. Бунинг оқибатида мўьтазила оқими тарафдорларининг эътиборини тортган ва улар Мужоҳиднинг ақлий тафсирларини эътироф қила бошлаган эдилар. Масалан: Мужоҳиднинг тафсирида
"Бақара" сурасининг 65-ояти

وَلَقَدْ عَلِمْتُمُ الَّذِينَ اعْتَدَوْا مِنْكُمْ فِي السَّبْتِ فَقُلْنَا لَهُمْ آُونُوا قِرَدَةً خَاسِئِينَ  

"Орангиздан шанба кунида ҳаддан ошган кимсаларни билдингиз. Бас, Биз уларга: "Бадбахт маймунларга айланингиз"— дедик" нинг тафсирида Мужоҳид: "Уларнинг қалблари маймунга айлантирилган, суратлари эмас. Бунинг мисоли, амалсиз олимни китоб ортилган эшакка ўхшатилганидек", — деб тафсир қилади. Бундай тафсирнинг хато эканлиги Ибн Жарир томонидан далиллар билан исботлаб берилган.

Эҳтимолки, Мужоҳиднинг тафсирда шундай йўл тутиши Қуръонни раъй билан тафсир қилишни айб деб ҳисоблайдиган баъзи тақводор муфассирларни унинг тафсирини тарк этишларига сабаб бўлгандир. Аммо Мужоҳиднинг ўғли шоҳидлик беришича, бир одам Мужоҳиддан: "Сен Қуръонни ўз раъйинг билан тафсир қиласанми?"— деб сўраганда, Мужоҳид қаттиқ йиғлаган ва: "Мен Қуръонга тажовуз қиламанми? Ахир мен тафсирни Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўндан ортиқ саҳобийларидан олганман-ку!"— деб эътироз билдирган. Қандай бўлганда ҳам, Мужоҳид тафсир имомидир. У ўзининг ақлига қанчалик эрк берган бўлмасин, олимлик қиймати ва даражасита путур етмаган.

Абдураҳманов Муҳаммадхон

таълим муассасаси ўқитувчиси