
Изн сўраш одоби
Муқаддас ислом дини инсонларни ҳамиша одоб-ахлоқли, маданиятли бўлишга чорлайди.
Юксак маънавият намунаси бўлган баъзи одатий ишлар борки, тез-тез такрорлангани боис кундалик одатга айланиб қолган. Улардан бири, изн сўраш бўлиб, унинг ўзига хос бир қанча одоблари бор.
Кимки уларга амал қилса, аҳли хонадонининг ҳурмати сақланади ва ўзи тинч-хотиржам ҳаёт кечиради.
Изн сўраш одоблари ҳақида ҳам кўплаб оят ва ҳадислар ворид бўлган.
Хусусан, бировнинг хонадонига кирмоқчи бўлган киши, аввало, изн сўраб, рухсат берилганидан сўнг салом бериб кириш кераклиги борасида “Нур” сурасининг 27-оятида бундай марҳамат қилинган:
“Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз”.
Ояти каримада таъкидланганидек, мусулмон киши изн сўралган уйга киришига изн берилса, аввало уй эгаларига салом бериши ва ширинсўз билан муомала қилиш лозим. Чунки бу шартлар кишилар орасини меҳр-муҳаббат ва тинчлик билан боғлайди.
Юқоридаги оятга эътибор қаратадиган бўлсак,Салом бериш изн сўрашнинг биринчи шартидандир. Ҳадиси шарифда ҳам бу ҳақда шундай маънодаги сўз келган: “Каломдан аввал салом бор”. Бундан ташқари салом динимиз шиорларидан ҳисобланади.
Суннати набавийга кўра уй эгаларининг қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишларини инобатга олиб, изн уч мартагача сўралади. Пайғамбаримиз с.а.в: “Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шулар қатори фарзандлар ҳам уч вақтда ота-оналари ҳузурларига киришларида изн сўрашлари лозим. Бу уч вақт ‒ бомдод, пешин ва хуфтон намозидан кейингивақтлардир.
Изн сўрашдаги шариат одобларидан яна бири шуки, меҳмон эшик олдида унга юзланган ҳолда турмаслиги керак. Ўнг ёки чап тарафга қараб туриши лозим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишини уйига борсалар, эшикка тик қараб турмасдилар. У зот ўнг ё чап тарафга юзланиб турар эдилар.
Бизлар ушбу оятга амал қилиб, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирсак, ҳар хил кўнгилиз ҳолатларнинг олдини олган бўламиз. Аксинча рухсат сўрамай кирилса, икки томон учун ҳам ёқимсиз ҳолат юзага келиши мумкин. Чунки эркак кишининг аёл бор уйга изнсиз кириб-чиқиши ёки аёл кишининг маҳрамлари бўлмаган уйга изнсиз кириши турлифитналарга сабаб бўлади.
Бу масалада эҳтиёт бўлинса, оилалар бузилиб кетишининг ҳам олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Муҳаммадали КАТТАБОЕВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Ахборот – ресурс маркази мудири