Яратилиш санаси 14.11.2024

ТЕЖАМКОРЛИК ФАЗИЛАТИ (2-қисм)

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Фурқон сураси 67-оятида шундай дейди: “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”.

Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон молу дунёни исроф қилмаслиги керак ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.

Бу тўғрисда Исро сураси 29-оятида шундай дейилади: (Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.

Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ҳам шаръан қораланиб, улардан хазар қилишга буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сураси 26-27-оятида шундай марҳамат қилади: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродаридирлар. Шайтон эса Роббисига нисбатан ўта ношукур эди”.

Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб этилади: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан ҳоҳлаганча еб-ичинглар, хайру-эҳсон қилинлар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”.

Дарҳақиқат ҳар бир нарсанинг ўртаси яхши дегандек, мол-дунё сарфлашда ҳам меъёрни сақлаш лозимдир.

Албатта бизнинг халқимиз меҳмодўст саховатли ҳалқбўлганлиги учун нишонланадиган маросимларимиз жуда кўп. Ислом динида ҳам хурсандчилик кунларида хусусан никоҳ, ақиқа ва шунга ўхшаш маросимларда дастурхон ёзиб, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларни меҳмон қилишликка тарғиб қилинган. Лекин бундай маросимларда ҳам керагидан ортиқча сарф-харажат қилишлик ҳам исрофгарчиликка олиб келади. Шариатимизда хайр-эҳсон қилишликка тарғиб қилинишидан асосий мақсад муҳтож ва фақирларга моддий ёрдам беришдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларининг бирида: “Таомларнинг энг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирлиган зиёфатдир”-деб марҳамат қилганлар. (муттафақун алайҳ).  

Шундай экан яхши ниятда хайру-эҳсон қилишни истаган киши сарфлаган моли исроф бўлиб беҳуда кетмаслигини ўйлашлиги, қолаверса савоб бўладиган томонларини ахтариши мақсадга мувофиқ бўлади.

Аллоҳ таоло ўзи ризқу-рўзимизни фаровон, юртимизни тинч-хонадонларимизни обод айласин!

Муҳаммадали КАТТАБАЕВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси АРМ мудири