АЛЛОҲГА МУҲАББАТ ҚИЛИШ САБАБЛАРИ
Кимда ушбу уч нарса бўлмаса у Аллоҳ таолога муҳаббат қилувчи бўлмайди:
-Аллоҳ учун мўминларни яхши кўриш. Бунинг аломати: - улардан қийинчилик ва азиятларни кетказиш ва уларга манфаат бериш.
-Аллоҳ учун Росулуллоҳга муҳаббат қилиш. Унинг аломати Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиш. Аллоҳ таоло: “Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг..”, деб айт”, деган.
-Тоатларни маъсиятлардан афзал қилиш билан Аллоҳга муҳаббат қилиш. Айтладики: “Неъматларни зикр қилиш муҳаббатни келтириб чиқаради”.
Аллоҳ таолога муҳаббат қилишга олиб борувчи сабаблар 10 та:
- Қуръонни тадаббур билан қироат қилиш, унинг маъноларини тушуниш ва Аллоҳ таолони муродини англашга ҳаракат қилиш.
- Фарзлардан сўнг нафллар билан Аллоҳ таолога яқин бўлиш. Чунки улар муҳаббат қилишдан маҳбублик даражасига кўтарилишдаги воситалар.
- Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ҳар қачон тил, қалб, амал ва ҳол билан зикр қилишда бардавом бўлиш. Муҳаббат қилувчининг муҳаббатдан насибаси зикрдан насибаси қадар бўлади.
- Ҳавои-нафс ғолиб келганда Аллоҳга маҳбуб бўлган нарсаларни ўзига маҳбуб бўлган нарсалардан устун қўйиш.
- Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини қалбан ўрганиш ва мушоҳада қилиш. Кимки Аллоҳнинг исм, сифат ва феъллари билан таниса, шубҳасиз у Аллоҳга муҳаббатли бўлади.
- Аллоҳ таолонинг яхшилиги, эҳсони, ботиний ва зоҳирий неъматларини мушоҳада қилиш.
- Роббиси олдида қалбини бутунлай ҳокисор тутиш.
- Илоҳий файз ва тажаллийлар тушиш вақти - бомдоддан олдинги саҳарларда - Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан холи қолиш. Бу У зотга муножот қилиш, каломини тиловат қилиш, қалби билан Унинг ҳузурида туриш билан бўлади. Истиғфор ва тавба билан ниҳоясига етказади.
- Ҳақиқий муҳаббат қилувчи зотлар билан ҳаммажлис бўлиш. Уларнинг суҳбати дурларини энг покизаларини йиғади.
- Қалби ва Аллоҳ таоло ўртасида тўсиқ бўладиган барча сабаблардан узоқ бўлиш.
Мана шу юқорида ўтган сабаблар орқали муҳаббат қилувчилар муҳаббат даржаларига етадилар.
Манба “Рисалатул мустаршидин”
Азамхон Саминов
таълим муассасаси ўқитувчиси.