
ХАЗРАТИ АБУ БАКРНИНГ ИСМЛАРИ, ТУҒИЛИШЛАРИ ВА УЛҒАЙИШЛАРИ
У кишининг тўлиқ исмлари қуйидагича: Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Маъд ибн Тайм ибн ат-Таймий. У кишининг насаблари Расулуллох, соллаллоху алайҳи васаллам билан Муррада бирлашади.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу куняси исмидан ҳам машҳур бўлиб кетган шахслардан биридирлар. “Абу Бакр” у кишининг куняларидир.
Исмлари эса Абдуллоҳдир. Баъзи ривоятларда айтилишича, у кишининг аввалги исмлари Абдулкаьба бўлиб, Расулуллоҳ, соллалоҳу алайҳи васаллам бу исмни Абдуллоҳга алмаштирган эканлар. Абу Бакр Сиддиқ, розияллоҳу анҳунинг оталари ҳам кунялари, яьни Абу Қуҳофа номи билан машҳур бўлганлар. Асл исмлари эса Усмон бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг энг машҳур лақаблари Сиддиқдир. Бу лақабни олишларига Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хар бир амалларини тасдиқлашга ҳар доим шошилиб турганликлари сабаб бўлган. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу доимо ўзларига содиқликни лозим тутганлар. Ислом иймон масаласида у кишида бирор марта ҳам, салгина бўлса ҳам иккиланиш ёки сустлик сезилмаган. Ушбу ва шунга ўхшаш кўпгина ҳолатлар у кишининг Сиддиқ, лақабини олишларига сабаб бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг иккинчи лақаблари “Атийк” бўлган. У кишининг бундай лақабни олишлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хадиси шарифлари орқали бўлган.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан икки йилу бир неча ой кейин дунёга келдилар. У кишининг оталари Абу Қухофа Усмон ибн Омир эди. Оналари эса Умму Хойр Салмо бинти Сохр ибн Амр бўлиб, Абу Қухофа розияллоху анҳунинг амакиларининг қизи эдилар. У киши Маккаи Мукаррамада ўсиб, улғайдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу фақат тижорат учунгина бу муқаддас шаҳардан ташқарига чиқар эдилар. У киши ўз тижоратлари орқасидан катта мол-мулк топган эдилар. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хайру эхсон ва мурувватлари билан ҳам жохилият аҳли орасида ном чиқарган эдилар. У киши Қурайшнинг раҳбарларидан бўлиб, маслаҳат-машварат ишларида доимо иштирок этиб, кишиларнинг муҳаббатини қозонган эдилар. Абу Бакр Сиддиқ, розияллоҳу анҳуга Қурайшнинг хун ва қарз тўлаш ишлари топширилган эди. Жоҳилият даврида арабларнинг марказлаштан давлатлари бўлмаганлиги учун Макка аҳли турли вазифаларни турли қабилаларга бўлиб қуйган эди. Бир Қабила кишиларни меҳмон қилишга масъул бўлса, бошқаси Каъбага қарашга, учинчиси мажлис ўтказишта масьул эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анҳунинг қабиласига ана шундай вазифалардан бири дия ва карзлар иши топширилган эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам жохилият даврида ҳам Ислом даврида ҳам шарафли бўлган ўн кишининг биридирлар. Абу Бакр Сиддиқ, розияллоҳу анҳу жоҳилият даврининг одамлари ичидаги энг иффатли кишилардан бири эдилар. У киши ўз ихтиёрлари билан, ўзларича хамр ичишни тарк қилган эдилар. Шунингдек, шеьр айтиш билан хам машғул бўлмаганлар.
Абдуссамад Усманов
таълим муассасаси ўқитувчиси