Яратилиш санаси 28.11.2024

Усайд ибн Хузайр розияллоҳу анҳунинг исломни қабул қилишлари

Ҳаж мавсумида одамларни даъват қилиб юрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, яҳудийлар васф қилган охирзамон пай­ғамбари шу киши эканлакларига ишонч ҳосил қилган бир гуруҳ ясриблик араблар у кишига иймон келтириб, янаги ҳаж мавсумида қайта учрашишга ваъдалашиб кетган эдилар.

Келаси ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди. Яна «Ақаба»да Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан байъат олдилар. 

Ана ўша мусулмонлар ўз юртларига қайтаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшиб бердилар ва у кишига одамларга Қуръон ўқитиш, Ислом таълими бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни топширдилар.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва ясриблик мусулмонлар аҳолини Исломга даъват қилишда жонбозлик кўрсатдилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавсиялари бўйича иш олиб борар эдилар. У киши одамларга Қуръон ўқитиш, Ислом таълими бериш ва дин аҳкомларини ўтгатишни ажойиб услуб билан йўлга қўяр эдилар. Гоҳида баъзи одамлар у кишининг олдига қурол кўтариб кирар эдилар. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг ширин муомаласи, қироати ва Ислом ҳақидаги сўзларидан кейин кўнгли эриб, мусулмон бўлиб чиқар эди.

Ислом Ясриб бўйлаб тарқалиб борар эди. У ердаги бош қабилалар Авс ва Хазражнинг кўплаб одамлари, жумладан, Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳузайр каби ўз қавмининг улуғлари ҳам Исломга кирдилар. Бани Абдулашҳалнинг ҳаммаси битта ҳам қолмай мусулмон бўдилар. Хуллас, Ясрибда Ислом кирмаган оила қолмади.

Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазмдан ва бошқалардан ривоят қиладилар:

«Асъад ибн Зирора Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни Бани Абдулашҳал ва Бани Дуфарнинг турар жойларига олиб борди. Саъд ибн Муъоз Асъад ибн Зироранинг холаваччаси эди. Бас, Асъад ибн Зирора уни Бани Дуфарнинг боғларидан бир боққа олиб кирди. «Марақ» қудуғи ёнида ўтирдилар. Икковларининг олдиларига мусулмон бўлган кишилар йиғилишди. Ўша пайтда Саъд ибн Муъоз ва Усайд ибн Ҳузайрлар ўз қавмлари Бани Абдулашҳалнинг улуғлари эдилар. Икковлари ҳам ўз қавмининг динидаги мушриклар эдилар. Уларга бўлаётган ишнинг хабари келганда Саъд Усайдга:

«Отанг ўлгур! Анави юртимизга келиб заифларимизнинг бошини айлантираётган икки кишининг олдига бор! Икковини сўкиб, диёримизга келишларини ман қил! Агар ўзинг билганингдек Асъад ибн Зирора қариндошим бўлмаганида ўзим билардим нима қилишни. У холамнинг ўғли. Унга бир нарса дея олмайман», деди.

Усайд ибн Ҳузайр найзасини олиб улар томон юриб кетди. Асъад ибн Зирора уни кўриши билан Мусъабга:

«Манави келаётган ўз қавмининг улуғи. Аллоҳ учун унга тўғри гапир», деди.

«Агар ўтирса, у билан гаплашаман», деди Мусъаб.

У келиб, икковларининг устида тўхтади-да, таҳдид ила:

«Икковингни бизга нима олиб келди!? Заифларимизнинг бошини айлантиришмоқдасан!? Агар жонларингдан умидларинг бўлса, бизга яқинлашмаларинг!» деди.

«Аввал ўтириб, бир эшитиб кўрсанг бўлармиди? Агар бу ишдан рози бўлсанг, қабул қилар эдинг. Агар ёқтирмасанг, ўзинг ёқтирмаган нарсани тарк қилардинг», деди Мусъаб.

«Инсоф қилдинг», деди у ва найзасини санчиб қўйиб, икковларининг ёнига ўтирди. Мусъаб унга Ислом ҳақида сўзлаб берди. Кейин Қуръон қироат қилиб берди.

Икковлари кейинроқ бу ҳолни эслашиб:

«Ўшанда унинг гапиришидан олдин юзидан Исломнинг ишроқини кўриб турар эдик», дер эдилар.

«Бу қандоқ ҳам гўзал! Бу қандоқ ҳам ажойиб! Бу динга кирмоқчи бўлганларингизда қандоқ қиласизлар!?» деди у.

«Ғусл қиласан. Покланасан. Кийимингни пок­лайсан. Сўнгра ҳақ шаҳодатни келтирасан. Ке­йин намоз ўқийсан», дедилар икковлари. У туриб ғусл қилди. Кийимини поклади. Сўнгра ҳақ шаҳодатни келтирди. Кейин икки ракъат намоз ўқиди ва икковларига қараб:

«Ортимда бир киши қолган. Агар у иккингизга эргашса, унинг қавмидан бирор киши қолмай сизларга эргашади. Мен уни сизларнинг ҳузурингизга юбораман. У Саъд ибн Муъоздир», деди. Сўнгра найзасини олиб, ўз мажлисларида ўтирган Саъд ва унинг қавми томон юриб кетди. Унинг келаётганига назар солган Саъд ибн Муъоз:

«Аллоҳ номи ила қасам ичаманки, Усайд сизнинг олдингиздан кетган юздан бошқа юз билан келмоқда», деди. У етиб келиб мажлисда ўтирганлар олдида тўхтаганида Саъд унга:

«Нима қилдинг?» деди.

«Иккала одам билан гаплашдим. Мен уларда бир ёмонлик кўрмадим. Мен уларни қайтардим. Улар сен ёқтирган нарсани қиламиз, дейишди. Менга айтилишича, Бани Ҳориса Асъад ибн Зирорани ўлдиргани чиқибдилар. Улар уни сенинг холангнинг ўғли эканини билиб, сени ҳақоратламоқ учун шундоқ қилмоқчи эканлар», деди у.

Ўзига Бани Ҳориса ҳақида зикр қилинган нарсадан ғазабланган Саъд ибн Муъоз ғазаб ила шошилиб ўрнидан турди-да, найзасини қўлига олиб:

«Аллоҳга қасамки, ҳеч нарсани эплай олмапсан!» деди. 

Сўнгра Саъд ҳалиги икки киши томон юриб кетди ва пировардида ҳақ шаҳодати келтириб, қайтиб келди...»

Шундоқ қилиб, Усайд ибн Ҳузайр билан Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу мусулмонлар сафидан ўрин олдилар. Ўзлари учун икки дунё саодати кафолатини берадиган, шон-шарафга буркайдиган сафдан ўрин олган эдилар.

Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилишларидан олдин у ердаги мусулмонлар жамоасининг етакчиларидан бирига айланган эдилар.

Эсласангиз, ўша йили Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу бошлиқ ясриблик мусулмонлар киши билмас тариқа ўз қавмларининг мушрикларига қўшилиб, ҳажга келдилар. Одамлар билан бирга ҳаж қилдилар. Арафотдан кейин шайтонга тош отиш вақти келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан «Ақаба»да учрашишга келишдилар. Учрашув кечаси бўлганда ҳаммалари ўз қавмлари ила ухлагани ётдилар. Кечанинг учдан бири ўтгандан кейин битта-битта бўлиб, ҳеч кимга билдирмасдан учрашув жойига кела бошладилар.

Тўпланиб бўлгач қарасалар, етмиш уч эркак ва икки аёл–Насийба бинти Каъб ва Асмаа бинти Амр ибн Адийлар эканлар.

Ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кута бошладилар. Бир вақт у зот келаётганларини пайқадилар. Ёнларида бир киши ҳам бор эди. Яқин келганда у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос эканлиги маълум бўлди. 

Орада сўзлашув бўлиб ўтди. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани талаб қилсалар, ўшанга тайёр эканликларини билдирдилар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ўз ичларидан ўн иккита нақиб сайлашни сўрадилар. Улар ўн икки кишини танладилар. У зот нақибларга: 

«Сизлар ўз қавмингизга худди Ийсо ибн Мар-ямнинг ҳаворийлари кафил бўлгандек, кафилсизлар. Мен ўз қавмимга кафилман», дедилар.

Мазкур нақиблардан бири Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларидан кейин Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу у зотнинг жангларида ихлос билан иштирок этдилар. Бу юришларнинг баъзиларида у кишининг алоҳида мавқифлари ҳам бўлди.

Хандақ урушида мусулмонлар қамалда, ўта қийин аҳволда қолганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душман сафини заифлаштириш учун чора кўрдилар. 

У зот Уяйна ибн Ҳисн ва ал-Ҳорис ибн Авфни олдириб келиб, агар одамларингни бизнинг душманларимиз сафидан олиб чиқсангиз, сизларга Мадина хурмосининг учдан бирини бераман, дедилар. Улар хурмонинг ярмини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учдан биридан зиёда қилмасликларини айтдилар. Улар рози бўлиб, гувоҳликка ўз қавмларидан ўн кишини олиб келдилар. Қоғоз-қалам, котиб ҳам ҳозир қилинди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан баъзиларини гувоҳликка чақирдилар. Шунда Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳнинг Расули, агар Аллоҳнинг амри бўлса, қилаверинг. Аммо бошқача бўлса, уларга қиличдан бошқа берадиган нарсамиз йўқ», деб туриб олди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мади­налик мусулмонлларнинг катталари–Саъд ибн Убода ва Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳумони чақириб, маслаҳат қилган эдилар, улар ҳам Усайд розияллоҳу анҳунинг айтган сўзларини айтиб, туриб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нима учун бу ишни қилаётганларини тушунтирдилар. Аммо Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу қўлларига аҳднома матнини олиб, биз аввалдан буларга бир нарса берган эмасмиз, энди Сиз келганингиздан кейин берармидик, буларга қиличдан бошқа нарса йўқ, деб туриб олдилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мактубни йирт», дедилар. 

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу мактубга бир туфуриб, йиртиб ташладилар-да:

«Орамизда қилич!» дедилар.

Бани Мусталақ жанги Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғалабалари билан тугаб, барча ортга қайтаётганда, йўлда Синан ва Жаҳжаҳ исмли кишилар қудуқ устида сув талашиб, уришиб қолдилар. Жаҳжаҳ Синанни уриб, юзини қонатди. 

Синан: 

«Ё хазражликлар, бормисан!» деди. Улар югуриб келдилар. 

«Ё қурайшликлар, бормисан!» деди ўз навбатида Жаҳжаҳ. Улар ҳам югуриб келдилар. 

Орада фитна чиқадиган ҳолат пайдо бўлди. Муҳо­жирлардан бир гуруҳи фитнанинг олдини олдилар. Бу хабар мунофиқларнинг бошлиғи Убай ибн Салулга етиб борганида: 

«Аллоҳга қасамки, сизлар билан анави қурайш­ликлар худди эскиларнинг итингни семиртирсанг, ўзингни қопади, деган гапига ўхшайсизлар. Ўзи­нгизга ўзингиз қилдингиз. Уларга уйларингизни бўшатиб бердингиз. Молу мулкингизни сарфладингиз. Улар кучли бўлдилар. Сиз заифлашди­нгиз. Аллоҳга қасамки, агар сиз ёрдам бермаса­нгиз, анавининг (Пайғамбарнинг) атрофидагилар тарқаб кетишади. Мадинага етиб борганимизда азиз ундан хорни чиқаради», деди. 

«Хор» деб Пайғамбар алайҳиссаломни кўзда тутди.

Ўша ерда Зайд ибн Арқам исмли балоғатга етмаган йигитча ҳам турган эди. Бўлиб ўтган гап-сўзларни Пайғамбар алайҳиссаломга бориб айтди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқлар бошлиғининг бу аҳмақона сўзларидан аламланиб кетаётганларида у зотга Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу дуч келдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Соҳибларинг нима деганини эшитдингми?» дедилар.

«Қайси соҳиб, эй Аллоҳнинг Расули?» деди Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу

«Убай ибн Салул», дедилар.

«Нима дебди?» деди у.

«Мадинага етиб борилганда азиз ундан хорни чиқарар эмиш», дедилар.

«Аллоҳга қасамки, албатта, сиз, эй Аллоҳнинг Расули уни, иншааллоҳ, чиқарасиз! Аллоҳга қасамки, у хордир ва сиз азизсиз!» деди Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни мухлис шогирдларидан бўлган Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу ўзларининг улуғ устозларидан Қуръони Карим қироатига бўлган чексиз муҳаббатни ҳам тўла ўзлаштирган эдилар. У киши бу ишга чанқоқ эдилар. 

Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳуни фақат икки ҳолда кўриш мумкин эди. Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилган ҳолда ёки Қуръони Каримни тиловат қилган ҳолда. У кишининг овози ниҳоятда ширали эди. Айниқса, кечалари қироат қилишни яхши кўрар эдилар. Саҳобаи киромлар Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳунинг қироатларига қулоқ осишни хуш кўрар эдилар.

Имом Бухорий ривоят қиладилар: 

«Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам яна тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳъё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин, деб бориб уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди... Тонг отгандан сўнг ҳодисани Пайғамбар алай­ҳиссаломга сўзлаб берди. У зот алайҳиссалом: 

«Ўқи, эй Ибн Ҳузайр», дедилар. У бўлса:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳъёни босиб олмасин, деб қўрқдим, уни яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бирдим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса, ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб чиқиб кетдим», деди. Пайғамбар алайҳиссалом:

«У нималигини биласанми?» дедилар. У: 

«Йўқ», деди. У зоти бобаракот: 

«Улар сенинг овозингга келган фаришталар, агар тонг отгунча ўқийверганингда, одамлар уларга назар солса бўларди. Улар бекинмасдилар», дедилар.

Ҳа, Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу қироатини фаришталар ҳам тинглайдиган қорилардан эдилар.

Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар бир ишларида қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилар эдилар. Бу хислат Оиша онамизга қарши тўқилган «Ифк ҳодисаси»да ҳам яққол намоён бўлди.

Убай ибн Салул бошлиқ мунофиқлар Оиша онамизни зинода айблаган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оғир вазиятга тушиб қолгандилар. У зот турли чораларни кўрдилар. Яқин кишилар билан маслаҳатлашдилар. Уларнинг ҳаммалари Оиша онамизнинг пок эканликларини таъкидлар эдилар.

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб, ўша куни Убай ибн Салулнинг узр сўрашини талаб қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб: 

«Менга аҳлим хусусида озор етказган одамдан ким узр олиб беради? Аллоҳга қасамки, мен ўз аҳлимдан яхшиликдан бошқа нарса кўрмадим. Батаҳқиқ, менга фақат яхшилик қилиб юрган одамни гап қилишди. У менинг аҳлим ҳузурига фақат мен билан кирар эди», дедилар. 

Шунда Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен ундан узр олиб бераман. Агар у Авсдан бўлса, бўйнини узамиз. Агар у биродарларимиз ҳазражийлардан бўлса, нима амр қилсангиз, ўша амрингизни бажарамиз», деди. 

Ҳазражликларнинг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб: 

«Ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, уни ўлдирмайсан ва унга қодир ҳам эмассан», деди. 

Бу гапни эшитгандан кейин Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуга бундай жавоб қайтарди: 

«Сен ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, албатта, уни ўлдирамиз. Сен мунофиқсан! Мунофиқларни ҳимоя қилмоқдасан!» Икки қабила–Авс ва Ҳазраж аччиқланиб, бир-бирлари билан уришиб кетай дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, минбарда туриб, уларни ҳовурларидан туширар эдилар. Ҳаммалари жим бўлгандан кейингина минбардан тушдилар.

Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳар бир нарсадан фақат яхшилик башорати кутар эдилар.

Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаийлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байдаа ёки Зотул Жайшда эканимизда мунчоғим узилиб кетди. Уни ахтариш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб қолдилар. У киши билан бирга одамлар ҳам туриб қолишди. Уларнинг сувлари йўқ эди. Одамлар Абу Бакр­нинг олдига бориб:

«Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у киши билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар суви бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», дедилар. Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, улар билан сувлари ҳам йўқ», деди. Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга турта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганларигина мени қимирлашдан ман қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолдилар. Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди. «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар», деди. Усайд ибн Ҳузайр (у нақиблардан бири эди): 

«Эй, Оли Абу Бакр, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», деди. Оиша айтадиларки: 

«Сўнг мен минган туяни турғизган эдик. Мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик».

Бошқа бир ривоятда ушбу ҳодисадан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга: 

«Мунчоғингнинг баракаси қанча ҳам кўп экан», деганлари ва яна бошқа бирида: Усайд ибн Ҳузайр у кишига: 

«Сенга қачон ўзинг ёқтирмайдиган бир иш бўлса, албатта, ундан Аллоҳ мусулмонларга яхшилик келтиради», деганлари зикр қилинган.

Яна Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаийлар Оиша онамиздан ривоят қиладилар: 

«У киши Асмаадан мунчоқ қарз олган экан, йўқолиб қолибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан (баъзи) одамларни уни излаш учун юборибдилар. Бас, намоз вақти бўлиб қолиб, таҳоратсиз намоз ўқибдилар. Сўнгра келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда шикоят қилибдилар. Ана шунда таяммум ояти нозил бўлибди. Усайд ибн Ҳузайр (Оишага): 

«Аллоҳ сени яхшилик ила мукофотласин. Бас, Аллоҳга қасамки, қачон сенга ўзинг ёқтирмайдиган бир иш етса, албатта, ундан Аллоҳ сен учун ва мусулмонлар учун бир яхшилик чиқаради», деди.

Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу ўзига яраша равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эрка саҳобалардан ҳисобланар эдилар. У киши ҳар бир қулай фурсатдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиш ва у зотнинг баракотларидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилар эдилар.

Имом ал-Ҳоким Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан, у киши ўз отасидан ривоят қилади:

«Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу солиҳ, серкулги ва хуштаб киши эди. Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида одамларга гапириб, уларни кулдириб турган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг биқинига бир туртдилар. Шунда у:

«Жонимни оғритдингиз!» деди.

«Қасос ол!» дедилар у зот.

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизнинг кўйлагингиз бор экан. Менинг кўйлагим йўқ эди», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини кўтардилар. Усайд у зотни қучоқлаб, биқинларини ўпа кетди ва:

«Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Мен худди шуни хоҳлаган эдим!» деди».

Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эътиборлари юқори даражада эди. У зот алай­ҳиссалом Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳунинг гапларини ерда қолдирмас эдилар.

Ибн Адий, Байҳақий ва Ибн Асокирлар Анас розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зот таом тақсим қилиб бўлганларидан кейин келди. У зотга ансорларнинг Бани Зуфр қабиласида бир уйнинг ҳожатмандлигини, ўша уйнинг кўпчилиги аёллар эканини зикр қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Эй Усайд, қўлимизда бор нарса кетгунча олдимизга келмадинг. Агар бизга бирор нарса келганини эшитсанг, менга ўша аҳли байтни эслатгин», дедилар.

Бас, кейинроқ у зотга Хайбардан арпа ва хурмо келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни одамларга тақсим қилиб бердилар. Ансорларга кўпроқ бердилар. Ҳалиги аҳли байтга ундан ҳам кўпроқ бердилар. Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу у зотга ташаккур айтиб:

«Эй Аллоҳнинг Набийи, Аллоҳ сизни энг гўзал мукофот ила мукофотласин!» деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиз ансорийлар жамоасини Аллоҳ энг гўзал мукофот ила мукофотласин! Менинг билишимча, сизлар иффатли ва сабрлисизлар. Мендан кейин ишда ва тақсимда ўзимга бўлсинни кўрасиз. Менга Ҳавзда мулоқотда бўлгунингизча сабр қилинг», дедилар».

Муҳиддинов Музаффар

таълим муассасаси ўқитувчиси