Ёш авлод тарбияси ва уни комил инсон даражасига олиб чиқишида Қуръони Карим қўллаган услублар (2-қисм)
Рағбат ва қўрқитиш орқали тарбия қилиш усули: Бу усул ҳам инсон табиатига мос келадиган тарбия усулларидан биридир. Инсон табиатан ўз меҳнати ва хулқ-атвори ортида ижобий ёки салбий натижалар борлигини билмас экан, унга виждонан ёндашмайди, дилдан қизиқмайди, натижада ўз олдига қўйган мақсадига эриша олмайди. Бу усул замонавий таълим-тарбия усулларнинг орасида энг оммабоп, самаралами, фойдалисидир.
Аллоҳ таолонинг Китобини кузатсангиз, бу тарбия усулидаги юзлаб оятларни топасиз. Аллоҳ таоло бандаларини жаннатга қизиқтириб ва дўзахдан огоҳлантириб тарбиялайди. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!”[1].
Демак, бу ояти каримма ҳар бири кишини ўз амалига яраша рағбат ёки жаримага тортилишини англатади. Яхшиликка рағбатлантиради, ёвузликдан қўрқититади, ишнинг натижасини ўйлаб кўришга, меҳнат қилса албатта самарасини кўришга, яхши бўлса савоб, ажрга эришиш, ёмон бўлса гуноҳ, жазога тортилиш билан огоҳлантирмоқда.
Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва Қиёмат Кунида ҳеч шак-шубҳасиз, ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай»[2]. Бу ояти каримадан ҳам яхши амал қилганларга ўз амалларининг мукофоти жаннат эканлигини билдириб, яхши амалларга рағбатлантирилмоқда.
[1] . Залзала сураси, 8,7-оятлар
[2] . Оли Имрон сураси, 185-оят
Турсунов Абдулбоқий
таълим муассасаси ўқув
услубий бўлим бошлиғи