Яратилиш санаси 30.11.2024

“Силаи раҳм”...

“Силаи раҳм” дегани “сила” бу боғлаш, улаш маъноларига эга, “раҳм” эса бу бачадон, яъни онанинг қорни. Силаи раҳм сўзи биргаликда: “қориндошлик алоқаларини боғлаш” деган маънони билдиради. Динимизда қариндошларни зиёрат қилиб туриш, уларга меҳр шафқат кўрсатиш, қариндош-уруғчилик вазифаларини адо қилиш фарздир. Бу алоқани узиш эса ҳаромдир. Қуръонда: 
وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ

“Қариндошга ҳаққини бер, мискинга ва кўчада қолганга ҳам” 

Аллоҳ таоло аввал қариндошни зикр қилиб ундай кейин бошқаларни зикр қилмоқда. Демак, қариндошлик ҳаққи ҳам бор экан. 

Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қиладилар:
أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « مَنْ أَحَبَّ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِى رِزْقِهِ وَيُنْسَأَ لَهُ فِى أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ 
“Ким Ризқи кенг ва фаровон бўлишини ва ҳаёти узун бўлишини истаса, қариндошларидан ўзини узмасин”.

Уламоларимиз ҳадиси шарифни ризқни кенг бўлиши уни кўп, зиёда бўлиши  ва барокатли бўлиши деб шарҳлайдилар. Ҳаёти узун бўлишини истаса, деган маънони жисми қувватли ҳақиқий маънода умри узун бўлиши, тоат ибодатларга Аллоҳ таоло тавфиқ бериши вақтларини охиратда унга манфаат берадиган ишлар билан ўтказишга муяссар қилиши  деб шарҳлайдилар ва яна вафотидан кейин яхши ном билан эсланишини ҳам айтадилар.

Шунга кўра силаи раҳм ризқни кенг бўлиши умрни зиёда бўлишига шаръий жиҳатдан сабаб бўлади деб шарҳлайдилар

حَدَّثَنَا كُلَيْبُ بْنُ مَنْفَعَةَ عَنْ جَدِّهِ أَنَّهُ أَتَى النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَنْ أَبَرُّ قَالَ « أُمَّكَ وَأَبَاكَ وَأُخْتَكَ وَأَخَاكَ وَمَوْلاَكَ الَّذِى يَلِى ذَاكَ حَقٌّ وَاجِبٌ وَرَحِمٌ مَوْصُولَةٌ ».

Кулайб ибн Манфаъанинг боболари Расулуллоҳ с.а.в.дан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, кимга яхшилик қилай?” Жаноб Пайғамбаримиз с.а.в.: “Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга ва улардан кейин келадиган яқинларингга вожиб ҳаққдир ва силаи раҳмдир”, деб жавоб бердилар.

Мана шуларга яхшилик қилишимиз керак экан. Агар булар ҳаёт бўлмасаларчи? Унда уларнинг опа-сингиллари, ака-укаларига яхшилик қилиш лозим, яъни хола аммаларга, тоға амакиларга. Кейин ўзимизнинг ака-укаларимизга.

وَحُكِيَ أَنَّ الأَعْرَابِيَّ كَانَ صَدِيقًا لِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ ، ثُمَّ قَالَ : قَالَ ابْنُ عُمَرَ : إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ : احْفَظْ وُدَّ أَبِيكَ ، وَلا تَقْطَعْهُ فَيُطْفِئُ اللَّهُ نُورَكَ

“Бир куни йўлдан бир аъробий ўтди. У аъробий ҳазрати Умар р.а.нинг яқин дўстлари эди. Аъробий Умар р.а.нин ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарга: “Сен Умарнинг ўғлимасмисан?”, деди. Абдуллоҳ: “Ҳа”, деб жавоб бериб, ўша аъробий оталарининг дўсти эканлиги эсларига келди. Шунда эшакларини ва бошларидаги салларини унга бердилар. Абдуллоҳ ибн Умар р.а. олдиларидаги киши: “Унга икки дирҳам берсангиз бўлмасмиди?” деди. Ибн Умар унга: “Мен Расулуллоҳ с.а.в.нинг: “Отангнинг дўстлигини муҳофаза қил. Уни кесма. Тағин, Аллоҳ нурингни сўндириб қўймасин”, деганлар”, деди”.

Ишанов Исмоилхон

таълим муассасаси ўқитувчиси