
Фирибгарлик - оғир жиноят!
Кейинги вақтларда жамиятимизда ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш хусусан фирибгарлик жиноят тез-тез содир бўлиб турмоқда. Холбуки динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик (чув тушуриш) йўли билан ўзлаштиришдан қайтарилган
Аллоҳ таоло Бақара сураси 188-оятида марҳамат қилади: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молнни ботил — харом йўл билан емоқдан қайтармокда.
Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анху:
«Бу дегани — бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши хужжат йўқдигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», деган эканлар. Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча бўлмайди. Балки айнан ҳамма нарсани кўриб билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатига қараб ҳукм чиқаради.
Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра хужжатини яхшироқ кўрсатиши, мен эса, унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳақидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», — деганлар.
Нажмиддинов Муҳаммадхон
таълим муассасаси ходими