
Мусофирнинг ҳукми
Мусофир сўзи луғатда, “сайёҳ, саёҳатчи, сафарда юрувчи”, деган маъноларни англатади.
Шаръий истелоҳда эса, йилнинг энг қисқа кунларида камида уч кунлик йўлга чиққан киши мусофир ҳисобланади ва намозларини қаср қилиб ўқийди. Мусофир намозни қаср қилиб ўқиши Қуръон, Суннат ва Ижмоъ билан собит бўлган.
“Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бани Нажжордан бир қавм келиб росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: эй Аллоҳнинг расули, биз ер юзида сафар қиламиз қандай намоз ўқиймиз!?” дедилар.
Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди.
«Қачонки ер юзида сафар қилсангиз, сизларга намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўқдир». Нисо сураси (101-оят).
Албатта, ҳар бир сафарда, хусусан, жиҳод ва ҳижрат сафарларида турли қийинчиликлар билан бирга, хавфу-хатар ҳам бўлади. Айни чоғда, сафардаги одам оддий ҳолатдагидан кўра Аллоҳ таолога боғлиқ бўлишга кўпроқ муҳтожлик сезади. Айниқса жиҳодга ва ҳижратга чиққан одам ҳаммадан кўра Аллоҳ таоло билан доимий боғланишга эҳтиёжлидир. Шу нарсалар эътиборидан намоз сафарда батамом бекор қилинмаган, лекин қисқартирилгандир. Мусофир одам тўрт ракъатли намозни қисқартириб, икки ракъатдан ўқийди.
Сафарда намозни қаср қилиб ўқиш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўпгина ҳадиси шарифлар ривоят қлинган бўлиб, улардан бир нечтасини келтириб ўтамиз.
Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Умар ибн Хаттобга: «Сизларга намозни қаср қилишда гуноҳ йўқдир. Агар куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан қўрқсангиз», дейилган. Батаҳқиқ, одамлар эмин бўлдилар?!» - дедим.
«Мен ҳам, сен ажабланган нарсадан ажабланиб, у ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу, Аллоҳ таоло сизга қилган садақадир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг», дедилар», - деди» (Муслим ва Термизий ривоят қилган).
Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳунинг саволларида Аллоҳ таоло ояти каримада мўминларга агар кофирларнинг фитнасидан қўрқсангиз, намозни қаср қилиб ўқинг, деган. Нима учун ҳозир қўрқинч, хавф бўлмаса ҳам сафарда намозни қаср ўқиймиз, деган маъно бор.
Бу саволга тутилган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам бир вақтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни худди шундай саволга тутган эканлар. Шунинг учун у кишига Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳунинг саволига жавоб бериш қийин бўлмади. Саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларини такрорлаш билан жавоб бердилар:
«Бу Аллох, таоло сизга қилган бир садақадир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг».
Яъни, сафарда намозни қаср ўқишлик Аллоҳнинг мўмин-мусулмонларга қилган садақасидир. Аллоҳнинг садақасини хавф вақтида ҳам, омонлик вақтида ҳам қабул қилинглар.
Демак, бу ҳукм Аллоҳ таоло томонидан бандаларга фазлу карам кўрсатилиб, худди садақадек, қўшимча ёрдам сифатида жорий қилинган. Аслида қаср қилиш бўлмаса ҳам бўлаверар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг бу садақасини қабул қилиб, сафарда намоз қаср ўқилади.
Уламолар мусофир тўрт ракъатли намозни қисқа — икки ракъатли қилиб ўқишига ижмоъ килганлар.
Мусофир учун намозни қаср қилиши азиймат бўлиб, ҳукми вожибдир. Унинг учун турт ракъатли намозни икки ракъат қилиб ўқиш фарздир. Ундан зиёда қилиш жоиз эмас.
Биз бу масалада ўрганадиган матнларимизда мусофирнинг намозига оид кўпгина ҳукмлар қисқа тарзда баён этилган. Биз уни кераклигича шарҳ қилишга ҳаракат қиламиз.
Лекин хар бир сафар ҳам шаръий аҳкомларнинг ўзгаришига сабаб бўлавермайди. Бунинг учун алоҳида шартларни ўзида мужассам қилган сафар бўлиши лозим.
Шунинг учун, шаръий ҳукмлари ўзгарадиган сафар қиладиган мусофир кимлигини билиб олишимиз лозим бўлади.
Шаръий мусофир бўлган одамга эса намозни қаср қилиб ўқишга, рўза тутмасликка рухсат берилади. У, махсига уч кечаю уч кундуз масҳ тортади ҳамда Жумъа, ийд намозлари ва қурбонлик қилиш ундан соқит бўлади.
Хўш, ўша мусофир ким ўзи? Бу саволга жавоб қуйидагича.
Мусофир ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир.
«Ўз юртларининг уйлари» деганда шаҳарнинг четидаги уйлар кўзда тутилади. Мусофир қайси йўналишда кетаётган бўлса, ўша тарафдаги охирги уйдан ажраганда мусофирлик бошланади. Агар шаҳарга туташган қишлоқ бўлса, ўша қишлокдан ўтгандан кейин мусофирлик бошланади.
Анас розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадийнада Пешинни тўрт ракъат ва Асрни Зул Ҳулайфада икки ракъат ўқидим». Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиққан бўлсалар ҳам, Мадийнадан чиқмаганлари учун, Пешинни тўрт ракъат ўқиганлар. Асрда шаҳардан чиқиб Зул Ҳулайфа деган жойга етиб қолганлари учун намозни қаср қилиб икки ракъат ўқиганлар.
“Уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб” деган гапни ҳам шарҳ қилишимиз лозим бўлади. Бунда уч кун юриш учун, уч кеча дам олиш учун бўлиши кўзда тутилган. Бунга далил қуйидагича:
Ҳузайма ибн Собит розияллоҳу аҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маҳсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», - дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Мана шу ҳадисдан уч кунлик сафарни ният қилмаган одам шаръий маънодаги мусофир бўлмаслиги келиб чиқади. “Масофани қасд қилиб” дейилгандан масофани қасд қилмай содир бўлган сафар шаръий ҳукмларга тегишли сафар бўлмаслигини билиб оламиз.
Мисол учун, биров қочиб кетган отини ушлайман деб йўлга чиқса ва бир неча кун уинг ортидан қувиб юрса ҳам, намози тўлиқ ўқийди.
“Уч кунлик масофани”ни босиб ўтиш вақтидаги кунларга мўътадил юртлардаги энг қисқа кунлар эътиборга олинади. Яъни, кундузи жуда қисқа ёки жуда ҳам узун бўладиган юртларни эмас, ўртача бўладиган юртларнинг куни олинади. Ўшанда ҳам эрталабдан пешингача юргани ҳисоб. Қолгани намоз, дам ва овқатланишга чиқарилади. Ва мна шу юриши ўртача юриш ила бўлмоғи лозим бўлади.
Ўртача юриш бўлганда ҳам, отнинг ёки бошқа ҳайвоннинг эмас, туянинг юриши ҳисобидандир. Шунингдек, оддий пиёда юришда уч кун юриладиган сафар бўлиши керак.
Мабодо, денгиз сафари бўладиган бўлса, ўша вақтдаги шамол кучи билан юрадиган кемаларнинг қаттиқ шамол тургандагиси ҳам эмас, шамолсиз қолган вақтдагиси ҳам эмас, денгизчилар урфидаги мўътадил юриши ҳсобга олинади.
Тоғда юриш эса ўзига хос бўлади. Албатта, унда текисликдан юргандан кўра бошқача юрилади. Яна, тоғ билан тоғ ўртасида ҳам фарқ бор. Шунинг учун, ундаги юриш ҳам ўзига муносиб равишда ҳисобланади. Агар тез юриб мазкур масофани ундан оз вақда босиб ўтадиган бўлса ҳам, қаср ўқийди.
Мусофир субҳдан заволгача йўл юрса, бир кун йўл юрди, деб ҳисобланади. Ушбу йўлни ўртача юриш билан босиб ўтмоқлик эътиборга олинган. Ўртача юриш, деганда туя ва пиёда кишининг юриши кабиларга айтилади. Ҳозирда бу масофа камида саксон бир километрни ўз ичига олади. Ушбу масофадан камроқ ерга йўл олган киши мусофир ҳисобланмайди. Агар ушбу саксон бир километр масофани автомобилда ёки самолётда оз фурсатда босиб ўтса ҳам, намозларини қаср қилиб ўқиши вожиб бўлади.Чунки намозни қаср қилиб ўқишлик сафар машаққатини кетказиш учун йўлга қўйилмаган. Балки бу аслига қайтишдир. Зеро, аслида намозни дастлаб икки ракъатдан ўқиш фарз бўлган, кейинчалик сафардаги намозлар шу холида қолган, муқимдагилар учун эса икки ракъат зиёда килинган. Мабодо, мусофирга енгиллик қилиш учун қаср қилиб ўқиш буюрилганда, асли тўрт ракъатли намозлар икки ракъат қилинган бўлар эди. Лекин аслида тўрт ракъатли намоз бўлмаган, улар икки ракъатдан бўлиб, кейинчалик муқим кишилар учун икки ракъат зиёда қилиниб, тўрт ракъатли намозлар жорий қилинган. Мусофирлар учун эса асли бошида фарз қилинган намоз ўз ҳолида қолдирилган.
Мусофир ўзи яшаб турган маконининг томлари, дарахтлари кўринмайдиган жойдан бошлаб, намозларни қаср қилиб ўқийди. Қаср ўқишлик учун ўша жойнинг биноларига туташган боғлардан ажраб чиқишлиги шарт эмас. Чунки боғ яшаш жойи, деб эътиборга олинмайди. Мусофирга намозни қаср қилишлик вожибдир. Бутун қилиб ўқишлик жоиз эмас. Мабодо, бутун қилиб ўқиса, гуноҳкор бўлади. Чунки у қаъдаи охирдан кейинги саломни кечиктирди. Мусофирнинг шу ҳолда иккинчи ракъатдан кейинги ўтириши қаъдаи охир ҳисобланади. Агар қаср килмай, тўрт ракъат ўқиса, кейинги икки ракъати нафл ҳисобланади, ушбу нафлни такбири таҳримасиз бошлаган, сано билан «Аъузу…»ни ҳам тарк қилган бўлади. Агар ўртадаги қаъдани ташаҳҳуд миқдорича ўтирмай, учинчи ракъат ва тўртинчи ракъатни адо қилган бўлса, фарз намози ботил бўлиб, унга қайта ўқиш вожиб бўлади, чунки мусофирнинг иккинчи ракъатидан кейин қаъдада ўтириши фарз эди. Агар мусофир намозни қаср қилиб ўқиётган бўлса, унга икки ракъатдан кейинги ракъатларда ўша фарз намозини ўқувчига иқтидо қилиши дуруст эмас. Чунки фарз ўқувчи нафл ўқувчига иқтидо қилиши жоиз эмас эди.
Абдуллаев Азимхон
таълим муассасаси ўқитувчиси