![](https://hidoya.uz/storage/c7/9e/c5/4121/conversions/ehson-large.jpg)
Ўзгаларга яхшилик қилиш
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: "Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсондир.
Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг - эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир".
Зотан, ҳар бир кунини, ёинки ҳар бир сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва хожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш - улкан саодат.
Инсонларга яхшилик қилиш - уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтди:
"Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз - шоядки, нажот топсангиз!".
Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.
Аллоҳ таоло Ўз каломида сизу биз, яъни бандаларига қарата хитоб қилади: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг ("Моида" сураси, 2-оят).
Инсонларни доимо яхши ишга далолат қилмоқ катта-ю кичик, ёш ва кексаларнинг бурчидир. Айниқса, ёши улуғ кишиларимиз ёшларга қилаётган панду насиҳатларини тинглаб, амалда қўллаб борсак, асло адашмаймиз, ҳаётимиз янада гўзал ҳамда фаровон бўлади.
Мусулмон киши ўзининг ижтимой ҳаётида адо қиладиган яхши амаллари билан намоз ўқиш учун масжид сари босган қадами ўртасидаги бу боғланиш қандай ҳам гўзал! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни алоҳида таъкидлайдиларки, Ислом дини Инсонга ва унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.
Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир.
Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади.
Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: "Яхшилик қилишнинг барчаси - садақадир" - деб марҳамат қилганлар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик - эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади", деганлар.
Муҳиддинов Алишер
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқитувчиси