Вақт неъмати
Аллоҳ таоло бу оламни тартиб ва интизом билан яратди. Унда кеча ва кундузи бор. Бирининг ўзинниг муддати ва яна бирисининг ўз вақти бор. Ушбу кеча ва кундузни соату дақиқаларга, сонияу нафасларга бўлди. Бандани ҳам Ўзи хоҳлаган хилқатда яратиб, унга ҳам бу дунёи фонийда бир қисқа вақтли, оз муддатли умр бериб чегаралаб қўйди. Ва бандаларининг ҳар бир ҳатти ҳаракатини, ҳар бир нафасини ва омонат қилиб берган умрни қандай ўтказганини банданинг ўзига исботлаш учун икки фаришта “киромайн котибайн”ларни ҳам яратиб, гувоҳ қилиб қўйди. Ҳатто қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилиш учун, қани бандам вақт деган неъматимни қадрига етиб, умрини беҳуда ўтказмадимикин?!
Шунинг учун Аллоҳ таоло бизларга вақт деган неъматнинг нақадар буюк ва қадрли эканлигини билдириб, шундай дейди:
وَسَخَّر لَكُمُ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ دَآئِبَينَ وَسَخَّرَ لَكُمُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ (33) وَآتَاكُم مِّن كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَتَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا
“У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна У зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйинсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғини етолмайсизлар”[1]
Ва яна дейди:
وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِّمَنْ أَرَادَ أَن يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُورًا
“У эслатма –ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирнинг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир”[2]
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг икки неъмати, кеча ва кундуздан ибрат олиш мумкин. Аввало умрнинг тугаб бораётганлиги, албатта, яхши кунлар билан бирга, банданинг бошига ёмон кунлар ҳам борлиги, кундузлари ишлаб, кечалари дам олишликка қулай эканлиги, қуёш чиқиб ботади, инсон ҳам қанчалик даражада кўтарилмасин барибир ҳам бир кунмас, бир кун тушишлиги ва ҳоказо...
Аллоҳ таоло вақтнинг аҳамиятлигини билдиришлиги учун Қуръонда бир неча вақт билан қасам ичган:
وَالْفَجْرِ – "Тонгга қасам”, وَاللَّيْلِ إِذَا يَغْشَى – “Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам”, وَالنَّهَارِ إِذَا تَجَلَّى – “Ёришиб – кўринган кундузга қасам”, وَالضُّحَى – “Чошгоҳ вақтига қасам”, وَالْعَصْرِ – “Асрга қасам”
Агар Аллоҳ таоло ўзи яратган махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичса, бу ҳолат бирор ҳодисага инсонларнинг диққатини қаратиш ҳамда ўша қасам ичилган нарсанинг қадри ва манфаати улуғлигини инсонларга билдириш эканини муфассирларимиз билдиришган.
Парвардигори олам буюрган ҳар бир ибодатнинг ўз вақти бор. Масалан 5 вақт намозни хоҳлаган пайтда ўқиса бўлавермайди. Ҳар бир амал вақтга боғлиқ, Аллоҳ таоло дейди:
إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا[3]
“Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир”
Пайғамбаримиз с.а.в.дан сўраганларида:
قَالَ سَأَلْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- أَىُّ الأَعْمَالِ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ قَالَ « الصَّلاَةُ عَلَى وَقْتِهَا ».
“Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ наздида қайси амал маҳбуб” деганларида, “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деб марҳамат қилдилар.
Худди шунга ўхшаш Рамазон рўзаси бўлсин, Ҳаж бўлсин буларнинг барчасини ўзи белгилаб қўйилган маълум бир муддати бор. Ҳатто закотни ҳам ўз вақти бор, яъни бир йил тўлгандан кейин беради.
Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: Аллоҳ таоло дейди: “Эй Одам фарзанди! Шуми менга адолатинг?! Мен сени неъматлар билан суяман. Сен эса гуноҳлар билан Менга жавоб қайтарасан. Яхшилигим сенга нозил қилинган, ёмонлигинг Менга кўтарилгандир. Қанча улуғ фаришталар бор, сенинг қабиҳ амалингни Менга олиб чиқишади”.
إِنَّ اللّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنْفُسِهِمْ
“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”[4].
Биз ўзгармасак неъматни ўзгартирмайди, бизлар тоинки ушбу берилган фароғат вақтларни, тинч вақтларни қадрига етмас эканмиз, олиб қўйиши ҳеч нарсамас. Агарчи қадрига етсак, Аллоҳ таоло бизларни тинчлик ва фароғат неъматларига бардавом қилаверади.
Қиёмат кунида кофирлардан биринчи бўлиб сўраладиган нарса бу вақтдир бунинг далили Қуръонда келган, яъни, улардан куфрлари ҳақида сўралганда, улар “ Ё Раббий, биз билмаган эдик, бизларни чиқар” деб дод фарёд қилганларида Аллоҳ таоло дейди:
أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُم مَّا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَن تَذَكَّرَ وَجَاءكُمُ النَّذِيرُ فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِمِينَ مِن نَّصِيرٍ
“Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантиргувчи келмаган эдими?! Бас, энди, тотаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир”[5].
Мусулмонлардан ҳам қиёматда сўраладиган нарса бу умр ҳақида. Муоз ибн Жабалдан ривоят қилган ҳадисда: Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар:
عَنْ مُعَاذِ بن جَبَلٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"لا تَزُولُ قَدِمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعِ خِصَالٍ: عَنْ عُمُرُهِ فِيمَا أَفْنَاهُ؟ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا أَبْلاهُ؟ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ؟ وَعَنْ عَلِمهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ؟"
“Банда қиёмат куни 4 хислатидан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди: 1. Умрини нима билан ўтказгани? 2. Ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани? 3. Молу дунёни қайси касб орқали тпгани? 4. Ўрганган илмига қандай амал қилгани?”
Ҳасан Басрий дейдилар: “Одамлар дирҳамларини йўқотишдан қўрқадилар, аммо вақтларни бой беришдан қўрқмайдилар”.
Расулуллоҳ с.а.в.нинг Саъд ибн Муоз деган саҳобалари бўлган 30 ёшида иймонга келиб 37 ёшида вафот этган. Расулуллоҳ у зот ҳақида нима деганлар биласизми? Вақтики Саъд ибн Муознинг вафотлари ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.га хабар етиб келганида:
عَنْ جَابِرٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « اهْتَزَّ عَرْشُ الرَّحْمَنِ لِمَوْتِ سَعْدِ بْنِ مُعَاذٍ ».
“Саъд ибн Муознинг вафотидан Раҳмоннинг Арши ларзага келди” деб айтдилар Пайғамбаримиз с.а.в.
Имом Нававий, буюк аллома, атиги 40 йилгина умр кўрганлар, бир неча томлик 500 та китоб ёзганлар. Илм билан бўлиб қолиб ҳатто уйланмаган эканлар. Пуллари йўқлигиданмас, балки вақтларининг йўқлигидан, умрларини ғанимат билиб, Аллоҳ йўлига сарфлаганларидан.
[1] Иброҳим 33-34-оят
[2] Фурқон 62-оят.
[3] Нисо 103-оят
[4] Раъд 11-оят.
[5] Фотир 37-оят.
Султонмаҳмудов Абдулмажид
таълим муассасаси ўқитувчиси