Тажвид илмининг аҳамияти (1-қисм)
Барчамизга маълумки, мусулмонлар қадимдан тажвид илмига катта аҳамият бериб келган. Ўтган уламолар бу йўлда ўзларининг кўп хизматлари ва ғамхўрликларини кўрсатиб, кўплаб асарлар таълиф қилганлар.
Мўмин мусулмонлар зиммасида Қуръони Каримни ўрганиш масъулияти мавжуд экан, уларнинг энг асосийси қуръонни тўғри, тажвид қоидаларига мос ҳолда тиловат қилишдир. Мақсад - Аллоҳнинг Каломини тадаббур этиш, унинг маъноларини тўғри фаҳмлаб етиш ва амал қилиш. Бу нарса тажвид илмини мукаммал эгаллаган устозлардан таълим олиш йўли билан амалга оширилади. Ҳамма ўз имкониятига қараб бир устоз топиши ва тажвид илмини ана ўша устоз ёрдамида эгаллаши лозим.
Энди бевосита тажвид илми ҳақида тўхталиб ўтамиз. Қуръони Карим бизгача ишончли ровийлар томонидан нақл қилиниб келинган ва унинг таълими “мушоҳафа- оғзаки” йўли билан амалга оширилади. Барча қорилар силсиласи Набий саллаллоҳу алайҳа ва салламга бориб тақалади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам эса, ўз навбатида, Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссалом воситасида қабул қилганлар. Жаброил алайҳассаломга Аллоҳ таоло томонидан ушбу Китобни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга етказиш омонати топширилган.
Бу ҳақда Қуръон Каримда шундай дейилган: "Сен уни руҳул кудус Роббингдан иймон келтирганларни собитқадам қилиш учун ва мусулмонларга хидоят ва хушхабар этиб ҳақ ила туширганини айт". Эй Муҳаммад! Сен уларга Қуръонни Аллоҳ таоло хузуридан руҳул қудус унвонига эга бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом олиб тушганини айтинг!
Қуръон Каримни тажвид билан ўқиш қуръон ўқувчи хар бир муслим ва муслима учун фарзи айн ҳасобланади. Тажвид илмини ўрганиш фарзи кифоя бўлиб, тиловат қилганда унга амал қилиш фарзи айндир.
Киши хоҳ намозда, хоҳ намоздан тапқарида бўлсин тиловатини дуруст қилиши лозим.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у кишининг умматларига шундай амр қилган:"Ёки у (ярим) га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил”[1].
Яъни, кечанинг ярмидан кўпроғини ибодат билан ўтказгинда, озроғида ухлагин. "қуръонни тартил билан ўқиш" деб уни дона - дона , ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида - алохида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.
Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин -мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳассаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Мусулмон уммати эса, авлоддан - авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръони карим қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун, ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари буйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай башорат қиладилар: "Қиёмат кунида Аллоҳ Қуръон қорисига: "Ўқиб кўтарилиб боравер, у дунёда қандок ўқиган бўлсанг, шундоқ ўқи, охирги оятни ўқиган жойинг сенинг (жаннатдаги) мартаба манзилинг бўлади, дейди ".
"Тартил" сўзи бирон нарсани шошмасдан, очиқ - ойдин ва тушунарли айтиш маъносига эга. Ибн Аббос ушбу оятни "Ҳамма тушунадиган қилиб ўқинг", Заҳҳок эса, "Ҳарфма - ҳарф қироат, оятни дона - дона қилиб ўқинг", дея тафсир қилишган.
Абу Исҳоқ: "Тартил қироатда шошилмасликдир. Бу ҳар бир қироатни ўз махражидан чиқариб, уларни бир - бири билан аралаштириб юбормай ўқиш орқали бўлади", деб айтган.
Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг Китобини тўғри тиловат қиладиган бандаларини мақтаб шундай дейди:
"Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтирадилар. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар ўзлари ютқазганлардир".
Агар яҳудийлар ҳақиқий Тавротни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етадилар. Насронийлар ҳам Инжилни бузмасдан, инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Мухаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини англаб етадилар. Кимки Қуръони Каримни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқиса, унга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етади. Бу улкан ҳақиқатни ушбу ояти кариманинг биринчи жумласидан тушуниб оламиз.
"Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтирадилар".
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу "ўрнига қўйиб тиловат қилиш"ни: "Ҳалол деганини ҳалол билиб, ҳаром деганини ҳаром билиш, Аллоҳ кандай туширган бўлса, шундай ҳолда ўқиш, маъноларини бузмаслик, ўзича нотўғри таъвийл килмаслик", деб таъвийл қилганлар.
Шу ва шунга ўхшаш шартларга амал қилиб, инсоф билан тиловат этганлар иймонга келиб, икки дунё саодатига эга бўладилар. Кимки кофир бўлса, икки дунёда ютказади.
"Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар ўзлари ютқазганлардир".
Аллоҳ таолонинг китобига куфр келтирганлар ютқазмасалар, ким ютқазар эди.
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг Китобини тўғри ўқимайдиган, тажвид қоидаларига амал қилмайдиган эътиборсиз кишилар мазаммат (маломат) қилинмокда.
[1]. Шайх муҳаммад содиқ муҳаммад юсуф.тафсири ҳилол,6 ж,музаммил сураси,4 оят.
Отаханов Адҳамжон
таълим муассасаси ўқитувчиси