Тажвид илмининг аҳамияти (2-қисм)
Набий саллаллоҳу алайҳа васаллам шундай деганлар: "Қуръонни тағанний қилмаган одам биздан эмас!" (Бухорий ривояти).
Имом Шофеъий: "Ушбу хадиснинг маъноси қироатда овозни чиройли ва майин қилишдир", деб айтган.
Жаноб пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
"Ҳар бир Куръон ўқувчига тажвидга амал қилмок фарзи айндир".
Тажвид риоясини маҳкам тутмок фарзу лозимдур,
Қуръонни тажвид-ла гўзал қилмас осию-осимдур.
Зеро, Илоҳимиз бизга шундай туширган,
Худди шу тиловати ундан бизга етиб пиширган.
Жаноб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир Қуръон ўқувчига хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, тажвидни билмоғи ва унга амал қилмоғи фарздир" - деганлар.Яъни, тажвидга тааллуқли равишда "Қуръони Карим гоҳ сенинг фойдангга бўлур ёки батаҳқиқ сенинг зарарингга бўлур", - деганлар.
Демак, тажвид билан ўқувчи нажот топиб, тажвидсиз ўқувчи эса нажот топмас экан. Тажвиднинг вожиблиги хусусида тажвид олимларимиз улуғ саҳобалар билан рўй берган икки воқеани келтирадилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида яҳудийлар юзта қизил туяга қимматбаҳо совғалар ортиб ул зотнинг ҳузурларига келадилар ва Қуръондаги бир дона нуқтани ўзгартиришни сўрайдилар. Бунинг эвазига шу юз туяни совғалари билан беришларини айтадилар. Сабаб: Ҳазрати Мусо ва Ҳизр алайҳимоссаломлар бир бой яҳудийни уйида бир кеча тунаб қолишни сўраганларида, у рад жавобини берган эди. Қуръони Каримнинг Каҳф сурасида бу воқеа баён этилар экан, сўровларини рад этишларини "або" лафзи билан келтиради. Маълумки, "бо" қироатининг нуқтаси тагига кўйилади. Агар шу нуқтани тепасига чиқариб, уни "то" , "ато" лафзига айлантирилса, оятнинг мазмуни буткул ўзгариб, яҳудийларнинг ҳунук қилмишлари ёпилган бўлур эди. Қуръонни ўзгартиришдан Аллоҳ сақласин.
Лекин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бунга зинҳор рози бўлмадилар, балки айтдиларки: " Бир қўлимга дунёдаги барча бойликларни қўйиб, бошқасига Қуръондаги бир дона нуқтани қўйсалар ҳам бунга ҳеч рози бўлмайман".
Иккинчи воқеа ҳазрати Али розияллоҳу анҳу даврларида бўлиб, ул зотга бир кишини жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан безор экани ҳақида хабар беради. Албатта шариат юзасидан уни дорга осиш шарт эди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ундан бунинг сабабини билмоқни истайдилар. Шунда ҳалиги сўзни айтаётган киши: "Мен Аллоҳ безор бўлган расулдан безорман", деб жавоб берди. Шундан маълум бўладики, у жойдаги таниқли қорилардан бири "Тавба" сурасининг аввалги оятларидан бирини бузиб ўқиётган қорини чақиртирадилар ва у "Аллоҳ мушриклардан безордир ва унинг расули ҳам" оятидаги "росулуху"ни "росулиҳи" шаклида ўқиб унинг маъноси ни тўғри деб даъво қилди. Яъни,"Аллоҳ мушриклардан ва расулидан безордир".Қори даъвосидан қайтмади, шунда уни қатл қилишга хукм қилдилар.Мана шу каби Қуръони Каримни шаънини қаттиқ ҳамоя қилиш воқеалари динимиз тарихи битилган кўплаб китоблардан кўриш мумкин.
Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан тажвидли ҳолида нозил қилингани ҳаммамизга маълум. Бу ерда тажвиднинг илм сифатида дунёга келишига сабаб бўлган кишилар ҳакида сўз кетмокда. Ислом дини кенг тарқала бошлаганидан кейин уни ҳар хил миллатларнинг қабул қилиши кўпайди. Уларнинг тили араб тили билан аралашиб, араб тилига баъзи ўзгаришлар кира бошлади. Мусулмонлар бу ўзгаришлар Аллоҳ таолонинг Китобига ҳам таъсир келишидан қўрқиб, унинг олдини олиш чорасини ахтардилар. Аввалда нуқта ва ҳаракатлардан холи бўлган Усмоний Мусҳафга нуқта ва ҳаракатлар қироат соҳаси мутахассислари ва тилшунос олимлар томонидан қўйилди. Масалан: " т " , " қ", !" ф " ҳарфларининг нуқталари қўйилмаган. Чунки, у даврда аксарият кишилар Қуръонни ёд билган, кейинчалик эса, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ҳарфлар усти ёки остига нуқта ва белгилар қўйишга эҳтиёж сезилган. Шу тариқа аста-секинлик билан Қуръон Каримни ўқувчи ҳар бир киши амал қилиши лозим бўлган тажвид қоидалари амалга татбиқ қилина бошланди.
Баъзилар унинг асосчиси Халил ибн Аҳмад ал-Фараҳидий, деса, яна баъзилар Абул Асвад ад-Дуалий, деб келтиришади. Сўнг Қуръони Каримни тиловат қилувчи одам хатога йўл қўймаслиги учун тажвид илми ёзилди.
Бу илм тажвид ва қироат уламолари тарафидан ижод этилган фикрлар эмас, балки Аллоҳ таолонинг амри билан Лавҳул Маҳфуздан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳа васалламга етказилган омонатдир. Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан тажвид соҳасида олган таълимларини софлигича бу фан уламоларига етказиб бердилар.
Ҳижрий йилнинг учинчи асрида қироат илми бўйича Абу Убайд ал-Қосим ибн Саллам биринчи бўлиб " Ал-қироат" китобини ёзди.
Тажвид илмига оид илк китоб Абу Муҳозим ал-Хоқонийга тегишлидир. Мазкур китоб ҳижрий учинчи асрнинг охирида ёзилган.
Хижрий йилнинг тўртинчи асрига келиб Ҳофиз Абу Бакр ибн Мужоҳақ ал-Бағдодий етти қироат илми ҳақида китоб ёзди. У ҳижрий 324 йилда вафот этган.
Хижрий йилнинг олтинчи асрига келиб Имом Шотибий " Хирзу ал-амоний ва важҳу ат-таҳаний" китобини ёзди. Бу китоб "Шотибийа" номи билан машҳур бўлган. Тажвид бобида энг мўътабар ва машҳур асарлар сирасидан ҳасобланади. Муаллиф кўзи ожиз бўлсада, ушбу машҳур қасидасида етти қироат шеърий услубда битилган бўлиб, 1173 байтдан иборат. Асарнинг жуда кўп шарҳлари ва мухтасар шакллари мавжуд. Сўнгра бу илмга тааллуқли бир неча китоблар таълиф қилинди. Улар орасида Муҳаммад ибн ал-Жазарийнинг китоби диққатга сазовор бўлиб, у бир неча қироат ва тажвид китобларига муаллифлик қилган.
Отаханов Адҳамдон
таълим муассасаси ўқитувчиси