ҚАСР НАМОЗИ ВА УНИНГ МАСОФАСИ
Аллоҳ таоло: «Қачонки ер юзида сафар қилсангиз, сизларга намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўқдир», деган (Нисо: 101).
Ушбу ояти карима ила Аллох, таоло сафарда намозни қаср қилиб, тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракъат қилиб ўқишни шариатга киритан. Чунки сафарнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва машаққатлари бўлади. Сафардаги кишиларга ўшаларни енгиллаштириш учун Аллоҳ таоло меқрибонлик қилиб, тўрт ракъатли намозларнинг ярмини қисқартириб енгиллик берган. Бу Ислом осонлик дини эканини кўрсатади. Шу билан бир вақтда намознинг нақадар аҳамиятли ибодат эканини ҳам кўрсатади.
Қуръони каримда келган бу умумий ҳукмни ушбу фаслдаги ҳадиси шарифлар муфассал баён қиладилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинадан Маккага чиқдик.У зот Мадинага қайтгунимизча икки ракъатдан намоз ўқиган эдилар”, деди. Мен: ”Маккада бир муддат турган эдиларингми?” дедим. “Ўн кун турган эдик”, деди у”. (муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Сафарда ўз ватанидан чиққанидан бошлаб унга қайтиб келгунича намозни қайтиб ўқиш кераклиги.
2. Бир жойга бориб ўн кун турса ҳам намозни қаср қилиб ўқиш керак.
3. Бир киши яшаётган жойидан ўзининг эски ватанига борса ҳам намозни қаср ўқиши. Чунки Маккаи мукаррамада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва у зот билан бирга ўша сафарда бирга борган мухожир сахобалар учун эски ватан саналар эди.
4. Намозни қаср қилганда икки ракат ўқилиши.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн тўқиз кун намозни қаср қилиб ўқиб турганлар. Бас, биз қачон ўн тўққиз кунлик сафар қилсак, қаср намоз ўқиймиз. Ундан зиёда қилсак, намозни тўла қилиб ўқиймиз”, дедилар”. (Бухорий Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.) Термизийнинг лафзида:
“Биз билан орамизда ўн тўққиз кун бўлса, намозни икки ракат, икки ракат ўқиймиз. Қачон ундан кўпроқ турсак, тўрт ракат ўқиймиз дейилган”.
Гарчи бу ҳадислар машҳур муҳаддислар томонидан ривоят қилинган бўлса-да, уни фиқҳий мазҳаблар амал учун қабул қилмаганлар. Чунки бу ҳадиси шариф изтиробли ҳадисдир. Яъни, турли ривоятларда турлича бўлиб, изтиробга тушиб қолган, сокинлиги йўқ ҳадисдир. Бу ривоятда ўн тўққиз кун дейилгани билан бошқа бирида ўн саккиз кун, учинчисида эса ўн етти кун, дейилган.
Моликий ва Шофеъий мазҳабларида бир киши бир ерда тўрт кун қолмоқчи бўлса, намозни тўла ўқийди.Ундан озроқ бўлса, қаср қилиб ўқийди дейдилар.
Ҳанбалий мазҳабида эса, ким тўрт кундан ортиқ, бошқача қилиб айтганда, йигирма вақт намоз муддатидан кўп турмоқни ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди,Ундан оз бўлса қаср ўқийди дейилган.
Ҳанафий мазҳабида эса, бир киши бошқа бир жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ турмоқни ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди, ундан оз турмоқни ният қилса, қаср ўқийди.
Ҳанафий мазҳаби бу ҳукмни буюк саҳобийлар Ибн Аббос ва Ибн Умар розиаллоҳу анҳумлардан қилинган қуйдаги ривоятга асосланиб олганлар:
“Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юртда ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўла ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқшингни билмасанг, намозни қаср ўқи.”
Шунинг учун ҳар ким ўз мазҳабига амал қилса, яхши бўлади. Бу масалалар ҳар бир мазҳабнинг фиқҳ китобларида мукаммал ва муфассал баён қилинган.
Ибн Умар розиаллоҳу анҳумодан ривоят қиинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Минода икки ракат намоз ўқидим. Абу Бакр ва Умар билан ҳам. Шунингдек, Усмоннинг амирлиги бошида ҳам, кейинроқ У тўлиқ ўқиди”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)
Мино Маккаи мукаррама яқинидаги машҳур жой бўлиб, у ерда хожилар тарвия – Арофатдан бир кун аввалги кун ва Ҳайит ҳамда тош отиш кунлари муқим бўладилар. У ерда шайтонга тош отадиган жойлар ва “ Хойф” масжиди бор.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг айтшларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотдан кейин ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умарлар ҳам умрларнинг охирларигача Минодаги намозни қаср ўқиганлар. Ҳазрати Усмон эса, халифаликлари бошида қаср ўқиб, кейинроқ тўлиқ ўқиганлар.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бу ишлари баъзи бир норизоликларига сабаб бўлган. Ўшанда у киши бунга изоҳ бериб, мен бу сана Маккадан уйланган эдим, шунинг учун муқим бўлдим, деб ўйлаб намозни тўлиқ ўқидим, деганлар.
Шуларни эътиборга олганда Минода намози қаср ўқиш масаласига Ҳазрати Усмон ўзгартириш киритганлар, деб бўлмайди. Балки у Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида қандай собит бўлса шундоқ бардавомдир.
Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумолар тўрт барид - ўн олти фарсахда (намозни) қаср қилиб ўқир ва оғизларини очар эдилар».
Ҳанафий уламоларининг кўплари, сафар фарсахлар билан ўлчанмайди, деганлар. Бошқа мазҳаблар эса, сафар масофаси тўрт барид бўлса, шаръий сафар бўлади ва унда намозни қаср қилиб ўқишга рухсат бўлади, дейдилар.
Барид масофа бирлиги бўлиб, бир барид тўрт фарсахга, ҳадисда келган тўрт барид эса, ўн олти фарсахга тўғри келади. Бир фарсах 5544 метр, тўрт фарсах эса 22176 метр бўлади. Тўрт барид эса 88704 метр бўлади.
Барид луғатда почта маъносини билдиради. Илгариги вақтда Ислом ўлкаларида почта ишлари от ила юриб амалга оширилган. Шаҳарлар орасидаги почтахоналар маълум масофага қурилган. Бир барид билан иккинчисининг ораси тўрт фарсах, яъни, 22176 метр бўлган.
Ҳар почтахона баридда ходимлар отларини боқиб, шай бўлиб турганлар, аввалги бариднинг ходимлари ўзоқдан кўриниши билан йўлга тайёр бўлиб отни миниб чиққанлар. Улар келиб почтани топшириши билан от чоптириб олға босганлар. Биринчи почтахона билан иккинчиси ораси километр деб эмас, ўша вақтнинг таомилига кўра «барид» деб айтилган.
Биз ўрганаётган ривоятга кўра, тўрт барид, яъни, 88 км704 метр жойга сафар қилган одам мусофир ҳисобланган. Ҳанафий мазҳаби ўлчовига кўра, 96 километр масофа — сафар масофаси деб олинган.
Лекин намозни қаср қилиб ўқишга оид барча оят ва ҳадисларни тўлиқ, ва атрофлича ўрганиб чиққан уламоларимиз мусофирлик ва унда намозни қаср қилиб ўқиш учун масофани эмас, муддатни белги — ўлчов қилганлар. Юриш тезлигини ва бошқа шартларни ҳам эътиборга олганлар.
Ана шуни эътиборлардан Ҳанафий мазҳабида: «Мусофир одатда сафарга отланиб, ўртача юриш ила уч кунлик йўл юришни ният қилиб, ўз турар жойидан ажраб чиққан кишидир».
Бошқа мазҳабларда эса, икки кунлик йўл эътиборга олинган.Унда кундузи йўл юриб, кечаси дам олиш зарур, деб ҳисоблаган. Ўша даврларда мазкур вақтда тўрт барид масофа юрилган бўлса керак. Шунинг учун ҳам бугунги кунимиздаги уламоларимиз намозни қаср ўқиш масаласида икки хил фикр айтадилар. Масофани эътиборга олганлар 88 километр ёки 96 километрга сафар қилган одам намозни қаср ўқийверади, дейдилар.
Баъзи уламолар юқорида зикр қилинган вақт ва шароитда пиёда юриб, ҳар қадамини ўлчаб уч кунлик йўл 88 км билан 96 км орасида чиқишига гувоҳ бўлганлар. Улар туяга юк юклаб, юргизиб кўриб ҳам худди шу каби натижани гувоҳи бўлтанлар. Ва, ниҳоят, икки тарафнинг услуби икки хил бўлса ҳам, натижа бир хил экан, деган хулосага келганлар.
Баъзи бир уламоларимиз эса, мазкур масофага бориш бугунги кунда намозни қаср қиладиган сафарга ўхшамай қолди. Шунинг учун сафарни эъти-борга олишда масофа ўзунлигини эмас, вақтни эътиборга олсак яхши бўлади. Бир киши одатда мусофир қиладиган ишларни ниятни, қилиб, керакли нарсаларни олиб, аҳли аёли билан хайрлашиб, тунашга уйига қайтиб кела олмайдиган даражада сафарга чиқса, ҳақиқий мусофир ҳисобланади, дейдилар.
Бизнинг фикримизча ҳам ушбу иккинчи йўл рожих, ҳисобланади.
Яҳъё ибн Язид ал-Ҳуноний розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан намозни қаср қилиш ҳақида сўрадим. Бас, у киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уч миллик ёки уч фарсахлик йўлга чиқсалар, намозни икки ракъат ўқир эдилар», деди». Муслим, Абу Довуд ва Ахмад ривоят қилишган.
Ҳадиснинг ровийси Яҳъё ибн Язид ал-Ҳуноний розияллоху анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.
Яҳъё ибн Язид ал-Ҳуноний розияллоҳу анҳу улуғ тобеинлардан бўлиб, ҳадисларни Анас ибн Молик, Фарзадақ ва бошқа кишилардан ривоят қилдилар.
Бу кишидан Муҳаммад ибн Динор, Халф ибн Халифа, Утба ибн аз-Зобий, Шўъба ва бошқалар ривоят қилишди.
Бир мил 1848 метр бўлиб, уч мил бир фарсахни, яъни 5544 метрни ташкил қилади.
Ушбу ривоятда ровий шакка тушиб уч мил, дейилдими ёки уч фарсах, дейилдими аниқлай олмай қолиб, икковини ҳам айтган.
Қоида бўйича бундоқ пайтларда эҳтиёт томони қабул қилинади. Яъни, бу ҳолатда уч фарсах қабул қилинади. Чунки уч мил ҳам уч фарсах ичига киради. Аммо уч мил олинса-ю, аслида фарсах дейилган бўлса, шаръий амалда камчиликка йўл қўйилган бўлади. Яъни, намозни қаср ўқиш шарт бўлмаганда қаср ўқилган бўлади.
Бунинг устига бошқа ривоятлар ҳам уч эмас, балки тўрт фарсахда намоз қаср ўқилишини таъкидламокда. Албатта, ривоятларнинг бирида уч, иккинчисида тўрт дейилиши ва шунга ўхшаш хилма-хилликлар узрлидир. Чунки ўша вақтларда аниқ ўлчов асбоблари бўлмаган, ҳамма ўз тахминларига қараб айтганлар.
Хўш, шаръий сафарни ният қилиб чиққан одам қачондан бошлаб намозни қаср ўқий бошлайди? Бу саволга уламоларимиз ўз турар жойининг чегарасидан чиққандан бошлаб деганлар. Яъни, шаҳар ёки қишлоқнинг четидаги девордан ёки кўприкдан ўзоқлашгандан бошлаб, дейишган.
Абдуллаев Азимхон,
таълим муассасаси ўқитувчиси