Яратилиш санаси 21.12.2024

Эъробларнинг пайдо бўлиш тарихи

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қурьони Карим тери ва бошқа ёзишнинг имкони бор бўлган турли нарсаларга ҳеч кандай аломат  ёки нуқтасиз, фақат ҳарфларнинг ўзагини чизиш орқали ёзилган эди ва бу ёзилган нарсалар тарқоқ ҳолда қолган эди.

Биринчи халифа хазрати Абу Бакр Сиддиқ даврларида ўша тарқоқ ёзувлар жамланиб, кийик терисидан қилинган саҳифаларга ёзилди ва белидан боғлаб қўйилди. Учинчи халифа хазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида мазкур бели боғланган саҳифалардан керакли нусхалар кўчириб олиниб, одамларнинг бир хил қоида асосида ўқишлари йўлга қуйилди. Али иби Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврларига келганда, аввалги соф табиатли араблар озайиб, ажамлар кўпайиб кетди. Тайёр ёзилган нарсани ҳам нотўғри ўқийдиганлар кўпайди. Ана шунда бу камчиликни тўғрилаш зарурати туғилди. Хазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу заруратни хаёт воқелигидан англаб олдилар. 

Имом Байҳакий, Ибн Асокир ва Ибн ан-Нажжор Соьсоьа ибн Савҳондан ривоят қиладилар: «Бир аьробий Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келди ва: «Эй мўминларнинг амири, мана бу «Лаа яькулуҳу иллал хотун» ояти қандай ўкилади? Аллоҳга қасамки, ҳамма қадам ташлаб юради-ку?!» деди. Али табассум қилди ва «Лаа яькулуҳу иллал хотиъун», деди. «Тўғри айтдинг, эй мўминларнинг амири», деди у. Сўнгра Али Абуласвад ад-Дуалийга бурилиб қараб: «Ажамлар динга оммавий равишда кирдилар. Одамларга тилларининг тўғрилигига далил бўладиган бир нарса қилиб бер», деди. Бас, у фатҳа, замма ва касранинг расмини килди». 

Бу «Ал-Хааққоҳ» сурасининг 37-ояти бўлиб, унинг мазмуни қуйидагича: «Уни хатокорлардан бошқа ҳеч ким емас». Агар ундаги «хотиьун» сўзи «хотун» деб ўқилса, «қадам ташлаб юрувчилар» деган маьно келиб чиқади. Аслида эса «хатокорлар», яьни қасддан хато килувчилар бўлиши керак.

Шундай қилиб, араб тилини яхши билмайдиганларнинг Қурьони Каримни ўқишларини илмий равишда осонлаштириш ишлари бошланди. Кейинчалик ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Абуласвад ад-Дуалийга араб тили қоидалари илмининг асосларини кўрсатиб, уни одамларга ўргатиладиган илм даражасига келтиришни топширдилар.

Абул Қосим аз-Зажжажий «Амолий» номли китобларида ўз санадлари ила Абуласвад ад-Дуалийдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирдим. У киши бошларини қуйи солиб, ўйланиб ўтирган экандар. «Эй мўминларнинг амири, нима ҳақида фикр юритмоқдасиз? дедим. «Мен сизларнинг бу юртингизда гапда хатолар кўрдим. Арабчанинг асли ҳақида бир китоб қилмоқчиман», дедилар. «Агар ўшандоқ қилсангиз, бизни тирилтирган бўлардингиз. Бу тил ичимизда боқий қолар эди», дедим. Уч кун ўтиб, ҳузурларига яна кирдим. У киши олдимга бир саҳифани ташладилар. Унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Калима исмдир, феьлдир, ҳарфдир. Исм мусаммодан хабар берадиган (бирор нарсанинг исмини билдирадиган) нарсадир. Феъл мусаммонинг ҳаракатини билдирадиган (бирор нарсанинг ҳаракатини билдирадиган) нарсадир. Ҳарф исм ва феълдан бошқа маънони англатадиган нарсадир», деб ёзилган эди. Сўнгра у киши менга: «Ана шунга ўхшатиб, ўзинг билганинга зиёда қил. Эй Абуласвад, билгинки, нарсалар уч хил бўлади: зоҳир, замир ва зоҳир ҳам, замир ҳам бўлмаган нарсалар. Уламоларнинг фазли зоҳир ҳам, замир ҳам бўлмаган нарсаларни билишларидан ажратилади», дедилар. 

Мен у кишидан бир қанча нарсаларни жамлаб олдимда, кейин ёзиб, ўзларига кўрсатдим. Ўшаларнинг ичида насб ҳарфлари ҳам бор эди. Мен улардан инна, анна, лайта, лаъалла ва каанналарни зикр қилдим. Аммо «лаакинна»ни зикр қилмадим. У киши менга:  «Уни нима учун тарк қилдинг?» дедилар. «Мен бу улардан эмас, дебман», дедим. «Йўқ, бу улардан. Уни ҳам қўшиб қўй», дедилар». Шу тарзда Каломуллоҳнинг атрофида турли илмлар келиб чиқа бошлади. Албатта, бу ишларнинг бошловчиси сифатида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу катта фазлга эгадирлар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида у зотга нозил бўлган ояти карималарни ёзиб борган оз сонли котибларидан бири бўлишлари билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қурони Каримни тўлиқ ёд олган ва ёд олганларини у зотга ўқиб бериб, ўтказиб олган корилардан биридирлар. 

Абдусамад Усманов

таълим муассасаси ўқитувчиси