Инсониятга ато этилган улкан неъмат
Ақл – луғатдa масдар (ўзак) бўлиб “боғлаш, тўхтатиш, сақлаш” каби маъноларни англатади.
Ақлнинг таърифини уламолар қуйидагича баён этадилар: “Борлиқнинг ҳақиқатини англайдиган, моддий бўлмаган, лекин моддаларга таъсир қиладиган жавҳардир. У модданинг шаклларини ажратиб, тушунча шаклига келтирадиган ва тушунчалар ўртасида алоқалар ўрнатиб, ҳукмлар чиқарадиган, қиёс қила оладиган қувватдир.”
Ушбу таърифи билан ақл фақат малака эмас, балки айният, зидликнинг йўқлиги ва учинчи ҳолатнинг имконсизлиги каби ақл тамойилларининг барча функцияларини белгиловчи аъзо эканлиги намоён бўлади.
Инсоннинг ҳаётий фаолиятида тўғрини нотўғридан, яхшини ёмондан ва гўзалликни хунукликдан ажратувчи қувват сифатида ақл – илмий, ахлоқий, маданий-маърифий, эстетик қадриятларни белгилашда муҳим ўринга эга.
Қуръони Каримдаги оятларга кўра, инсонни инсон қилувчи, унинг барча амалларига маъно берувчи, илоҳий буйруқлар олдида инсоннинг мажбурияти ва масъулиятини таъминловчи асосий аъзо ақлдир.
Қуръони Каримда ақл калимаси 50 марта феъл шаклида келган бўлиб, биттаси мозий (ўтган замон), қолганлари эса музорий (ҳозирги замон) шаклида келган. Бу оятлар одатда «ақл юритиш» яъни ақлни ишлатиб тўғри фикрлашнинг аҳамияти таъкидланган.
Қуръон Карим ақл “билим олиш учун хизмат қиладиган қувват” ва “шу қувват ёрдамида қўлга киритилган билим” сифатида таърифланган.
Шаръий жиҳатдан мукаллафликни белгиловчи биринчи шарт ақлдир.
“Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас..” дейди (Анкабут 29/43).
Ушбу қувватлари ва билимларини яхши ишлатмаганликлари учун кофирларни “...Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар.” (Бақара 2/171) деб қоралаган.
“Аллоҳнинг изну иродасисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас. У (Аллоҳ) ақл юргизмайдиган кимсаларни азобга дучор қилур.” (Юнус 10/100) ояти билан бутун инсониятни огоҳлантирган.
Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (огоҳлантиргувчи пайғамбарнинг сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик», дерлар. (Мулк 67/10) таъкидлаган.
Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида ақл орқали билинадиган билим ана шу қувват назорати остида ишлатилиши лозимлиги ва ақлини ишлатмаган кимсаларазобга дучор бўлишлари кўп бора баён этилган.
“Шундай қилиб, ақл юргизишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилади.” (Бақара 2/242) ояти ила ақлга берилган имкониятлардан — мавжуд нарсалардаги моҳият ва тартибни англаш, шунингдек илоҳий ҳақиқатларни фаҳмлаш, улар ҳақида ўйлаб изоҳ бериш кабилар санаб ўтилган.
Маҳмудов Калимуллоҳ
таълим муассасаси ўқитувчиси