Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг фазллари
Зайд ибн Собит ибн Заҳҳоқ Ансорий ал-Хазражий розияллоҳу анҳунинг кунялари Абу Саъиддир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўн бирда эди. У киши ўзларининг қариндош-уруғларига қўшилиб мусулмон бўлган эдилар.
Бадр уруши бўлганда ёш мусулмон Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам оталари билан жангга чиқдилар. Аммо жуда кичик ва нимжон бўлганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини қайтариб юбордилар.
Бадр урушида мусулмонлар қўлига асир тушган мушриклар ичида тўлов беришга имкони йўқлари ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар учун ҳам озодликка чиқиш йўлини очиб бердилар. Бу йўл дунё тарихи мислини кўрмаган йўл эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур асирлар мусулмонларнинг болаларидан ўн кишига ўқиш-ёзишни ўргатиб қўйса, озод бўлишларини эълон қилдилар. Асирлар озодликка чиқиш йўлида мусулмон ёшларга ўқиш ва ёзишни таълим бера бошладилар.
Кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган ваҳийларни ёзиш бўйича котиблик қилиб, бўлиб, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳулар даврларида Қуръони Каримни жамлашда асосий ўрин тутган саҳобий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу худди ўша асирлардан ўқиш-ёзишни ўрганган мусулмон ёшлардан бири эдилар.
Уҳуд урушида Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом иккита совутда чиқдилар. Байроқни Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга бердилар. Бир қанотга Зубайр ибн Аввомни, иккинчи қанотга Мунзир ибн Амрни бошлиқ қилдилар.
Шу пайт ёш болалар биз ҳам урушда қатнашамиз, деб келиб қолдилар. Улардан Усомат ибн Зайд, Барро ибн Озиб, Зайд ибн Арқам, Зайд ибн Собит каби кичкиналарини ҳали урушга ёшлик қиласизлар, деб қайтардилар. Самура ибн Жундуб ва Рофеъ ибн Худайж каби каттароқларини қабул қилдилар. Уларнинг ёши ўн бешда эди. Бу сафар ҳам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг омадлари келмади. Душманга қарши жангда қатнашишга қанчалар интилсалар ҳам имкон топа олмадилар.
Хандақ қазиш ишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммага ўрнак бўлиб, тер тўкардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгиллашсин учун жўр бўлиб, шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан қўшилар эдилар.
Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб:
«Қандоқ ҳам яхши бола экан-а?» деб эркалардилар.
Иш давомида чарчаб, Зайд ибн Собит хандақда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Уйғонгач, Зайд қуроли йўқлигини кўриб, қўрқиб кетди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими?» деб ҳазил қилдилар. Сўнгра:
«Бу боланинг қуролини ким билади?» деб сўрадилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, у менда», деди Аммора.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга қуролини қайтар», дедилар-да, кейин мусулмон кишининг ўзига билдирмай, бирор нарсасини олиб қўйиб, қўрқитишдан қайтардилар.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу қандоқ қилиб бўлса ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ бўлишнинг ҳаракатида эди. Ўйлаб-ўйлаб, ёшга алоқаси йўқ иш топди. Бу иш–илм, ёдлаш ва Қуръони Каримга боғлиқ иш эди. Бола ўзининг бу фикрини онаси Нувворга айтди. Она кичик ўғлининг бу гапларидан қувониб кетди ва ўз қавмининг катталарига ўғлининг рағбати ҳақида сўз очиб, улардан ёрдам сўради.
Қавмнинг катталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлимиз Зайд ибн Собит Аллоҳнинг Китобидан ўн еттита сурани ёд олган. Уларни сизга қандоқ нозил бўлган бўлса, худди шундоқ тиловат қилади. Бунинг устига, у ўқиш-ёзишни ҳам қойиллатади. У сизнинг яқинингизда бўлмоқчи. Агар истасангиз уни бир эшитиб кўринг», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёд олган нарсаларнинг баъзисини эшитиб кўрдилар. Қарасалар, боланинг тиловати гўзал, нутқи равон. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Айниқса, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ёш туриб, ўқиш-ёзишни ўзлаштириб олганлари у кишига ёқиб тушди. У зот ўзларининг ёш саҳобаларига қараб:
«Эй Зайд, мен учун яҳудийларнинг ёзувини ўрган, мен уларга унча ишонмайман», дедилар.
«Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули», деди у.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу тезда иброний тилни ўрганиб олди ва ўша тилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини ёза бошлади. Шунингдек, у иброний тилда келган хатларни ҳам у зотга ўқиб берадиган бўлди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу сурён тилини ҳам ўргандилар ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий таржимонига айландилар.
Абу Яъло ва Ибн Асокир Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мени у зотнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу Бани Нажжорлик бир бола Сизга нозил қилинган нарсадан ўн еттита сурани ёд олган», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб берган эдим, маъқул бўлди. У зот менга:
«Эй Зайд, мен учун яҳудийларнинг ёзувини ўрганасанми? Мен уларга ўз мактубимни унча ишонмайман», дедилар.
Мен ярим ой ўтмасдан у тилни яхшилаб ўрганиб олдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб ёзадиган бўлсалар, мен ёзар эдим. Улар у зотга ёзсалар, мен ўқиб берар эдим».
Абу Яъло ва Ибн Асокир ва Ибн Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Сурёнчани биласанми? Менга мактублар келади», дедилар.
«Йўқ», дедим.
«Ундоқ бўлса, ўрган», дедилар.
Мен уни ўн етти кунда ўргандим».
Бу ишларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга бўлган ишончларини оширди ва у зот бу закий инсонни ўзларига нозил бўлаётган Қуръони Карим оятларини ҳам ёзиб борадиган ваҳий котиби қилиб олдилар.
Одатда, Қуръони Каримдан қандоқ оят нозил бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга котибларни чақиринг» дер эдилар ва ҳозир бўлган котибларга янги оятларни ±здириб борардилар. Улар ўзлари муяссар бўлган нарсага уларни ёзиб қўяр эдилар. Энди эса, ўша ишга Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу кўпроқ таклиф қилинадиган бўлди.
Ана шундоқ қилиб, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Қуръони Карим оятларини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан янги тушган вақтида±қ қабул қилиб оладиган, уларни ёзиб қўядиган ва улар билан бирга вояга етадиган бўлдилар.
Албатта, бундоқ шароит Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни Ислом таълимотларини чуқур ўрганиб боришларига яхши шароит яратди. У киши бу шароитдан унумли фойдаландилар.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ваҳийларни ёзиб бориш билан бирга, ёдлаб ҳам борардилар. Ниҳоят, Қуръоннинг ҳаммасини ёдлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб чиққан ансорлардан бири бўлдилар.
Гоҳида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримдан тиловат қилиб ҳам берар эдилар.
Имом Бухорий ва бошқалар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ван Нажми»ни ўқиб бердим. Бас, у зот унда сажда қилмадилар».
Имом Дорақутний: «Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, биздан бирор киши сажда қилмади», деган жумлани зиёда қилган.
Эҳтимол, ваҳийни ёзишлари керак бўлгани учундир, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажралмай юрар эдилар. Бу гапнинг далили учун биргина ривоят келтирамиз:
Имом Бухорий ва бошқалар Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари у зотга тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда, деб одам юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам салом айтиб:
«Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Унинг наздида ҳар бир нарсанинг ажали белгилангандир. Сабр қилсин ва талаби савобда бўлсин», деб одам юбордилар. У (қиз) қасам ичиб, албатта, келсинлар, деб одам юборди. Бас, у зот турдилар. У зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам турдилар. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб олиб келинганда унинг жони мешга ўхшаб пўкиллаб қолган эди. Бас, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, бу нима?» деди.
«Бу, Аллоҳ бандаларининг қалбига солган раҳматидир. Аллоҳ фақат раҳмлик бандаларигагина раҳм қиладир», дедилар».
Музаффар Мухиддинов
таълим муассасаси ўқитувчиси